Қўшнилар билан чат бошқа ресурсга кўчиши ҳақидаги хабар мутлақо безарардек туюлади. Аммо бу фирибгарларнинг ККУ аҳлини фирибгарлик схемаларига жалб қилиш учун янги тузоғи бўлиши мумкин. Ҳаволани босиб, қўшишга розилик берганингиздан сўнг, «жанр классикаси» бошланади: «шлагбаум учун овоз бериш» ёки «реестрни текшириш», «домофонли эшикларни ўрнатиш» ва бошқалар. Фирибгарлар шахсий маълумотлар ва СМСдаги кодни алдаб олишга ҳаракат қилишади. Шундан сўнг фирибгарлар карта ёки жамғармалардан маблағларни ўғирлаш имкониятига эга бўладилар. Шуни ёдда тутингки, шахсий маълумотларни фақат фирибгарлар сўрайди. Шубҳали чатларга қўшилманг ва бу ҳақда қўшниларни огоҳлантиринг. Электрон оммавий ахборот воситалари шарҳида фирибгарлар яна қандай янги алдов усулларини ўйлаб топишгани ва улардан қандай ҳимояланиш ҳақида маълумот берилган.
Уй чатлари билан боғлиқ фирибгарлик схемаси қандай ишлайди
Жиноятчилар ўзларини уйда яшовчилар сифатида кўрсатиб, уй чатларида рўйхатдан ўтишади. Кейин қўшниларга кераксиз техника ёки мебелни бепул таклиф қилишади. Ишонч уйғотиш учун фирибгарлар гўёки уларнинг шахсини тасдиқловчи фотосуратлар ёки видеоларни юборишлари мумкин. Бу таклифлар остида фишинг ҳаволалари яширинган. Учрашув арафасида сохта «қўшни» узр сўраб, техникани фақат курьер билан юбориши мумкинлигини айтади. Етказиб беришни расмийлаштириш учун у ҳавола орқали ўтишни таклиф қилади. Агар у босилса, гаджет зарарли дастурий таъминот билан зарарланади. Шу билан бирга, фирибгарлар шахсий маълумотларни ўғирлаб, тўлов маблағларига киришлари мумкин.
Фирибгарлар бундан ҳам олдинроқ нималарни ўйлаб топишган
Кўп қаватли уйларнинг йўлакларида аҳолига уй ёки йўлак чатига қўшилишни таклиф қилувчи эълонлар пайдо бўлади. Билдиришномаларда чатга кириш учун QR-код мавжуд. Ҳавола орқали ўтилганда «Уйимиз чати» гуруҳига таклиф очилади. Шундан сўнг, уй эгасига чатнинг бот-маъмуридан хабар келиб, гўёки у ҳақиқатан ҳам шу уйда яшаётганини тасдиқлашни сўрайди. Шундан сўнг фирибгарлар жабрланувчининг шахсий маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Фирибгарлар яна бир схемани қўллашади. Турар жой эгасига гўёки бошқарув компаниясидан қўнғироқ қилиб, ҳисоблагичларни, йўлакдаги эшикларни алмаштириш ҳақида огоҳлантиришади. Фирибгар БК ходими ниқоби остида янги магнит калитларни бепул буюртма қилишни таклиф қилмоқда. Кейин у ҳар бир квартира учун домофоннинг ўз коди ўрнатилишини, энди ҳамма учун ягона код бўлмаслигини айтади. Жабрланувчига гаджетга код юборилади ва фирибгар магнит калитларни «кодлаш» учун уни айтишни сўрайди. Уйда яшовчи кодни айтади, жиноятчи «Давлат хизматлари» сайтида унинг маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Фирибгарлар қўшнилар чатларига қандай кириб олишади
Фирибгар қўшнилар чатига қўшилиш учун уйда яшовчилардан бирортасидан уларни қўшишни сўраши мумкин. У ўзини «янги ижарачи» ёки «қўшнининг қариндоши» деб таништиради. Умумий уй чатларининг аксарияти ихтиёрий равишда тузилади. Маъмурлар ҳар доим ҳам барча иштирокчиларни тўлиқ идентификация қилиш учун вақт ва куч сарфлашга тайёр эмас, шунингдек чатнинг барча иштирокчилари ҳам бунга тайёр эмас. Натижада ресурс хавфсизлиги, унга фирибгарлик схемаларини жорий қилиш хавфи юзага келади.
Фирибгарлар сизни алдамоқчи эканлигини қандай билиш мумкин
Агар варақа матнида уй бошлиғининг манзили, исми ёки фамилияси, бошқарув органининг номи ёки уй қўмитасининг телефон рақами кўрсатилмаган бўлса, эълон сохта бўлиши мумкин.
Матннинг тажовузкор ва қистовга олувчи руҳда эканлиги аҳоли эътиборини тортиши лозим. «Узиб қўйилмасин», «уланиш шарт», «шошилинч» иборалари варақани фирибгарлар жойлаштирганини кўрсатади.
Жиноятчилар қурбонига айланмаслик учун нотаниш эълонлардаги кодларни сканерламанг, ҳатто қўшнингиздан бўлса ҳам шубҳали ҳаволаларга кирманг.
Қурилма дарҳол вирус билан зарарланади – ҳаволага бир марта ўтиш кифоя. Агар шубҳа туғилса, қўшнилардан, уйдаги катталардан ёки йўлакдагилардан уй чатига ҳаволани сўраш керак.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
