Norma.uz
СБХ / 2026 йил / № 14 / Пенсия иши

Пенсия ва мукофотлар, ўқиш учун иш стажи, муносиб дам олишга эрта чиқиш ҳақида...

 

– Коронавирус туфайли 58 ёшимда пенсияга чиқдим. Мен 55 ёшдан 58 ёшгача бўлган давр учун ололмаган пенсиямни олишим мумкинми?

 

Йўқ, ололмайсиз, чунки пенсия мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади (03.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги ЎРҚ 938-XII-сон Қонун 47-м., кейинги ўринларда – Қонун).

 

 

– Ногирон вафот этгандан кейин пенсия дарҳол бекор қилинадими ёки 2 ой учун тўланадими?

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга (Низом 158-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом) мувофиқ тайинланган пенсияни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

• пенсионер вафот этганда;

• тайинланган пенсияни олишга ҳуқуқ йўқолганда;

• хорижий давлатда бўлган даврда пенсия (ижтимоий нафақа) олганлиги факти аниқланганда;

• доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда.

 

 

– Пенсия тайинлашда мукофотлар ҳам қўшиладими?

 

Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, шунингдек давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан жамоа хўжаликлари ­аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) қуйидагиларни тўлаш шарти билан улар ҳисобланган ойлик иш ҳақи таркибига киритилади:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар.

Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади (592-сон Низом 89-б.).

 

 

– Пенсияни расмийлаштиришда чет элда ўқиган даври инобатга олинадими?

 

Иш стажига қўшиладиган меҳнат фаолияти турлари рўйхатига (Қонун 37-м. 1-қ. «e» к.б.), олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада, шу жумладан чет элда ўқиш киритилган.

 

 

– 25 йилдан ортиқ меҳнат стажим бор. Яқинда 52 ёшга тўламан. Ҳозир пенсияга чиқсам бўладими?

 

Йўқ, бўлмайди. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи 60 ёшга тўлганда ва иш стажи эркаклар учун камида 25 йил бўлганда; аёллар учун – 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда (Қонун 7-м.) вужудга келади. Бироқ қонун ҳужжатларида пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш тартиби назарда тутилган – қуйидаги асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги муносабати билан ишдан бўшатилганларга қонун ҳужжатларида белгиланган пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин умумий асосларда: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан. Хусусан:

• эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда;

• аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини тақдим этиш зарур (592-сон Низом «к» б.).

Бундан ташқари, оғир меҳнат шароитларида ишлаган шахсларнинг айрим тоифалари махсус Рўйхатга мувофиқ имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга (10.10.2025 йилдаги 637-сон ВМҚ).

 

 

– «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари» тушунчаси қандай таърифланади? Уларга кимлар киради?

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (06.08.2024 йилдаги 484-сон ВМҚ) билан тасдиқланган Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари классификатори мавжуд.

У 101 та субъектдан иборат рўйхатни ўз ичига олади ва 10 та асосий гуруҳга бўлинган.

Бунга қуйидагилар киради:

• ўзгалар парваришига муҳтож шахслар;

• ногиронлиги бўлган шахслар;

• одам савдосида жабрланган шахслар;

• тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар;

• муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар;

• психоактив моддаларга қарам бўлган шахслар;

• оғир (қийин) ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар;

• фавқулодда вазиятлардан жабрланган шахслар;

• озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган шахслар;

• оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар.

Шунингдек, ҳужжат билан Ижтимоий хизматлар классификатори тасдиқланган.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 91 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика