Уйимизнинг ертўласида бошқарув компанияси (БК) туну кун ишлайдиган авария-диспетчерлик хизматини (АДС) жойлаштирди. Пастки қаватдаги квартираларда яшовчи қўшнилар тунги вақтда шовқиндан шикоят қила бошладилар. Ушбу хизмат ходимлари баланд овозда гаплашишади, эшикни очиб-ёпишади, мусиқани варанглатишади. Баъзан кечаси ертўла карвонсаройга ўхшаб кетади: турли асбоб-ускуналарни тунда шовқин-сурон билан олиб чиқиб кетишаётганини ва қайтариб олиб киришаётганини эшитамиз. Бу ноқулайлик ва безовталик туғдиради. Жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки бўлган ертўладан бизнинг розилигимизсиз қандай асосга кўра АДС фойдаланаётганини аниқлаш учун БК раҳбарига мурожаат қилдик. Бошқарувчи БК бунга ҳақли, чунки у уйдаги умумий мол-мулкка хизмат кўрсатади, деб жавоб берди. Аммо биз ертўлани ижарага бериб, пул олиб, бу маблағни уйларни таъмирлашга сарфлашимиз мумкин эди. БК кўп квартирали уйнинг ертўласидан уй аҳлининг розилигисиз фойдаланиши мумкинми?
– Бошқарув органлари кўпинча ККУ ертўлаларидан офислар, АДСлар, устахоналар ва қурилиш материаллари омборлари учун фойдаланадилар. Буни қандай тўғри амалга ошириш Уй-жой кодекси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон, кейинги ўринларда – Қонун) белгиланган. Уй-жой кодексининг 124-моддаси ва Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкига, шу жумладан ертўлалар ҳам киради. Умумий мол-мулк жой мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлиги назарда тутилган. Унинг айрим қисмлари умумий йиғилиш қарори билан белгиланган тартибда бошқа шахсларга берилиши мумкин (УЖК 127-м. ва Қонун 13-м.).
Яъни, кўрсатилган меъёрлардан келиб чиқиб, бошқарув компанияси кўп қаватли уйнинг ертўласида АДСни жойлаштириши учун у уй аҳлининг розилигини олиши керак. Мазкур ҳолатда жойларнинг мулкдорлари БКга ертўладан фойдаланишга розилик бермаган. Бу масала юзасидан уйда умумий йиғилиш ўтказилмаган. Демак, унда авария-диспетчерлик хизматини жойлаштириш ноқонуний ҳисобланади.
Аммо, бошқа томондан қараганда, бошқарув компанияси ертўладан аҳоли манфаатларини кўзлаб, ККУни сақлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун фойдаланади. Унда жорий вазифаларни бажариш ва таъмирлаш учун худди шу авария-диспетчерлик хизмати, ускуналар, инвентарларни жойлаштириш зарурати туғилади. Агар у бундай мақсадлар учун четдан биноларни ижарага олса, харажатлар мулкдорлар зиммасига тушади. Шунинг учун аҳоли, агар у ерда АДС жойлашган бўлса, бошқарувчилардан ертўлани бўшатишни талаб қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши, барча ижобий ва салбий томонларини тарозига солиб кўриши керак.
Низоларнинг олдини олиш учун бу масалани кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида жойларнинг мулкдорлари ва БК ўртасида қайд этиш мумкин. Масалан, унга бошқарувчи компания ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкининг бир қисмидан ушбу шартномани бажариш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга деган банд киритилади. У буни қандай шартларда қилиши мумкинлиги кўрсатилади (умумий йиғилишнинг кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарори асосида).
Аҳоли ертўланинг тўлиқ ҳуқуқли эгалари ҳисобланади ва улар ўзларининг умумий мол-мулкидан қандай фойдаланишни ўзлари ҳал қиладилар. Агар АДС ходимлари қўшниларга ноқулайлик туғдирса, аҳоли БКга ёзма равишда мурожаат қилиши керак. Агар БК жавоб бермаса ёки жавоб аҳолини қониқтирмаса, Уй-жой инспекциясига мурожаат қилинг.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
