Инсон қандай мезонларга кўра ёлғиз кекса ҳисобланади ва қандай ҳолларда у ижтимоий қўллаб-қувватлашга умид қилиши мумкин?
– «Ёлғиз кекса» тушунчаси ўз ҳолича эмас, балки ўзгалар парваришига муҳтожлик мезони билан биргаликда ишлатилади. Айнан шундай фуқаролар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига киради ва давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларга таяниши мумкин («Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Қонун 6-м., 26.12.2016 й. ЎРҚ-415-сон).
Маълумот учун. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари – ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар; I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар; муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар; ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар; етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.
Қуйидаги кекса ёшдаги фуқаролар ёлғиз кексалар деб эътироф этилади:
• қонунга кўра уларни парвариш қилиш ва таъминлаш мажбуриятига эга бўлган шахслар бўлмаса ёки амалда бундай парваришдан маҳрум бўлса;
• ёши, соғлиғининг ҳолати ёки мустақил хизмат кўрсатиш қобилиятини йўқотганлиги сабабли ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлса;
• «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан юритиладиган Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган бўлса.
Бунда икки тушунчани фарқлаш лозим: ёлғиз кекса – парвариш қилишга мажбур бўлган шахсларга эга эмас; ёлғиз яшовчи кекса – ёлғиз яшайди, лекин уни боқишга мажбур бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслари бўлиши мумкин. Ушбу тоифалар бир-бирига мос келмайди ва алоҳида ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш учун турли асосларга эга.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги ҳолларда тақдим этилади, агар фуқаро:
• ёлғиз кексалар ёки ёлғиз яшовчи кексалар тоифасига кирса;
• ўзгаларнинг парваришига муҳтож деб топилса;
• яшаш шароитлари текширувидан ўтган бўлса;
• тегишли давлат реестрига киритилган бўлса;
• у билан ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома тузилган бўлса (27.12.2023 й. ПҚ-410-сон).
Қонунчиликка мувофиқ, уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш; ижтимоий-маиший хизматлар (озиқ-овқат, дори-дармон сотиб олиш, тозалаш, овқат тайёрлаш ва бошқаларда ёрдам бериш); ижтимоий-тиббий хизматлар ва тиббий, психологик, юридик ёрдам олишда кўмаклашиш ва бошқалар каби қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилади.
Зарур ҳолларда – ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ва интернат уйларига жойлаштириш ёхуд кундузги ёки қисқа муддатли хизматлардан фойдаланиш.
2024 йилдан бошлаб қўшимча чоралар қўлланилади:
• ижтимоий ходимлар хизматлари ҳар куни мослашувчан жадвал асосида кўрсатилиши мумкин;
• бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) хизматдан фойдаланувчининг ўзига ва уни кузатиб борувчи шахсга тақдим этилади;
• илгари амал қилган алоҳида компенсациялар ўрнига ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилди (реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун).
Шу тариқа, кексалик ёки ёлғиз яшаш фактининг ўзи кўрсатилган қўллаб-қувватлаш чораларини олиш учун етарли асос ҳисобланмайди. Фуқаронинг ўзгалар парваришига муҳтож деб топилиши ва давлат реестрига киритилиши асосий шартлар ҳисобланади, шундан сўнг қонунчилик билан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам чоралари кўрсатилади.
Мен асаларичиман. Ижтимоий бадалларни ўзим тўлай оламанми? Агар шундай бўлса, бу пенсия миқдорига қандай таъсир қилади?
– Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга (16.06.2023 й. ЎРҚ-847-сон) мувофиқ шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари, уларга тегишли томорқа ер участкасининг майдонидан ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар, меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлашлари мумкин (СК 408-м. 2-қ.).
Солиқ тўлови меҳнат стажини ҳисоблашда ҳисобга олинади, унинг суммаси эса пенсия миқдорига таъсир кўрсатади. Тўланган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш ҳақи миқдорини ошириш мумкин.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
