Президент Шавкат Мирзиёев ичимлик суви таъминоти ва оқава сув хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Кўриб чиқилган масалалар орасида сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳам бор, деб хабар беради president.uz.
Амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани ва ҳудудлар кесимида кескин фарқлар мавжудлиги соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш, магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинди. У ҳудудий корхоналарга ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб беради.
Ичимлик суви таъминоти ва оқава сув хизматлари тарифларини шаффоф ва иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш, шунингдек 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Прогнозларга кўра, демографик ва иқтисодий ўсиш натижасида 2030 йилга бориб, мамлакатимизда ичимлик суви истеъмоли ҳозирги 941 миллион куб метрга нисбатан яна 230 миллион куб метрга ортиши кутилмоқда. Бу эса сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни камайтиришни тақозо этади.
Шу боис ҳисоб-китобларни тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш, шаҳар ва туман марказларидаги барча истеъмолчилардан масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш бўйича вазифалар белгиланди.
Сув иншоотлари ва тармоқларининг рақамли харитасини яратиш, бошқарув тизимига SCADA, GIS, телеметрия технологиялари ва ягона биллинг тизимини кенг жорий этиш орқали сув йўқотишларини 35%дан 25%га тушириш вазифаси қўйилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 карра ошиб, 2,7 миллиард АҚШ долларига етди. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63%дан қарийб 83%га кўтарилди.
Шу даврда 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 11 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, яна 1,1 миллион киши оқава сув тизимига уланди. 39 минг километр ичимлик суви ва 3,2 минг километр оқава сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди. 3,4 мингта ичимлик суви таъминоти иншооти, 295 та оқава сув иншооти ва насос станцияси барпо этилди ёки янгиланди.
Келгуси йилларда ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 90%га, шаҳарларда оқава сув хизмати қамрови даражасини 80%га етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.
Сунъий интеллект ёрдамида насос ускуналарининг ишини таҳлил қилиш, авариялар ва сув оқишини олдиндан аниқлаш, истеъмол ҳажмини прогнозлаш ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш имконини берадиган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида факультет очиш, ҳудудлардаги техникумлар базасида ичимлик суви таъминоти ва оқава сув йўналишида дуал таълимни йўлга қўйиш таклиф этилди.
«Уй-жой коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
