Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология вазирлиги) айрим давлат ташкилотлари ва корхоналарини бошқа жойга кўчириш натижасида бўшайдиган ер участкаларида жамоат парклари ва яшил ҳудудлар ташкил этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Гап илгари қуйидаги объектлар жойлашган ҳудудлар ҳақида кетмоқда:
• давлат таълим ташкилотлари (мактаблар, академик лицейлар, техникумлар, олий ўқув юртлари);
• давлат тиббиёт муассасалари (поликлиникалар, шифохоналар, тиббиёт марказлари);
• экологик хавфлиликнинг I ва II синфларига мансуб (атроф муҳитга таъсири юқори ва ўртача) саноат корхоналари.
Бошқа жойга кўчирилган муассасалар ўрнида сайр йўлаклари, болалар ва спорт майдончалари билан боғлар ташкил этиш таклиф этилмоқда. Улар аҳоли учун бепул бўлади, уларнинг ҳудудида тижорат фаолияти тақиқланади. Аҳолига хизмат кўрсатиш учун фақат кичик объектларни жойлаштиришга йўл қўйилади (спорт анжомлари ижараси, тез овқатланиш шохобчалари ва ҳ.к.). Ушбу инфратузилма яшил майдонларга салбий таъсир кўрсатмаслиги ва уларнинг умумий майдонини камайтирмаслиги керак. Автомобиль тўхташ жойларини қуриш ҳам тақиқланади – фақат улар бош режада мавжуд бўлган тақдирдагина қурилади.
Бўшатилган ҳудудларда яратилган боғлар ҳудудида қуйидагиларни қуришни тақиқлаш таклиф этилмоқда:
• кўп квартирали уй-жойлар;
• йирик савдо ва маиший мажмуалар;
• маъмурий ва саноат объектлари.
Яшил ҳудудларни яратиш ва сақлаш танлов асосида, хусусий бизнесни жалб қилган ҳолда ижара ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Молиялаштириш турли манбалар: маҳаллий бюджет маблағлари, «Яшил макон» миллий лойиҳаси, хусусий инвесторлар, халқаро ташкилотлар грантлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бундай ҳудудларда истироҳат боғлари ва хиёбонларни барпо этишда маблағларни ўзлаштиришнинг шаффофлигини таъминлаш учун ҳужжат ишлаб чиқувчилари жамоатчилик назоратига умид боғлаган. Экология вазирлиги ўзининг расмий веб-сайтида кўчирилган муассасалар ўрнида яратилаётган ҳар бир яшил объект тўғрисида батафсил маълумот беришни таклиф қилади.
Ҳужжат лойиҳасида бўшатилган ерларни боғлар ва яшил майдонларга айлантириш регламенти назарда тутилган бўлиб, у бир қатор босқичларни ўз ичига олади. Хусусан, боғларни ташкил этишдан олдин объектларни хатловдан ўтказиш зарур. Саноат зоналари учун – экологик экспертиза, ифлосланишдан тозалаш ва тупроқни қайта тиклаш.
Инвесторлар учун яшил майдонларни парваришлаш, мунтазам суғориш бўйича қатъий экологик талаблар белгиланади. Аҳоли учун боғ ва хиёбонларга кириш бепул бўлиши керак.
Ҳужжат лойиҳаси шаҳар ва туманларда экологик вазиятни яхшилаш; фуқароларнинг дам олиши учун яшил майдонларни кўпайтириш; жадал қурилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
