Диний ташкилотларда ишлаётганларнинг стажи қандай ҳисобланади?
– Диний ташкилотларда банд бўлган шахсларнинг, шу жумладан меҳнат шартномаси ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишловчи шахсларнинг иш стажига уларнинг иш даври:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисоблаш шарти билан қўшиб ҳисобланади (Низом 40-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Ногиронлиги бўлган шахс иш топишни хоҳласа-ю, лекин топа олмаса, унга бу борада ёрдам бера оладиган ташкилотлар борми?
– Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга (01.07.2025 йилдаги 405-сон ВМҚ) мувофиқ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги томонидан имконияти чекланган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашилмоқда.
Ишга жойлашишни хоҳловчи ногиронларни электрон реестрга киритиш уларнинг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берган аризалари асосида амалга оширилади. Шунингдек 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
Бунда мажбурий захиралаш:
• ходимлар умумий сонининг 3%идан ошмаслиги зарур;
• ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилади.
Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50%дан юқори бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ва ходимлар умумий сонининг 7%идан ошмайдиган ташкилотларга нисбатан қўлланилади.
Шунингдек, мажбурий захирага жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар қўшимча равишда киритилади (04.08.2025 й. ПФ-126-сон).
Мен ишлашда давом этсам, бу пенсиямнинг ошишига ёрдам берадими?
– Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадиган иш стажидан ортиқ иш стажининг мавжудлиги унинг базавий миқдорини оширишга олиб келади (592-сон Низом 98-б.).
Масалан, стажнинг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсиялар:
а) ёшга доир пенсия – пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%ига;
б) I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси – 1%га;
в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси оиланинг меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир аъзоси учун – вафот этган боқувчининг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%ига оширилади.
Пенсия тайинлашда менга бола парвариши таътили вақти махсус стаждан чиқариб ташланди. ПФ ходимларининг ҳаракатлари қонунийми?
– Дарҳақиқат, болани парваришлаш таътилида (шу жумладан пули тўланадиган таътилда) бўлиш даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди (592-сон Низом 27-б.).
Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озодликка чиққан шахс қандайдир ижтимоий қўллаб-қувватлашга умид қилиши мумкинми?
– Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (16.07.2025 йилдаги 444-сон ВМҚ билан тасдиқланган. Ҳужжат Президентнинг 30.01.2025 йилдаги «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-17-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган) биноан бундай шахсларга жамиятда ўз ўрнини топиши ва ижтимоий мослашувига амалий кўмаклашиш мақсадида БҲМнинг 6 баравари миқдорида бир марталик нафақа тўланиши белгиланган.
Уни тайинлаш учун туман (шаҳар) пробация бўлинмаларига (ваколатли органга) шахсан мурожаат қилиш лозим. Буни жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган кундан бошлаб бир ой ичида амалга ошириш керак. Нафақа олиш учун аризаларни қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш ва нафақа тайинлаш «E-probatsiya» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Ваколатли орган бир иш куни мобайнида нафақа тайинланганлиги тўғрисида хабардор қилади, шунингдек тўловни олиш учун тижорат банки тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Нафақа маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади. У тижорат банки томонидан нақд пул билан тўланади ёки банк карталарига ўтказилади.
Ўзбекистонда пробация бўлинмалари – ички ишлар органларининг жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганлар устидан назоратни, шунингдек ижтимоий реабилитацияни амалга оширувчи таркибий қисмларидир. Улар туман/шаҳар даражасида фаолият юритиб, жазо шартларига риоя этилишини назорат қиладилар ва мослашувга ёрдам берадилар.
Пенсионер вафот этган тақдирда пенсия тўлаш тартиби қандай бўлади?
– Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 19, 20-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун). Ота-она, эр (хотин), шунингдек пенсионер вафот этган кунда у билан бирга яшаётган оила аъзолари, агар улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмасалар ҳам, ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пулии кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ушбу ой учун тўлиқ тўланади.
Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда, пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.
Ушбу тўловни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай мурожаат қилиш керак (Қонун 63-м.).
Касаллик варақасида бўлган вақт стажга киритиладими?
– Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) фақат қуйидагиларни тўлаш шарти билан иш стажига киритилади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланганда (Низом 60-б.).
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
