Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 15 / Мутахассислар тушунтиради

Солиқ солинадиган ва озод этилган айланма мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади

 

Алоҳида-алоҳида ҳисоб нима учун зарур

Агар сизда ҚҚС солинадиган ёки озод этилган айланмалар мавжуд бўлса, уларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг (СК 80-м.). Алоҳида-алоҳида ҳисобни:

● товар (хизматлар) реализацияси бўйича;

● товар (хизматлар) хариди бўйича юритинг.

Бу сизга бюджетга тўланадиган ҚҚСни тўғри ҳисоблаш учун зарур. Бунинг учун солиқ солинадиган барча айланмадан солиқни ҳисобланг ва ҳисобга олишингиз мумкин бўлган ҚҚС суммасини аниқланг.

 

Умумий қоидага кўра ҚҚС товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш чоғида товарлардан (хизматлар) фойдаланилганда реализация қилиш бўйича айланмага, шу жумладан ноль ставка бўйича ҚҚС солиниши лозим бўлганда ҳисобга олинади.

 

ҚҚСдан озод этилган товар ва хизматлар СК 243–245-моддасида келтирилган.

Реализация бўйича айланманинг алоҳида-алоҳида ҳисоби – бу ҳисобга олинадиган ҚҚСни тақсимлаш учун асос. Алоҳида-алоҳида ҳисоб маълумотлари асосида бухгалтер сотиб олинган товар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммасининг қанча қисми солиқ солинадиган айланмага, шу жумладан ноль ставка бўйича ҳамда озод этилган айланмага тегишлилигини аниқлайди. Биринчи қисмини ҳисобга олиш мумкин, иккинчисини эса сотиб олинган товар ва хизматларнинг қийматига киритиш лозим.

 

Реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб тан олинмайдиган хизматлар бўйича олинган товар (хизмат)лар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган), ушбу айланмада фойдаланилган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз (СК 266-м. 2-қ.). Бу ҳисобга олиш мақсадида бундай айланмани солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилганлигини англатади.

 

МИСОЛ. Реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб тан олинмайдиган хизматлар кўрсатилганда ҚҚСни ҳисобга олиш

Ўзбек қурилиш компанияси Қозоғистонда қозоқ корхонаси билан тузилган шартнома асосида савдо мажмуасини қурмоқда.

Бу ҳолатда хизматлар кўчмас мулк (қурилиш объекти) билан боғлиқ. Шунинг учун уларни реализация қилиш жойи ушбу мулкнинг жойлашган жойи бўйича аниқланади. Қурилиш ишлари Қозоғистонда олиб борилаётгани боис қурилиш ишлари амалга ошириладиган жой Ўзбекистон эмас. Тегишинча, ўзбек корхонаси уларнинг қийматига ҚҚС ҳисобламайди. Бироқ Ўзбекистонда харид қилинган ва шу айланмада фойдаланиладиган товар ва хизматлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олса бўлади.

ҚҚС бўйича ҳисоботда мазкур айланма «хизматлар экспорти (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида)» туридаги стандарт бир томонлама ҳисобварақ-фактура асосида ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 020-сатрида акс эттирилади (ДСҚ қарорига 1-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.).

Ноль ставка бўйича солиққа тортиладиган товарларни экспорт қилиш айланмасида фойдаланиладиган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС Ўзбекистон банкларидаги ҳисобрақамларингизга тушган валюта тушуми суммасининг улуши сифатида ҳисобга олинади.

Агар товарларни воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик шартномаси (топшириқ) бўйича экспорт қилсангиз ва шартномада экспорт тушуми воситачининг (ишончли вакил) ҳисобига тушиши назарда тутилган бўлса, унинг ҳисобига келиб тушган валюта тушуми суммасини ҳисобга олинг (СК 266-м. 1-қ.).

 

Виждонли солиқ тўловчилар ҚҚСни ҳисоблашда келиб тушган валюта тушумини ҳисобга олмаслик ҳуқуқига эга.

Экспортёрни интизомли солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мумкин, агар у:

● ўтган йил учун валюта тушуми ўз вақтида (товарлар «экспорт» божхона режимидан чиқарилган кундан бошлаб 180 календарь кун давомида ) тушишини таъминлаган бўлса;

● экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаса.

 

Реализация бўйича айланмаларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби қандай юритилади

ҚҚС айланмасидан озод этилган ва солиқ солинадиган айланмани алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишнинг қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган методикаси йўқ. Шунинг учун бундай айланмаларни ажратувчи турли тартибларда амалга ошириш мумкин. Мисол учун даромадлар ҳисоби юритиладиган счётлар таркибида солиқ солинадиган ва озод этиладиган айланмаларни махсус субсчётларда ҳисобга олинг. Шунингдек, аналитик ҳисоб (махсус қайдномалар, жадваллар, маълумотномалар ва б.) маълумотларидан ёки тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ҳисоби журнали ёки сотиш Реестри маълумотларидан фойдаланиш мумкин.

 

«Кирувчи» ҚҚСнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби қандай юритилади

«Кирувчи» ҚҚСни уч гуруҳдаги товар (хизмат)лар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобини ташкил этинг:

● ҚҚС солинадиган айланмада фойдаланиладиган;

● ҚҚСдан озод этилган айланмада фойдаланиладиган;

● солиқ солинадиган ва озод этилган айланмада фойдаланиладиган.

Сотиб олинган товарлар ва хизматлар қуйидагиларда фойдаланилганда улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишингиз:

● ҚҚС солинадиган, шу жумладан ноль ставка бўйича айланма билан боғлиқ фаолиятда (СК 266-м. 1-қ. 1-б.);

● ташкилот ўз эҳтиёжлари учун фойдаланганда ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатлар сифатида қаралганда (СК 267-м. ­1-қ.7-б.);

● Қуйидаги ҳолларда «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олманг, балки харид қийматига киритинг (СК 267-м.);

● ҚҚСдан озод этилган реализация қилиш бўйича айланмада фойдаланиладиган асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар ҳамда асосий воситаларни, кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун товар ва хизматлар сотиб олинганда;

● ҚҚСдан озод этилган реализация қилиш айланмада фойдаланиладиган товар ва хизматлар сотиб олинганда;

● вакиллик харажатлари сифатида қараладиган товар ва хизматлар;

● бепул олинган товар ва хизматлар. Агар сиз уларни чет эл шахсларидан олган ва олиш пайтида солиқ тўлаган бўлсангиз – бундан мустасно;

● ўз эҳтиёжларингиз учун сотиб олган товар ва хизматлар, фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатлар (СК 317-м.);

● енгил автомобилларни, мотоциклларни, вертолётларни, моторли қайиқларни, самолётларни, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турларини ва улар учун ёқилғи, агар уларни сотиб олиш сиз амалга ошираётган фаолият турига боғлиқ бўлмаса;

● алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, агар уларни сотиб олиш сиз амалга ошираётган фаолият турига боғлиқ бўлмаса.

Агар бир пайтнинг ўзида солиқ солинадиган ва озод этилган айланмани амалга оширсангиз, «кирувчи» ҚҚСни тақсимлаш лозим.

Солиқ солинадиган ва озод этилган айланма мавжуд бўлганда ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини қуйидаги усуллардан бири бўйича аниқлаш мумкин (СК 268-м.):

● алоҳида-алоҳида;

● мутаносиб.

Ўз фаолиятингиз хусусиятидан келиб чиқиб, ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш усулини танланг. Уни ҳисоб сиёсатингизда албатта белгилаб қўйинг ва календарь йил давомида ўзгартирманг.

 

ҚҚС бўйича ҳисоботни тўлдиришда ҚҚС тўловчиси ҳақида маълумотларда танланган «кирувчи» ҚҚСни тақсимлаш усули – алоҳида-алоҳида ёки мутаносиб усулни белгилашни унутманг. Ушбу белгилашни амалга оширмай туриб ҳисоботни юбориб бўлмайди. Январь ойи ҳисоботини тақдим этишда танланган усулни йил якунига қадар ўзгартириш мумкин эмас.

 

«Кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг алоҳида-алоҳида усулини қўллаш

Агар олинган товар ва хизматларни солиқ солинадиган ёки озод этилган айланмада фойдаланиладиган қисмларини олдиндан билсангиз, алоҳида-алоҳида усулдан фойдаланинг. Реализация бўйича ҚҚС солинадиган айланма билан боғлиқ ишлаб чиқариш фаолиятида ва (ёки) сотишда фойдаланиладиган товар (хизмат)лар бўйича ҚҚС суммасини айланма солиқ солишдан озод этилган фаолиятда фойдаланганларидан алоҳида-алоҳида ҳисобга олинг. Бунда алоҳида-алоҳида ҳисобга олишнинг имкони бўлмаган умумий харажатлар бўйича мутаносиб усулни қўлланг. Одатда буларга корхонанинг умумий фаолиятига тааллуқли бўлган умумишлаб чиқариш ва умумхўжалик харажатлари киради. Мутаносиб усулга кўра ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини реализация бўйича умумий айланмада солиқ солинадиган айланманинг (солиқларсиз) улушидан келиб чиқиб аниқланг. Реализация бўйича айланмани жорий календарь йили давомида ўсиб борувчи якун билан ҳисобга олинг.

Мутаносиб усулни қўллаганда ҳисобга олинмаган ҚҚС суммасини фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатларга киритинг (СК ­268-м. 5-қ.).

Айланмаси солиқ солишдан озод этилган фаолиятида фойдаланиш учун сотиб олинган товар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммасини ушбу товар ва хизматлар суммасига киритинг.

 

МИСОЛ. Корхона томонидан ҳисобга олинадиган ҚҚСнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби қўлланилиши

ҚҚС тўловчиси бўлган корхона ҚҚСдан озод этилган санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини, шунингдек ҚҚС солинадиган жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатади (СК 243-м. 1-қ. 14-б.).

Ҳисобот ойида фаолият учун 22 400 минг сўм, шу жумладан ҚҚС 2 400 минг сўм бўлган материаллар сотиб олинди. 17 920 минг сўмлик (шу жумладан ҚҚС – 1 920 минг сўм) материаллардан санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш учун фойдаланилди. Қолган 4 480 минг сўмлик (шу жумладан ҚҚС – 480 минг сўм) материаллар жисмоний тарбия ва спорт хизматлари учун фойдаланилди.

Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш учун корхона алоҳида-алоҳида усулни қўллайди.

Ҳисобот ойида ишлаб чиқариш ва маъмурий бино ижара харажатлари 5 600 минг сўм, шу жумладан ҚҚС – 600 минг сўмни ташкил этган. Йил бошидан буён умумий айланмадаги ҚҚС солинадиган айланманинг улуши 30%ни, озод этилган айланма улуши 70% ташкил этган. Демак, ташкилот ижара бўйича 180 минг сўм (600 х 30%) ҚҚСни ҳисобга киритиши мумкин.

Жами 660 минг сўм ҳисобга олинади: солиқ солинадиган айланмада фойдаланилган материаллар бўйича – жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатишдан – 480 минг сўм, ижара бўйича – 180 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисобида материаллар ва ҚҚС бўйича солиқ солинадиган ва солиқдан озод этилган айланмалар ҳамда умумий харажатларни акс эттириш учун алоҳида субсчёт очинг. Материалларни сотиб олиш ва улар бўйича алоҳида-алоҳида усулдан фойдаланилганда ҚҚСни қуйидагича акс эттиринг:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар

корреспонденцияси

дебет

 

кредит

 

ҚҚС солинадиган айланма фаолиятда – санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган материаллар сотиб олинди

 

4 000

 

1091

 

6010

 

ҚҚС солинадиган айланма учун сотиб олинган материаллар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинди

 

480

 

4411

 

6410

 

4411

 

ҚҚСдан озод этилган айланма фаолиятда – жисмоний тарбия ва спорт хизматларида фойдаланиладиган материаллар сотиб олинди

 

17 920

 

1092

 

6010

 

Ишлаб чиқариш ва маъмурий бино бўйича ижара харажатлари акс эттирилди

 

5 000

 

2510

9420

6910

 

Ижара бўйича ҚҚС акс эттирилди

 

600

 

4412

 

Солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган ижара бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинди

 

180

 

6410

 

4412

 

Солиқ солишдан озод этилган айланмага тўғри келадиган ижара бўйича ҚҚС суммаси харажатга киритилди (600 – 180)

 

420

 

2510

9420

4412

 

 

«Кирувчи» ҚҚСни мутаносиб усулда тақсимлашни қўллаш

Агар сиз олинган товар ва хизматлар ҚҚС солинадиган айланмада ёки солиқдан озод этилган айланма фаолиятда қандай ҳажмда фойдаланилишини аниқ ажрата олмасангиз барча сотиб олинган товар ва хизматлар бўйича «кирувчи» ҚҚСни мутаносиб тақсимлаш усулидан фойдаланинг. Солиқни ҳисобга олманг, уни фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатларга киритинг (СК 268-м. 5-қ.).

 

МИСОЛ. Корхона томонидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлашнинг мутаносиб усули қўлланилиши

ҚҚС тўловчиси бўлган қурилиш ташкилоти қуйидаги ишларни бажармоқда:

● ҚҚС солинадиган қурилиш-монтаж;

● аҳоли томонидан уй-жой мулкдорлари ширкатлари орқали ҳақ тўланадиган ва ҚҚСдан озод этилган уй-жой фондини таъмирлаш бўйича (СК 243-м. 1-қ. 16-б.).

Ҳисобот ойида ташкилот 56 000 минг сўмга материаллар сотиб олди, шу жумладан ҚҚС 6 000 минг сўм.

Йил бошидан буён жами сотишдан соф тушум 120 000 минг сўмни ташкил этган, шу жумладан:

ҚҚСдан озод этилган айланма – 36 000 минг сўм; ҚҚС солинадиган айланма – 84 000 минг сўм, ҳисобланган ҚҚС 10 080 минг сўм (84 000 х 12%).

Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш учун ташкилот мутаносиб усулдан фойдаланади.

ҚҚС солинадиган айланма улуши 70%ни (84 000 / 120 000 х 100) ташкил этган. Демак, корхона сотиб олинган товарлар бўйича 4 200 минг сўм (6 000 х 70%) миқдорида ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин.

Бухгалтерия ҳисобида мутаносиб усулда ҚҚСни тақсимлашни қуйидагича акс эттиринг:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар

корреспонденцияси

дебет

 

кредит

 

Қурилиш материаллари харид қилинди

 

50 000

 

1050

 

6010

 

Сотиб олинган қурилиш материаллари бўйича ҚҚС акс эттирилди

 

6 000

 

4410

 

Солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳисобга олинди

 

4 200

 

6410

 

4410

 

Озод этилган айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси харажатларга киритилди (6 000 – 4 200)

 

1 800

 

2010

 

 

 

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт,

Ирина АХМЕТОВА, «Норма» эксперти.

Прочитано: 67 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика