Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2024 год / № 08 / Расмий ҳужжатлар

«Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

2023 йил 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида:

1. Савдо-саноат палатаси, Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг 2024 йил 1 февралдан бошлаб қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини (кейинги ўринларда – рейтинг) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

а) рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади:

«ААА», «АА» ва «А» тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;

«ВВВ», «ВВ» ва «В» тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;

«ССС», «СС» ва «С» тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;

«D» тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги;

б) рейтинг Солиқ қўмитасининг «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида (кейинги ўринларда – платформа) идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;

в) юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши) таклифига асосан ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига тавсия этилади.

3. Савдо-саноат палатаси Солиқ қўмитаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда рейтинг кўрсаткичлари мезонлари бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиб, унинг солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин.

4. Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилсин:

а) «ААА» тоифадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно), шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади;

б) 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган «АА» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 15 фоиз миқдоридаги дастлабки тўлов бирйўла амалга оширилганда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланмайди ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш муддати 5 йилгача узайтирилади;

в) «А» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига:

солиқлар бўйича (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно) мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш уч кун муддатда амалга оширилади;

товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.

5. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур қарорнинг 4-бандида назарда тутилган рағбатлантириш чоралари давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди;

2024 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференцияларни тақдим қилишнинг янгиланган тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Платформанинг 2024 йил 1 февралдан тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш мақсадида:

Олий суд ўзининг ахборот тизимлари платформага интеграция қилинишини таъминласин;

Солиқ қўмитаси Савдо-саноат палатасига платформадан фойдаланиш ҳуқуқини берсин;

Савдо-саноат палатаси рейтинг маълумотларини ҳамда келиб тушаётган мурожаатларга тезкор жавоб берилишини мониторинг қилиб борсин ва маълумотларнинг очиқлигини таъминласин.

7. Жамоатчилик кенгашининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Жамоатчилик кенгаши аъзоларини ҳудудлар ва соҳаларга бириктирган ҳолда, 2024 йилнинг I чорагида тадбиркорлик субъектларига рейтинг тизими ва унинг имкониятларини ўргатиш бўйича семинарлар ўтказиш;

ҳар ҳафта мустақил экспертлар, мутахассислар ва аҳолининг фикри ва муносабатини акс эттирувчи таҳлилий ток-шоулар, мунозаралар, брифинглар, савол-жавоблар, видеороликлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

рейтинг натижаларини ҳудудлар, соҳалар ва тоифалар кесимида ҳар чоракда Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиш ва аниқланган тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларни киритиб бориш.

8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини юритиш тартибини тасдиқласин.

9. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги мазмун-моҳиятини ёритиш ва уни жорий этишнинг ташкилий масалаларини ҳал этиш бўйича «йўл харитаси» иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

10. Савдо-саноат палатаси Солиқ қўмитаси ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда:

а) ҳар ҳафта тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказиб, ўрта, қониқарли ва қуйи барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектларининг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича уларга тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиб борсин;

б) ҳар чоракда:

юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўғрисида видеороликлар ва ташвиқот материалларини тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борсин ва маҳаллаларда тарғибот тадбирларини амалга оширсин;

юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари иштирокида умумий, ўрта махсус ва олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ёшлар учун ўқув курслари ва маҳорат дарсларини ташкил қилсин;

в) ҳар йили рейтинг кўрсаткичлари мезонлари ва уларни баҳолаш методикасини рейтинг натижаларининг холислигини таъминлаш нуқтаи назаридан Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида таҳлил қилиб, уларни такомиллаштириб борсин.

11. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритсин.

12. Солиқ қўмитаси Савдо-саноат палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 23 январь

ПҚ-39-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.01.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 233 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика