Norma.uz

ЎЗБЕКИСТОНДА ХОРИЖИЙ САРМОЯДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ КАФОЛАТЛАНГАН

«Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 10-моддасига ўзгартишлар киритишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини парламентда кўриб чиқиш учун тақдим этиш режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурот КАНЬЯЗОВ ЎзА мухбирига мазкур ҳужжатга киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди*.

 

 

– Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай инвестиция муҳи­ти, имтиёз ва преференциялар тизими яратилган, – деди Е.Каньязов. – Иқтисодиётимиз­га жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг йил­дан-йилга ўсиб бораётгани ҳам бундан далолат беради.

 

Президентимиз Ислом Кари­мов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демокра­тик ислоҳотларни янада чуқур­лаштириш ва фуқаролик жамия­тини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, иқтисодиётни ислоҳ қилиш бў­йича умумий ҳисобда 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари ­ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва ­ҳа­ётга жорий этилди. Уларнинг барчаси иқтисодиётимиз­ни янада либераллаштириш ва модернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайт­маслиги кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бундан ташқари, мамлакатимиз инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қи­лиш тўғрисида элликка яқин икки томонлама шартнома имзолади, ушбу соҳада қатор кўп томонлама халқаро-ҳуқу­қий ҳужжатларни ратификация қи­лди.

 

Инвестицияларни рағбатла­нтириш ва ҳимоя қилиш, инвес­тицияларга етказилган зарарни қоплаш, инвестицияларни хорижга эркин кўчириш масалаларини ўз ичига олган мазкур шартномалар инвестициялар билан боғлиқ низоларни ҳал этиш масалаларини ҳам тартибга солмоқда.

 

– Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этиш механизми нималардан иборат ва халқаро амалиётда бу борада қандай аниқ мисоллар бор?

 

– Узоқ муддатли хўжалик муносабатларини амалга ошириш жараёнида турли низолар юзага келиши мумкин.

 

Одатда, халқаро майдонда томонлар ўртасида чет эл инвестициялари билан боғлиқ барча низони улар ўртасида музокаралар ўтказиш, келишув мавжуд бўлмаган тақдирда эса инвестицияларни қабул қилувчи мамлакат судлари ёки халқаро ҳакамлар судида (арбитраж) кўриб чиқиш орқали ҳал этиш қабул қилинган. Бунда ҳар икки томоннинг ҳакамлар судига бундай низони тақдим этиш учун ёзма равишда розилик бериши ўзига хос хусусият ҳисобланади.

 

Давлатлар ва чет эллик шах­слар ўртасидаги ­инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги конвенциянинг 25-моддаси хал­қаро ҳакамлар судидан ёзма равишдаги розилик мавжуд бўлгандагина фойдаланиш му­мкинлигини тасдиқлайди. Унда Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш бўйича хал­қаро марказ аҳдлашаётган давлат ёки бошқа аҳдлашаётган инвестор ўртасида бевосита инвестициялар билан боғ­лиқ муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқий низоларни ҳал этиш, бунда низо иштирокчилари уни марказга кўриб чиқиш учун ёзма розилик берган тақдирдагина амалга ошириш ваколатига эга экани қайд этилган.

 

Бундай розилик, одатда, дав­латлар ўртасида тузиладиган шартномалар ёки инвестор ва ­инвестицияларни қабул қила­диган давлат ўртасидаги шартнома доирасида қайд этилади. Бу, шунингдек, ўз фуқароларини­нг бошқа давлат ҳудудидаги ­инвестицияларини ҳимоя қи­лиш, бундай шартномани тузишга интилаётган мамлакатларни рағбатлантиради. Барча ҳо­латда инвестицияларни қабул қилаётган давлатнинг маълум бир низони ҳакамлар судига бериш тўғрисидаги розилигини олиш мажбурий ҳисобланади.

 

– Ўзбекистонда инвес­тиция билан боғлиқ низолар қандай тартибда ҳал этилмоқда?

 

– Мамлакатимиз инвестиция­ларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида қатор шартномалар иштирокчиси ҳи­собланади. Бу шартномалар ­инвестиция киритиш бўйича қулай тартиб ўрнатишдан таш­қари, инвестицияларни қабул қилув­чи давлат билан низолар юзага келган ҳолатда инвесторнинг мулкка эгалик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга соладиган нормаларни ҳам ўз ичига олади. Хусусан, Ўзбекистон имзолаган қатор шартномаларда инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳакамлар судига Инвес­тиция билан боғлиқ низо­ларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (Вашингтон), Халқаро савдо палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлар суди (Париж), Стокгольм савдо палатаси ҳузуридаги Ҳакамлар суди (Стокгольм) қоидалари бўйича ёки бошқа мунтазам фаолият кўрсатадиган ҳакамлар суди ёхуд «ad hoc» ҳакамлар судига (маълум бир низоларни ҳал этиш учун махсус ташкил этиладиган ҳакамлар суди) тақдим этиш имконияти кўзда тутилган.

 

Бундан ташқари, инвесторлар инвестиция билан боғлиқ низоларни Ўзбекистон Респуб­ликаси билан маҳсулотни тақ­симлаш тўғрисида тузиладиган шартномалар, концессион ёки инвестиция шартномалари до­ирасида ҳал этиш тартибини кўзда тутиш имконига ҳам эга. Мамлакатимиз 1995 йилдан буён 1958 йил 10 июнда қабул қилинган Чет эл ҳакамлар суди қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги Нью-Йорк конвенцияси аъзосидир.

 

Шундай қилиб, Ўзбекистонда инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этишнинг умумэътироф этилган халқаро ҳуқуққа тўлиқ мос келадиган бир қанча йўналишлари мавжуд. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, айрим чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳани тартибга соладиган қонунчилигини нотўғри талқин қилаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 10-моддасида томонлар инвестициялар билан боғ­лиқ низони ҳал қилишга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартибларига мувофиқ ҳал этилиши лозимлиги  белгиланган.

 

Бундан кўриниб турибдики, ­юқори­да келтирилган норма фақат  инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этишнинг мумкин бўлган вариантларини белгилайди ва унда давлатнинг инвестиция билан боғлиқ маълум бир низони ҳакамлар судига тақдим этиши бўйича розилигини олиш кўзда тутилмаган.

 

Мазкур нормани тўғри шарҳ­лашни ­таъминлаш мақсадида Ўзбеки­стон Республикаси Конституциявий суди 2006 йил 20 ноябрда ушбу нормага расмий шарҳ берди.

 

Ушбу ҳужжатда Конституция­вий суд томонидан Қонуннинг 10-моддаси мамлакатимиз­нинг инвестиция билан боғлиқ ­муайян низони халқаро ҳакам­лар судига ҳал этиш учун тақдим этиш бўйича розилигини англатмаслиги аниқ изоҳлаб берилган.

 

– Қонуннинг 10-моддасига аниқликлар киритиш зарурати қандай асосларга эга?

 

– Конституциявий суд томонидан расмий шарҳ берилганига қарамай, афсуски, бугун айрим инвесторлар мазкур моддани нотўғри талқин қилаётган ҳолатлар учрамоқда. Улар буни Ўзбекистон Республикасининг инвестиция билан боғлиқ ҳар қандай низони ҳакамлар суди, масалан, Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга тақ­дим этишга розилиги сифатида қабул қилмоқда. Мазкур ҳолат чет эл инвестициялари оқими­ни таъминлашга интилаётган ҳар қандай давлат сингари Ўзбекистонни ҳам ташвишга ­солади, албатта. Зеро, мамлакатимиз истиқлолнинг дастлабки кунларидан ўз қонунчилигини имкон қадар қўллаш учун очиқ ва тушунарли бўлишга ҳаракат қилмоқда.

 

Шу муносабат билан жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қонун­нинг 10-моддасига ўзгартиш­лар киритишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини Олий Мажлисга кў­риб чиқиш учун тақдим этишни режалаштирмоқда. Чунончи, 10-модданинг биринчи қисми мамлакатнинг инвестиция билан боғлиқ муайян низони халқаро ҳакамлар судига ҳал этиш учун тақдим этиш бўйича розилигини англатмаслигига аниқлик киритиш кўзда тутилмоқда.

 

Бироқ бу Ўзбекистонда инвестиция билан боғлиқ ҳеч бир низо халқаро ҳакамлар судида кўриб чиқилмайди, дегани эмас. Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон қонунчилигида низоларни ҳакамлар судига давлатлар, давлат ва инвестор ўртасида тузиладиган икки томонлама шартномалар орқали тақдим этишга ёзма розилик беришнинг турли вариантлари кўзда тутилган.

 

Шуни алоҳида қайд этмоқ­чиманки, мазкур қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқишдан мақ­сад Қонун 10-моддасининг мазмунини ўзгартириш ёки чет эллик инвесторлар ҳуқуқларини чеклаш эмас, балки унга аниқ­лик киритишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикасининг розилик бериш масаласи ҳар бир ҳолатда кўриб чиқилиши ва бу розилик ёзма равишда ифодаланиши керак. Шундай экан, мамлакатимиз халқаро ҳакамлар судига розилик бериши учун бу ҳолат унинг икки томонлама ёки кўп томонлама инвестиция шарт­номалари ёхуд битимларида қайд этилиши лозим.

 

– Қонун лойиҳасида чет эллик инвесторлар учун қандай афзалликлар кўзда тутилган?

 

– Таклиф этилаётган ва чет эллик инвесторлар манфаатларини тўлиқ ифода этадиган мазкур қонун лойиҳаси уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ва Ўзбекистон билан муносабатларда бирон-бир ноаниқликларни истисно этувчи қонунчилигимизни улар томонидан тўғри тушунилишини таъминлашга қаратилган. Мазкур Қонун лойиҳаси чет эл инвестициялари соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг асосий стандартларига мос келади. Зеро, бу стандартлар давлатни чет эллик инвесторлар билан муносабатларда очиқ-ошкора ҳа­ракат қилиши, жумладан, улар инвестиция фаолиятини тартибга соладиган барча қоида ҳамда нормалардан олдиндан хабардор қилишни таъминлайди.

 

Таклиф этилаётган ўзгар­тишлар миллий қонунчили­гимиз­нинг очиқ-ошкоралигини ва Ўзбекистон Республикасига сармоя киритган ёки киритиш ниятида бўлган чет эллик инвесторлар унинг қоидаларини тўғри тушунишини таъминлашга ёрдам беради, бинобарин мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

 

*Материал қисқартирилган ҳолда тақдим этилмоқда.

 

 

ЎзА мухбири М.МАМЕТОВА

суҳбатлашди.

Прочитано: 2536 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика