Ўзбекистонда яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо қилишга қўшган ҳиссаси учун фуқаролар ва юридик шахсларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология вазирлиги) ташаббуси билан ишлаб чиқилган тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
У «Яшил макон» лойиҳаси доирасида яшил ҳудудлар: боғлар, жамоат парклари, ботаника ва дендрология боғларини барпо этиш ва сақлашда жисмоний ва юридик шахсларнинг иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, ташаббусни рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахслар яшил боғ ёки жамоат паркини барпо қилганлик учун «Экоҳамкор» мақомини олишлари мумкин. Бунда у 1 000 га яқин дарахт ва бута кўчатларини ўз ичига олиши керак. Мақомни олиш учун талабгорлар «Яшил» хайрия жамғармасига камида 200 млн сўм маблағ киритишлари керак.
Мақомни бериш ҳар йили танлов асосида ўтказилиши режалаштирилган. Унда ҳар бир ҳудуддан энг кўп балл тўплаган (жами 14 киши) биттадан жисмоний шахс, шунингдек 10 та ташкилот иштирок этиши мумкин.
«Экоҳамкор»ларни «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилиш таклиф этилмоқда. Энг кўп балл тўплаганларга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвони берилади.
«Экоҳамкор»ларга яшил ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Улар учун бир қатор имтиёзлар таклиф этилмоқда: давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоизлик чегирма тақдим этиш, шунингдек давлат улуши 50%дан юқори бўлган тижорат банкларидан истеъмол кредитларини олишда имтиёзлар.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
