Norma.uz
СБХ / 2026 йил / № 44 / Пенсия иши

Нотўғри ёзувни тасдиқлаш, рад этиш ва тўламаслик сабаблари ҳақида...

 

Пенсия жамғармаси 20 йиллик иш стажим даврида ногиронни парвариш қилиш йиллари борлигини баҳона қилиб, 54 ёшда пенсия расмийлаштиришдан бош тортди. Шу тўғрими?

 

– Ҳа, тўғри. Чунки ушбу ёшда пенсия олиш ҳуқуқига «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар эга бўладилар (03.09.1993 й. 938-XII-сон ЎРҚ 12-1-м., кейинги ўринларда – Қонун). Яъни 54 ёшда пенсияга чиқиш учун Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган даврлардан жамланган 20 йиллик иш стажи зарур. I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври ушбу модданинг «д» бандида назарда тутилган. Шунга кўра, ушбу давр 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини аниқлаш учун иш стажига киритилиши мумкин эмас.

Лекин у 54 ёшдан бошлаб ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқи белгилангандан кейин иш стажига киритилади. Масалан, Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларига кўра иш стажи 20 йилни ташкил этди, бунда I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври – 10 йил бор. Шунга кўра, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш стажи 30 йилни ташкил этади.

Агар иш стажи Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларига кўра 19 йилни ташкил этган бўлса, 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Шунга кўра, I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври ҳисобга олинмайди. Лекин у умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгандан кейин, яъни 55 ёшда (19 йил + 10 йил = 29 йил) иш стажига киритилади.

 

Агар меҳнат дафтарчасида махсус стаж ҳақидаги ёзув аниқ ёзилмаган бўлса (хусусан, цирк касби нотўғри кўрсатилган бўлса), у ҳолда бу ёзувни қандай тасдиқлаш мумкин?

 

– Театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари ва жамоалари артистларининг айрим тоифаларининг имтиёзли пенсия таъминоти олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) билан тасдиқланади.

Касб (лавозим)нинг номи, бажариладиган ишнинг жанрга мансублиги, хусусияти ёки иш кечган ташкилотнинг мақоми тўғрисида меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарчасида) зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда махсус иш стажи ушбу шахсга нисбатан маълумотлар мавжуд бўлган иш жойидан берилган маълумотнома билан тасдиқланади (Низом 68-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).

 

Пенсия жамғармаси учун қандай ҳужжатлар пенсия тўлашни тўхтатиш учун асос бўлиши мумкин?

 

– Пенсия жамғармаси вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлардан ахборот олади. Ушбу маълумотлар асосида ПЖ бўлими пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш (тўхтатиш) тўғрисида тегишли қарор қабул қилади (592-сон Низом 180-б.).

Хусусан, қуйидаги тақдим этилган маълумотлар тўловларнинг тўхтатилишига сабаб бўлиши мумкин:

• фуқаронинг вафот этганлиги тўғрисида – Адлия вазирлиги (ФҲДЙ) томонидан;

• фуқаронинг доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетганлиги ва жазони ўташ жойларида бўлганлиги тўғрисида – Ички ишлар вазирлиги томонидан;

• ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» интернат уйларида васийликка олинганлиги тўғрисида – Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан;

• пенсия тшловини амалга ошириш жараёнида аниқланган фуқаро вафот этганлиги, туман (шаҳар) ҳудудидан ташқарига доимий яшаш учун кўчиб кетганлиги факти тўғрисида – пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот томонидан.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 82 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика