Norma.uz
Газета СБХ / 2023 год / № 47 / Назорат

Суд-солиқ экспертизасини ўтказиш тартиби ва унда ҳал этиладиган масалалар

 

Экспертизани такроран ўтказмаслик мақсадида суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси олдига қўйилаётган саволлар экспертизани тўлиқ ўтказиш учун етарли даражада бўлиши лозим. 

 

Ҳал қилиниши суднинг ваколатига кирувчи ҳуқуқий тусдаги саволлар эксперт олдига қўйилиши мумкин эмас.

Эксперт ечимига қўйиладиган жамият томонидан солиқлар тўғри ҳисобланиши, солиқ текширувида аниқланган умумий солиқ қонунчилигига риоя этилганлиги бўйича аниқланган барча ҳолатлар асослилигини, қўшимча солиқлар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти бўйича тузилган хўжалик операцияларини акс эттирувчи бирламчи ҳужжатлар корхонанинг бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилишини, уларни солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларида тўғри юритилганлигини текшириш учун ҳисобни тиклаган ҳолда тафтиш ҳаракатларини ўтказишни талаб этганлиги ёки текширувчи бажарган барча ҳаракатларни қайта бажаришни талаб этадиган саволлар янгидан текшириш ўтказишни талаб этганлиги сабабли эксперт-иқтисодчининг ваколати доирасига кирмайди. Эксперт томонидан фақат текширув жараёнида амалга оширилган услублар солиқ қонунчилиги доирасида бажарилганлиги ва аниқланган натижалар ҳужжатлар билан асослантирилганлигига иқтисодий жиҳатдан баҳо берилади.

Суд-солиқ экспертизасини бажариш жараёнини қуйидаги асосий тўрт босқичларга ажратиш мумкин:

тайёрлов босқичи. Тайёрлов босқичида эксперт суд-солиқ экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) билан танишади, унинг ечимига қўйилган масалаларни аниқлаб олади, тадқиқот объектларини дастлабки экспертлик кўригидан ўтказади. Бу босқичда эксперт ўз ечимига қўйилган саволларни ўрганишда уларни суд-солиқ экспертизаси мутахассислигига мувофиқлигини, уларни ечиш учун махсус билим талаб этилишини, саволларни ечиш учун тадқиқот объектлари тўлиқ ҳажмда тақдим этилганлигини аниқлаб олиши лозим. Ишнинг барча материаллари тақдим этилган ҳолатда эксперт тақдим этилган материаллар ҳажмидан тадқиқот предметига тааллуқлисини танлаб олади ва мазкур тадқиқотни ўтказиш учун қўлланиладиган экспертлик тадқиқоти усулларини аниқлаштиради;

тақсимлаш босқичи. Мазкур босқичда экспертизага тақдим этилган объектларни ажратган ҳолда эксперт бюджетга тўланиши лозим бўлган аниқ солиқ суммасини аниқлашга ёрдам берадиган солиққа тортишга асос бўлган ҳужжатларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганади;

таққослаш тадқиқот босқичи. Бу босқичда иккинчи босқичда олинган натижалар солиқ тўловчининг бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларига кўра ҳисобланган ва тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлари билан солиштирилади;

умумлаштириш, тадқиқот натижаларини баҳолаш ва хулосани ифода қилиш босқичи. Якуний босқичда иккинчи ва учинчи босқичда олинган натижалардан келиб чиқиб, якуний натижалар шакллантирилади ва эксперт хулосаси тайёрланади.

Хулоса ва якунлар тадқиқот натижаларини баҳолашдан иборат бўлиши ва қўйилган саволларга жавоблар қисқа, аниқ ва лўнда ифодаланиши лозим.

Бу борада экспертлик амалиётидан мисолларни кўриб чиқсак бўлади.

Маъмурий суд иши бўйича тайинланган суд-солиқ экспертизаси ечимига ўтказилган солиқ аудити натижаси бўйича расмийлаштирилган далолатномада қўшилган қиймат солиғи бўйича қўшимча солиқ суммаси асослилигини аниқлаш масаласи қўйилган. Таъкидлаш лозимки, савол шартидан келиб чиқиб, эксперт томонидан ўз ваколати доирасида далолатномада текширув давомида аниқланган ҳолатларнинг асослилиги шарти билан улар бўйича қўшимча солиқларнинг ҳисобланиши Солиқ кодексининг талабларига мувофиқлиги, яъни қўшимча солиқлар ҳисобланишининг услубий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан тадқиқотлар олиб борилади. Далолатномада қўшимча солиқ ҳисобланишига сабаб сифатида жамият томонидан қўшилган қиймат солиғи базасини аниқлашда реализация қилиш бўйича айланма суммасига ишчи ва хизматчиларга жамиятга тегишли бўлган овқатланиш шохобчасида овқат тайёрланиб, ишчиларга иш ҳақи ҳисобидан тарқатилган озиқ-овқат қиймати киритилмаганлиги кўрсатилган.

Бу масалада жамият позицияси қуйидагича: ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона солиқ бўйича солиқ ҳисобланганлиги ва тегишли ушланмалар амалга оширилганлиги сабабли қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиши ноўрин. Ёки ишчиларга иш ҳақи ҳисобидан тарқатилган озиқ-овқат қийматига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланса, ҳисобланган иш ҳақига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона солиқ ҳисобланмаслиги лозим.

Жисмоний шахсларга иш ҳақини тўлаш ҳисобига берилган товарлар қиймати қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш мақсадида товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади (СК 239-м. 4-қ. 5-б.).

Қўшилган қиймат солиғи ҳисобланган овқатланиш қиймати ходимларнинг маошидан ушлаб қолинади, шунинг учун корхона фақат овқатланиш ташкилотчиси бўлиб, ҳеч қандай иқтисодий зарар кўрмайди.

Мазкур масала бўйича ўтказилган тадқиқотга кўра, амалдаги солиқ нормасига кўра солиққа тортиш мақсадида ходимларга иш ҳақи ҳисобидан ташкил этилган овқатланиш билан боғлиқ озиқ-овқат харажатлари қийматига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланиши белгиланганлиги аниқланган ҳамда ўтказилган солиқ текшируви бўйича расмийлаштирилган далолатномада қўшилган қиймат солиғи бўйича қўшимча солиқ ҳисобланганлигини услубий жиҳатдан асосли деб ҳисоблаш мумкинлиги тўғрисида эксперт хулосаси тузилган.

Суд томонидан Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш тўғрисидаги қарорида ундиришга кўрсатилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича қўшимча солиқ ҳисобланиши асослилигини аниқлаш мақсадида суд-солиқ экспертизаси тайинланган.

Иш материалларидан аниқланишича, қўшимча солиқ ҳисобланишига сабаб таъсисчига йил натижаси бўйича ҳисобланган дивиденд суммаси таъсисчининг жамият устав капиталидаги улушини кўпайтиришга йўналтирилган бўлиб, бунда дивиденд суммасига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланмаган.

Ўтказилган тадқиқотларга кўра, амалдаги солиқ қонунчилиги талабларига биноан жамият солиқ агенти сифатида тўлов манбаида таъсисчи бўлган ходимига ҳисобланган дивидендлар суммасидан мулкий даромад сифатида олинган даромад сифатида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолиши белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси резидентларига тўланадиган дивидендлар кўринишидаги даромадларга 5 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади (СК ­375-м., 381-м. 2-қ.).

Олиб борилган тадқиқотлар натижаси бўйича жамиятга ҳисобланган қўшимча солиқ суммаси услубий жиҳатдан асослилиги тўғрисида давлат суд экспертининг хулосаси берилган.

Экспертлик тадқиқотларини ўтказиш учун йўналтирилган солиқ текшируви материаллари таҳлили шуни кўрсатадики, текширув далолатномаларида ўтказилган текширув жараёни ва аниқланган солиқ ҳуқуқбузарликлари тавсифи ҳар доим ҳам тўлиқ, ҳар томонлама ва меъёрий ҳужжатлар талаблари билан асослантирилган ҳолда батафсил келтирилавермайди. Ўтказилаётган суд ва тергов жараёнида солиқ тўловчига қўшимча ҳисобланган солиқлар асоси баён қилинмаслиги ёки текширув далолатномасида ёритилмаслиги унда ҳақли саволлар ва низолар туғилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун, экспертлар томонидан ўз хулосаларида текширув материалларида аниқланган камчиликларни ҳисобга олиб, уларни келгусида такрорламаслик ва бартараф этиш мақсадида профилактик тартибда тавсиялар ифодаланиши йўлга қўйилган. Бунда солиқ органларининг текширувни ўтказган ваколатли мансабдор шахслари номига солиқ аудити натижаларига кўра солиқ аудити далолатномаси тузилишида Солиқ кодексининг 156-моддаси талабларига риоя этилиши ҳамда далолатномада солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг тегишли нормасига ҳавола қилган ҳолда аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг батафсил тавсифи келтирилиши, солиқ аудити далолатномасига текширув давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши фактларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши тўғрисида тавсиялар билдирилади.

Юқорида келтирилган талабларга риоя этилиши ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборотни олиш, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик мазмуни ва моҳиятининг ёритилиши, бундай ҳолатларнинг тасдиқловчи ҳужжатлар билан асослантирилиши тўғрисидаги солиқ тўловчининг белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиши келгусида юзага келиши мумкин бўлган кўпгина масалалар ечимига замин яратади.

 

Севара ХОЛМУҲАМЕДОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими бош эксперти.

 

Давоми. Бошланиши «СБХ»нинг аввалги сонида.

 

Прочитано: 159 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика