Ўзбекистон ҳудудида яшаш жойи ўзгарганда аввалги яшаш жойи бўйича тайинланган пенсия қайта ҳисобланиши мумкинми?
– Шуни таъкидлаймизки, агар пенсионерда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун асос пайдо бўлса, у исталган вақтда ПЖ бўлимига қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли (Низом 125-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Пенсия миқдорига таъсир этувчи қўшимча ҳужжатлар; ногиронлик гуруҳининг ўзгариши; боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сонининг ўзгариши; устама ҳақ олиш ҳуқуқининг пайдо бўлиши ва бошқалар бунга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин (592-сон Низом 126-б.).
Бунда пенсия йиғмажилдларини сақлаш ва ҳисобга олиш тартибига (592-сон Низом 191-2-б.) мувофиқ, пенсионернинг янги яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлими пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдини олганидан сўнг назорат тариқасида пенсия ёки нафақа олувчининг аввалги яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлими томонидан қабул қилинган комиссия қарори асосида ахборот тизимида ҳисоб-китобларни (пенсия миқдори, ўртача иш ҳақи, иш стажи ҳисоб-китоби ва бошқалар) қайтадан амалга оширади ва чоп этади. Бунда комиссия «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 й. 938-XII-сон ЎРҚ) 65-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар асосида пенсия миқдорини назорат тариқасида кўриб чиқади.
Маълумот учун. Тайинланган ва (ёки) қайта ҳисобланган пенсиялар бўйича текшириш (ўрганиш) ўтказиш бошланган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан тўланган ортиқча суммаларнинг текширилишига (ўрганилишига) ҳамда ушлаб қолинишига (ундирилишигага) йўл қўйилмайди.
Мен қисқартиришга тушиб қолдим ва муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқдим. Ҳозир эса иш топдим. Аммо бундай ҳолатда менга пенсия тўлаш тўхтатилади, деб айтишди. Шу тўғрими?
– Дарҳақиқат, муддатидан олдин ёшга доир пенсия олувчининг ишга кириши пенсия тўлашни тўхтатиб туриш сабаблари рўйхатига киради.
Яъни тайинланган пенсияни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:
• пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда;
• пенсионер Ўзбекистон ташқарисига чиқиб кетганда ва уч ойдан ортиқ вақт мобайнида қайтиб келмаганда;
• муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсия олувчи ишга кирганда;
• кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот орқали пенсия олинмаганда;
• пенсионер озодликдан маҳрум этилганда (манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар бундан мустасно);
• пенсионер руҳий ҳолати бузилган шахслар учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида яшаганда;
• пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер ариза ёки анкета билан мурожаат қилганда;
• суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётгани учун қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;
• тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш учун ишонч билдирувчи шахс белгиланган муддатда келмаганда.
Тайинланган пенсияни тўлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.
Пенсионер ёки унинг қонуний вакили Пенсия жамғармаси бўлимига келиб, ариза тақдим этгач, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганидан сўнг пенсия тўлови тикланади (592-сон Низом 159-б.).
Болалар неча ёшгача боқувчисини йўқотганлик пенсиясини оладилар?
– Боқувчисини йўқотганлик пенсияси вафот этган боқувчининг оила аъзосига 18 ёшга тўлгунига қадар тайинланади ва тўланади.
Агар бола таълим ташкилотининг ўқувчиси ва талабаси бўлса, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва қўшимча тўлов ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар тайинланади ва тўланади.
Умумий ўрта таълим ташкилотининг сўнгги синфида ўқиётган (18 ёшдан ошган) оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси жорий ўқув йилининг 1 июлига қадар тўланади.
Вафот этган боқувчининг таълим ташкилотига ўқувчи ёки талаба сифатида қабул қилинган 18 ёшдан катта ёшдаги оила аъзосига пенсия у ўқувчи ёки талаба сафига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўланади.
Ўқувчи ёки талабаларга (18 ёшдан катта) пенсия сўнгги ўқув йилининг 1 августигача, лекин улар 23 ёшга тўлгунга қадар тўланади.
Ўқувчи ёки талаба эканлиги ПЖ бўлими томонидан мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ахборот тизимидан олинган электрон сўров орқали аниқланади. Бунда боқувчисини йўқотганлик пенсиясининг тўлови Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида аниқланади.
Шуни билиш керакки, пенсия тўлаш академик таътилда бўлган даврда тўхтатилади. Академик таътил тугаган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тикланади.
Пенсия тўлаш ўқувчи ёки талабалар сафидан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатилади.
Бунда академик таътил ва талабалар сафидан чиқарилганлиги тўғрисида маълумотлар тегишли таълим ташкилоти томонидан ахборот тизими орқали электрон шаклда, электрон шаклда тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаганда эса, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи шахс томонидан Пенсия жамғармаси хабардор қилинади (592-сон Низом 155-б.).
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
