Уйда яшовчилардан бири уй атрофидаги ҳудудда жойлашган участкани иҳоталаб олди. Менинг ва бошқа қўшниларнинг ер участкасини ноқонуний тарзда эгаллаб олганлиги тўғрисидаги сўзларимизга: у биринчи қаватда яшаши, ер майдони ҳам унинг деразаси остидалиги сабабли бу ерда хоҳлаган нарсасини қуриши ёки экиши мумкинлигини, нимани хоҳласа шуни қила олишини айтди. У ҳақлими?
З.Абдуллаев,
Фарғона вилояти.
– Одатда, умумий ер участкаси ва ободонлаштириш элементларига эга бўлган битта ёки бир нечта ёнма-ён жойлашган уйларнинг мулкдорлари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУМШ)га бирлашадилар. Бундай бирлашишдан мақсад – уй-жой фондини биргаликда бошқариш ва уни сақлаб туриш, таъмирлашни таъминлаш, кўп квартирали уйда турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкидан фойдаланиш.
Қонунга кўра ер участкалари ширкатга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади.
Шу сабабли мазкур уй-жойга туташган умумий фойдаланишдаги ер кирадиган уй атрофидаги ҳудуд алоҳида фуқаронинг мулки бўла олмайди. У фойдаланиш ҳуқуқи билан ширкатнинг барча аъзоларига тегишлидир.
Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова) 30-бандига кўра уй атрофидаги ерларни ҳар хил ғовлар билан ўраб олиш, полиз экинлари экиш, боғ яратиш тақиқланади.
ХУМШингиз эътиборини дар-ҳол қўшнингиз ер участкасидан ўзбошимчалик билан фойдаланаётганлиги далилига қаратишингизни маслаҳат берамиз.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.