Norma.uz

Маслаҳатчиларни ким тайинлайди?..

Яқин ва олис хорижда катта шов-шувли ишларни судлар суд маслаҳатчилари иштирокида кўради деб эшитганман. Бизда ҳам суд маслаҳатчилари борми? Агар бор бўлса, уларни ким тайинлайди? Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай?
Андрей С.,

Тошкент юридик коллежи ўқувчиси.

 

– Ўзбекистонда суд масла­ҳатчилари йўқ. Бизда халқ маслаҳатчилари бор. Улар кимлардан танланиши ва нима билан шуғулланишларини тушунтирамиз.
Жиноят процессуал кодекси (ЖПК)га кўра жиноятлар уларнинг хусусияти ва ижтимоий хавф­лилик даражасига боғлиқ ҳолда қуйидагиларга бўлинади:
l ижтимоий хавфи катта бўл­маган;
l унча оғир бўлмаган;
l оғир;
l ўта оғир.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги ишлар судья томонидан якка тартибда, оғир ва ўта оғирлари ҳайъатда кўрилади. Иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни уч нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқади.
Одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар. Чунончи, масалан, улар суд терговининг исталган пайтида сўроқ қилинаётган шахсга саволлар беришга ҳақлилар.
25 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан 2,5 йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин. Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғи­лишларида очиқ овоз бериш йўли билан 1,5 йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин. Халқ маслаҳатчилари томонидан одил судловни амалга ошириш бўйича мажбуриятлар бажарилиши вақтида уларнинг асосий иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланади1.
Ҳар бир суд учун халқ масла­ҳатчилари сони Қорақал­поғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг жиноий ишлар бўйича судлари ва ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.
Жиноий ишлар бўйича ­судлар судьяларининг ­малака ҳайъатлари халқ маслаҳат­чиларини танлаш ва улар сайловини ҳамда уларни ўқитиш бўйича ишни ташкил қиладилар: халқ маслаҳатчилари сайлови устидан назоратни амалга оширадилар; уларни ўтказиш масалалари бўйича ариза ва шикоятларни кўриб чиқадилар; сайлов якунларини чиқарадилар; сайланган халқ маслаҳатчилари рўйхатларини тузадилар ва тасдиқлайдилар; уларга тегишли гувоҳномалар берадилар.
Халқ маслаҳатчиларининг рўйхатлари улар судьяларнинг малака ҳайъати томонидан тас­диқланганидан кейин тегишли ҳудудий судга юборилади.

СУД МАСЛАҲАТЧИЛАРИ
Суд маслаҳатчилари, халқ маслаҳатчиларидан фарқ қилиб, одатда аниқ жиноий ишларни кўриб чиқиш пайтида юзага келадиган барча масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар. Ўз ваколатларини улар сайланиш натижасида эмас, балки тасодифий танлаб олиш усули билан амалга ошириладиган танлаш якунлари бўйича оладилар.
Суд маслаҳатчилари судининг маъноси шундан иборатки, профессионал судья суд жараёнини ташкил этишни таъминлайди ва юритади, суд маслаҳатчилари эса (7 кишидан 15 кишигача, турли мамлакатларда – турлича) суд мажлисида тақдим этилган ва ўрганилган далил-исботлар асосида суд олдида жавоб бераётган шахснинг айбдорлиги ёки айбсизлиги тўғрисида қарор қабул қиладилар. Ҳимоя ва айб­лов тарафларини тинглаб, улар одатда қуйидаги саволларга жавоб берадилар:
1) судланувчи айбланаётган жиноятнинг содир этилганлиги исботланганми;
2) уни судланувчи содир этганлиги исботланганми;
3) у ана шу жиноятда айбдорми?
Суд маслаҳатчилари ҳайъати судланувчини айбдор эмас деб топганда судья оқлов ҳукми чиқаради. Айбдор деб топилганда судья жиноий ҳаракатларга юридик баҳо беради ва жиноят қонунчилиги доирасида жазо тайинлайди.
Суд тергови бошланишига қадар суд маслаҳатчилари қасамёд қиладилар. Одатда сўндирилмаган судланишга эга бўлмаган ва жамиятда бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган шахс­лар улар сирасига сайланадилар.

МДҲ МАМЛАКАТЛАРИ АМАЛИЁТИ
l Қозоғистонда биринчи инстанция судларида жиноят ишларини судьянинг якка ўзи кўради, ўта оғир жиноят ишларини эса айбланувчининг илтимосномасига кўра судья ва 10 нафар суд маслаҳатчиси таркиби кўради.
l Россия Федерациясида биринчи инстанцияда баъзи жиноят ишларини умумий юрисдикциядаги федерал суд судьяси ва 12 нафар суд маслаҳатчисидан иборат ҳайъат кўради, бироқ барибир айбланувчининг илтимосномаси керак бўлади.
l Беларусь Республикасида фу­қаролар одил судловни амалга ошириш бўйича суд фаолиятида халқ маслаҳатчилари сифатида иштирок этишга ҳақлилар. Жиноят ишларини ҳайъат асосида кўришни таркибида судья ва 2 халқ маслаҳатчиси бўлган суд амалга оширади. 25 ёшга тўлган, белорус ва рус тилларида сўзлаша оладиган Беларусь фуқаролари улар сифатида ишлай оладилар.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.

Прочитано: 2523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика