Отам I гуруҳ ногирони, лекин у ҳали ҳам ишлайди. Ёшга доир пенсияни расмийлаштиришда бу иш вақти стажга кирадими ёки йўқми?
– I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин ишланган вақт иш стажига қўшилади. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронликда бўлган даврлар ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлашда стажга қўшиб ҳисобланади. Фақат ёшга доир пенсия тайинлангандан кейинги иш вақти пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга киритилмайди («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 37-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун).
Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санадаги белгиланган ёшга нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади (Қонун 49-м.).
Нима учун болани парваришлаш таътили иш стажига киритилмаслиги мумкин?
– Маълумки, иш стажига бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йил қўшиб ҳисобланади (Қонун 37-м. 1-қ. «ж» к.б.). Бу муддат иш берувчи томонидан Меҳнат кодексига мувофиқ расмийлаштирилади (МК 404–405-м.). Ариза билан бирга болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилгандан бошлаб у 3 ёшга тўлгунгача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома тақдим этиши керак (Низом 12-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Агар аёл бу даврда ҳеч қаерда ишламаган бўлса, у ҳолда, мос равишда, бу давр стажга киритилмайди.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, болани парвариш қилиш таътилида (шу жумладан ҳақ тўланадиган таътилда) бўлиш даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажига киритилмайди (592-сон Низом 27-б.).
Ногирон болаларни парвариш қилаётганлар учун қандайдир нафақалар борми?
– 2022 йил 1 апрелдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилига ҳар ойлик нафақа тўлови жорий этилди. Шу билан бирга, Президентнинг 17.02.2022 йилдаги ПФ-74-сон Фармони билан Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати тасдиқланганлигини маълумот учун қабул қилиш зарур. Нафақани расмийлаштириш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиш лозим. Нафақалар Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади. Парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади (17.02.2022 й. ПФ-74-сон, 2-б. «а»–«б» к.б.).
Кимлар муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга?
– Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига бундай ҳуқуқни берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тасдиқланган рўйхатларига мувофиқ фуқароларнинг алоҳида тоифалари эга бўлади (Қонун 9-м.). Имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган тармоқлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхати, шунингдек ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом 10.10.2025 йилдаги 637-сон ВМҚ билан тасдиқланган.
Жумладан, қуйидагилар муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга:
• ёшидан қатъи назар;
• умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда;
• умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда.
Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига уруш ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар ҳам эга.
Қуйидагилар ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга:
• кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар, агар улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар;
• бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар, агар улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлсалар;
• учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизматни ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар учун камида 20 йил адо этган тақдирда;
• айрим тоифалар:
– камида 20 йил, 25 йил, 30 йил ижодий иш стажига эга бўлган театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистлари;
– камида 20 йиллик иш стажига эга бўлган спортчилар.
Ёшга доир пенсия ҳозир Пенсия жамғармасига мурожаат қилмасдан тайинланишини биламан, бу қоида ногиронликни олганларга ҳам тааллуқлими ёки улар ногиронлик пенсиясини шахсан расмийлаштиришлари керакми?
– 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларини алоҳида мурожаат қилмасдан, электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлашнинг янги тартиби амал қилмоқда.
Хусусан, ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
• I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганлиги муносабати билан пенсия тайинлаш. Бунда шахсга проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиш ҳуқуқи берилади;
• кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсациялар тайинлаш;
• ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин камида бир йиллик иш стажига эга бўлган фуқарога ҳар икки йилда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш.
Ёлғиз қария ўзгалар парваришига ва бошқа ижтимоий хизматларга муҳтож бўлса, у ёрдам сўраб қаерга мурожаат қилиши мумкин?
– Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган кексалар ёки унинг вакили шахсан «Инсон» марказига ёки ўзи яшайдиган ҳудудда фаолият юритувчи «Инсон» марказининг ижтимоий ходимига ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ижтимоий ҳимоя» АТ орқали мурожаат қиладилар (18.06.2025 й. 376-сон ВМҚ.).
Бунда у Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчилар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган бўлиши керак.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
