Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 50 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Асосий воситалар: киритиш мезонлари

 

Корхона маъмурият учун компьютер ва 5 та UPS сотиб олди. Сотувчидан олинган юкхат-ҳисобварақ-фактурада: тизим блоки, монитор, клавиатура ва сичқонча алоҳида позициялар билан кўрсатилган. Тизим блоки қиймати – 7 000 000 сўм, монитор – 1 500 000 сўм, UPS – 500 000 сўмдан 1 500 000 сўмгача, клавиатура – 30 000 сўм, сичқонча – 15 000 сўм. Ҳисоб сиёсатида АВга киритиш учун қийматнинг энг юқори чегараси белгиланган, у 1 000 000 сўмни ташкил этади.

1. Бу ҳолатда нима асосий восита ҳисобланади?

2. Тизим блоки, монитор, клавиатура ва сичқончани комплектга бирлаштириб, АВ таркибига битта бирлик сифатида кирим қилса бўладими?

3. UPS қиймати ҳар хил бўлса, уларни қаерга кирим қилиш мумкин?

Р.Р.

 

1

Ҳисобда акс эттириш учун сотиб олинган ТМБнинг қайси бири асосий воситаларга киритилиши мумкинлигини аниқлаш зарур. Асосий воситалар ҳисоби 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

Асосий воситалар – корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар.

Асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган моддий активлар киритилади:

а) 1 йилдан ортиқ хизмат муддати;

б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати ЎзРда (харид пайтида) белгиланган ЭКИҲнинг 50 бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.

Корхона раҳбари ҳисобот йилида буюмларни АВ таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини, масалан, ЭКИҲнинг 20, 10 бараварини ва ҳ.к. белгилашга ҳақли (5-сон БҲМСнинг 4-банди). Белгиланган чегара корхонанинг ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланган бўлиши керак ва йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас, 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»нинг (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 56-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Корхонангиз учун чегара 1 000 000 сўмни ташкил этади. Бунда мазкур мезон барча турдаги мол-мулк учун умумий ҳисобланади. Яъни ҳисоб сиёсатида, масалан, компьютерлар ва автомобиллар учун турли қиймат мезонларини белгилаш мумкин эмас.

Бинобарин, корхонангиз учун сотиб олинган ТМБ бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларга жавоб берса, АВ таркибига кириши мумкин:

√ корхона фаолиятида фойдаланилса;

√ хизмат муддати 1 йилдан ошса;

√ қиймати – 1 000 000 сўм ва ундан ортиқ бўлса.

Тизим блоки, монитор, қиймати 1 000 000 ва ундан ортиқ сўмни ташкил этадиган UPSни АВга киритишингиз мумкин.

 

2

Мазкур масала юзасидан қонун ҳужжатларида чекловлар мавжуд эмас. Уни корхонанинг ҳисоб сиёсати доирасида ҳал этиш лозим.

 

1-вариант

Қуйидагилар АВнинг инвентарь объекти сифатида тан олинади (5-сон БҲМСнинг 5-банди 1-хатбошиси):

√ барча қурилмалари ва анжомларига эга бўлган объект;

√ муайян мустақил вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида конструктив асосдаги буюм;

√ бутун бир яхлитликни ифодаловчи ва муайян ишларни бажариш учун мўлжалланган конструктив жамланган буюмларнинг алоҳида мажмуи.

Тизим блоки, монитор, клавиатура, сичқончадан иборат шахсий компьютер конструктив жамланган буюмларнинг мажмуи деб тан олиниши мумкин. Ундаги барча мосламалар ва анжомлар умумий бошқарилади, мажмуага кирувчи ҳар бир буюм ўз вазифасини мустақил равишда эмас, балки мажмуа таркибида бажара олади.

Қурилмаларнинг тўлиқ комплекти бир вақтнинг ўзида сотиб олинганда улардан ягона шахсий компьютер йиғилади, у комплектланади, турғун иш жойи сифатида мустаҳкамлаб қўйилади. Унинг таркибий қисмлари бошқа жойга кўчирилмайди. У ягона инвентарь объект сифатида ҳисобга олинади. Шахсий компьютер қийматини аниқлашда унга кирувчи барча қурилмалар қиймати қўшилади. Амортизация компьютер учун белгиланган норма бўйича ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда компьютер қурилмаларининг (мосламаларининг) алмаштирилиши унинг дастлабки параметрлари ўзгаришига қараб уни таъмирлаш ёки модернизация қилиш харажатлари сифатида ҳисобга олинади.

 

2-вариант

Битта АВда (шахсий компьютерда) турлича фойдали фойдаланиш муддатига эга бир нечта мустақил объектлар (тизим блоки, монитор, клавиатура, сичқонча) мавжуд бўлганда, ҳар бир бундай объект бухгалтерия ҳисобида алоҳида мустақил инвентарь объект сифатида тан олинади (5-сон БҲМСнинг 5-банди 2-хатбошиси).

Бундай ёндашувда хизмат муддати бир хил бўлган тизим блоклари ва мониторлар АВнинг битта гуруҳига киритилиши мумкин. Бунда улар АВнинг мустақил инвентарь объектлари сифатида ҳар бири ўз қиймати билан ҳисобга олинади. Хизмат муддати ва қиймати камроқ бўлган клавиатура ва сичқонча эса моддий захиралар сифатида ҳисобга олинади.

Бу ҳолда турли вақтда сотиб олинган ва (ёки) ҳар хил фойдали фойдаланиш муддатига эга бўлган қурилмалардан турли комплектацияларни белгилаш осон бўлади. Чунончи, битта тизим блокига бир нечта мониторларни улаш мумкин. Ҳар бир қурилманинг ўз инвентарь рақами ва хизмат муддати, тегишинча, амортизация нормаси бўлади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса, корхона ҳисоб сиёсатида компьютер техникасини АВ таркибига киритишда ва инвентарь объектларни белгилашда ягона ёндашувни мустаҳкамлаб қўйиб, ундан фойдаланиш тартибини белгилаши мақсадга мувофиқдир.

3

Бухгалтерия ҳисобида UPS корхонанинг ҳисоб сиёсатида қабул қилинганидек акс эттирилади.

UPSнинг хизмат муддати 1 йилдан ортиқ бўлса, қиймати:

● ҳисоб сиёсатида белгиланган 1 000 000 сўмлик чегарага тенг ёки ундан кўп бўлса, АВ таркибига киритилиши лозим;

● 1 000 000 сўмдан кам бўлса, материаллар (инвентарь) таркибига киритилиши лозим.

 

Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2740 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика