Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2024 год / № 01 / Расмий ҳужжатлар

«Алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома ҳамда давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламентларини тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 25 мартдаги ПҚ-102-сон қарорига мувофиқ давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирага (уйнинг бир қисмига) мулк ҳуқуқини эътироф этиш ваколати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра 2024 йил 1 июлдан бошлаб хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан берилади.

3. Давлат активларини бошқариш агентлиги:

«Ўзархив» агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларида хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш бўйича шаклланган ҳужжатлар базасини (архивини) тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига топширсин;

«Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази» ДУКни Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказсин. Бунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2025 йил 1 январга қадар ушбу корхонани тугатиш орқали унинг вазифалари туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

туман (шаҳар) ҳокимликларининг хусусийлаштирилган уй-жойларга давлат ордерлари ва улар бўйича маълумотномалар бериш ишларини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш юзасидан зарур чоралар кўрсин;

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш бўйича шакллантирилган ҳужжатлар базаси (архиви) рақамлаштирилишини ҳамда тегишли идоралараро электрон тизимлар билан интеграция қилинишини таъминласин. Бунда ҳужжатлар базасини (архивини) рақамлаштириш ва бошқа бинога кўчириш харажатлари туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.

5. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2024 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилсин:

алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;

давлат хизматини туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали кўрсатиш тартиби;

давлат хизмати йиғим ундирилмасдан кўрсатилишини;

б) Давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2024 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин:

нодавлат юридик ёки жисмоний шахслар томонидан давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;

давлат хизматини Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўрсатиш тартиби;

давлат хизмати йиғим ундирилмасдан кўрсатилишини.

6. Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда туман (шаҳар) ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ва ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашга йўналтирилган ўқув-амалий семинарлар ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласин.

7. Рақамли технологиялар вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар:

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш имконияти яратилишини;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларига мувофиқ давлат хизматларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин.

8. Адлия вазирлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан уларнинг фаолияти доирасида давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича, жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари талаблари бузилган ҳолларда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазолар қўлласин.

9. Давлат активларини бошқариш агентлиги:

бир ой муддатда Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳасини;

2025 йил 1 январга қадар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш тартибига риоя этилишини таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж.Ташкулов ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ­А.Ж.Ортиқов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 27 ноябрь

627-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 27 ноябрдаги 627-сон қарорига

1-ИЛОВА

АЛОҲИДА УЙ-ЖОЙНИ (КВАРТИРА, УЙ, КВАРТИРАНИНГ ЁКИ УЙНИНГ БИР ҚИСМИНИ) ХУСУСИЙЛАШТИРИШГА РОЗИЛИК БЕРГАН ШАХСЛАР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТНОМА БЕРИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШНИНГ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Регламент алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Маълумотнома ушбу Регламентга 1-иловага** мувофиқ схема бўйича берилади.

3. Мазкур Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи – хусусийлаштирилган турар жой мулкдори, унинг оила аъзолари ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкдор номидан вакиллик қилиш ваколати берилган шахс, шунингдек, хусусийлаштиришга розилик берган шахс;

алоҳида уй-жой, квартира – давлат мулкида бўлиб хусусийлаштирилган алоҳида уй-жой, квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисми;

ваколатли орган – туман (шаҳар) ҳокимлиги;

сўровнома – мазкур Регламентга 2-иловага** мувофиқ алоҳида уй-жой, квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш учун сўровнома шакли;

маълумотнома – мазкур Регламентга 3-иловага** мувофиқ алоҳида уй-жой, квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида QR-код (матрик-штрихли код) билан тасдиқланган маълумотнома шакли.

4. Алоҳида уй-жой, квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати Давлат хизматлари маркази томонидан ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали ваколатли орган билан ҳамкорликда кўрсатилади.

5. Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП ҳамда ваколатли орган ўртасида ахборот алмашинуви идоралараро электрон тизимлар орқали 1 иш соати мобайнида амалга оширилади.

6. Мазкур Регламент нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан «ягона дарча» тамойили бўйича хусусийлаштирилган турар жойни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлашда хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ҳақида маълумотнома олишга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

7. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

8. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда – Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса – мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

алоҳида уй-жой, квартира мулкдори эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;

мулкдорнинг оила аъзоси бўлган тақдирда, ушбу фактни тасдиқловчи ҳужжат (мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан бирга);

вакилнинг ваколатини тасдиқлайдиган ишончнома.

9. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани идентификация қилишнинг замонавий воситалари (мобил-ID тизими, электрон имзо, дактилоскопия ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

10. Ариза берувчи томонидан сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

11. Ваколатли орган келиб тушган сўровномани 1 иш соати мобайнида кўриб чиқади.

12. Ваколатли орган томонидан сўровномада хато ва камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш учун тегишли изоҳлар билан Давлат хизматлари марказига, ЯИДХП орқали мурожаат этилганда – ариза берувчига қайтаради.

13. Ариза берувчи томонидан хато ва камчиликлар бартараф этилмаган ёки сўровнома такроран хато ва камчиликлар билан юборилган тақдирда, ваколатли орган сўровномани кўриб чиқишни рад этади.

Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.

14. Ваколатли орган томонидан сўровномани текшириш жараёнида хато ва камчиликлар аниқланмаган тақдирда, маълумотнома Давлат хизматлари марказига, ЯИДХП орқали мурожаат этилганда – ариза берувчига юборилади.

15. Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

16. Давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан ЯИДХП орқали, доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.

18. Ариза берувчи маълумотнома бериш асоссиз рад этилганда, шунингдек, ваколатли орган ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

19. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

ЎзР ВМнинг 2023 йил 27 ноябрдаги 627-сон қарорига

2-ИЛОВА

ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ УЧУН БУЮРТМАНОМА БЕРИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШНИНГ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Регламент нодавлат юридик ёки жисмоний шахс томонидан давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Мазкур Регламент давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирани (уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага** мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.

3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи – давлат мулки объектларини хусусийлаштириш юзасидан ариза берувчи нодавлат юридик ёки жисмоний шахс;

буюртманома – давлат мулки объектини сотиш учун мазкур Регламентга 2 ва 3-иловаларга** мувофиқ тегишли буюртманома шакли;

ваколатли орган – Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари;

давлат мулки объекти – давлат кўчмас мулк объектлари, хўжалик жамиятлари устав фондидаги (капиталидаги) давлатга тегишли бўлган улушлар (акциялар);

хабарнома – ваколатли орган мансабдор шахслари томонидан QR-код (матрик-штрихли код) билан тасдиқланган хабарнома шакли.

4. Давлат мулки объектини хусусийлаштириш юзасидан ариза берувчи давлат мулки объектини сотиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали буюртманома бериши мумкин.

5. Давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда – ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаган ҳолда, фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш орқали амалга оширилади.

6. Ариза берувчи ўзининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан (юридик шахслар жойлашган манзилидан) қатъи назар, исталган Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки ЯИДХП орқали буюртманома бериши мумкин.

 

2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

7. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

8. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса – мустақил равишда ушбу Регламентга 2 ва 3-иловаларга мувофиқ шаклдаги тегишли буюртманомани электрон тарзда тўлдиради.

Бунда буюртманомалар:

юридик шахс номидан ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклда раҳбар ёки унинг вакили томонидан;

жисмоний шахс номидан ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда ариза берувчининг ўзи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак.

9. Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этганда буюртманома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг реал вақт режимида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, буюртманома автоматик тарзда ваколатли органга келиб тушади.

10. Буюртманома ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида кўриб чиқилади.

11. Ваколатли орган томонидан буюртманомада хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш учун тегишли изоҳлар билан Давлат хизматлари марказига (ЯИДХП орқали мурожаат этилганда – ариза берувчига) қайтаради.

12. Ариза берувчи томонидан хато ва камчиликлар бартараф этилмаган ёки буюртманома такроран хато ва камчиликлар билан юборилган тақдирда, ваколатли орган буюртманомани кўриб чиқишни рад этади.

Буюртманомани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

13. Ваколатли орган томонидан буюртманомада хато ва камчиликлар аниқланмаган тақдирда, 5 иш куни ичида ушбу Регламентга 4-иловада** мувофиқ шаклда хабарномани Давлат хизматлари марказига (ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда – ариза берувчига) юборади.

14. Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

 

3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

15. Давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан ЯИДХП орқали, доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.

17. Ариза берувчи буюртманома бериш асоссиз рад этилганда, шунингдек, ваколатли орган ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

18. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.11.2023 йилдан кучга кирди.

**Регламентларга иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 78 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика