Пойтахтда кўплаб бошқарув органлари раҳбарлари янги воқеликка дуч келишди. «Менинг уйим» ахборот-таҳлил марказида ККУдаги жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ва тўловларини ҳисоблаш тўхтатилди. Бунга жорий йилнинг II чораги бўйича ҳисоботларнинг тизимга ўз вақтида киритилмаганлиги сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, бу қадам Президентнинг «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (05.02.2026 й. ПҚ-48-сон, кейинги ўринларда – ПҚ-48-сон) назарда тутилган. Ҳужжат билан бошқарув органлари ҳар бир кўп квартирали уй бўйича бажарилган ишлар, харажатлар, даромадлар тўғрисидаги ҳисоботларни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳар чоракда тақдим этиши шартлиги белгиланди. Акс ҳолда чораклик маълумотлар киритилгунига қадар мажбурий бадаллар ва тўловларни ҳисобга олишни тўхтатиб туриш механизми ишга туширилади. Яъни, белгиланган муддатларда ҳисобот беришга улгурмаган бошқарув органларига нисбатан санкциялар киритилади. Бу аҳолига салбий таъсир қилмайдими?
Бошқарув органи иши назоратга олинади
Умуман олганда, ушбу чора, ПҚ-48-сон қарорда назарда тутилган бошқа чоралар каби, бошқарув органи ишининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган. Аҳоли унинг ишини ҳақиқатан ҳам назоратга олиши учун қабул қилинган. Одамлар ўз маблағлари нимага сарфланаётганини кўрса, бошқарувчиларга бўлган ишонч, тўлов интизоми борасидаги масъулият ортади ва бу, шубҳасиз, яхшиликкадир.
Лекин бундай ҳолатда ким жазоланади? Бошқарув органлари раҳбарларидан кўра кўпроқ аҳоли бўлса керак. Агар бошқарувчилар чораклик ҳисоботни кечиктиргани учун мулкдорларнинг даромадлари тизим томонидан тўсиб қўйилса, нима учун уйда яшовчилар айбдор бўлиши керак? Чунки уларнинг пуллари бошқарув органи ҳисобига ўз вақтида тушмайди. Демак, баъзи уйларда таъмирлашни якунлай олмайдилар, режали ишлар чалалигича қолади.
Демак, уй аҳли бошқарувчиларга босим ўтказиши, улар учун ўзига хос зарбдор кучга айланиши керак экан-да? Лекин шу йўл билан улар бошқарув органига қарши чиқиб қоладилар. Улар ҳисоб-китоблар тўхтатилди, ҳисоботлар билан шуғулланинг, биз эса сизга тўлаш ёки тўламасликни кўриб чиқамиз дейишадими. Бу тўловларни тўлашни тўхтатадиган ноинсоф мулкдорлар учун айни муддао бўлади.
Масъулиятсизлик учун жавобгарлик
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбари Шерзод Ҳидоятовнинг таъкидлашича, рақамлаштириш уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги фирибгарлик ва масъулиятсизликни бартараф этишнинг ягона йўлидир.
Ҳисоботларнинг сифати ва ишончлилиги ҳақида ҳозирча гапирмаймиз, бу бошқа масала. Ижрочилар ва янгилик ишлаб чиқувчиларнинг масъулияти икки томонлама бўлишини хоҳлаймиз. Ижтимоий тармоқларда чораклик ҳисоботларни ўз вақтида, ойнинг 10-санасига, яъни 1 июлга қадар топширган айрим бошқарув органларига ҳам мажбурий бадаллар ва тўловларни ҳисоблаш тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Буни қандай тушуниш керак? Бошқарувчиларда «Менинг уйим» ахборот-коммуникация марказининг ишига нисбатан кўплаб эътироз ва саволлар тўпланиб қолган. Улар тизимни тўлиқ ишлаб чиқилмаган деб ҳисоблашади. Кимдир уларни тинглаб, бунга жавоб қайтарадими?
Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги эксперт Максим Черников яна бир жиддий жиҳатга эътибор қаратди. ПҚ-48-сон қарор билан 2026 йил 1 июлдан бошлаб мажбурий тўловлар, ижарадан тушумлар ва умумий мол-мулкдан фойдаланиш бўйича маблағларнинг алоҳида ҳисобини юритиш учун ҳар бир ККУга (жойларнинг мулкдорлари номига) алоҳида банк ҳисобварағи очилиши белгиланди. Шундай қилиниши ҳам керак.
Бунда ҳисобга қўйиш, СТИР бериш ва ҳар бир хонадонга банк ҳисобварағини очиш муддатлари белгиланди. Фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар учун – бошқарувчиларнинг мурожаати асосида 2026 йил 1 июлгача. Янги фойдаланишга топширилаётган уйлар учун – қурувчининг мурожаатига асосан фойдаланишга топширилган кундан бошлаб бир ой ичида.
Аммо ҳозиргача ҳар бир хонадонга СТИР бериш, шунингдек унга ҳисобрақам очиш мумкин эмас, чунки бу солиқ ва банк қонунчилигига зид, дейди эксперт.
ПҚ-48-сон қарорнинг ушбу банди ижроси учун бир қатор раҳбарлар шахсан жавобгардирлар. Шу жумладан, юқори даражадаги раҳбарлар. Муддатни бузганликлари учун улардан кимдир жавобгар бўладими? Масъулиятсизлик учун жавобгарлик масаласида бизда яққол номутаносиблик бор.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
