Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги «Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-217-сон Фармонига мувофиқ, иқтисодиётнинг стратегик жиҳатдан муҳим сектори сифатида туризм соҳасининг тизимли ва барқарор ривожланишини таъминлаш, соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ҳамда миллий туристик маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;
(б) чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млн нафардан 20 млн нафаргача етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш;
(в) туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш;
(г) Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш;
(д) 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш;
(ж) туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификация қилиш орқали республиканинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
(з) жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистоннинг туристик брендини яратиш ва миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги инструментларни жорий этиш.
II. Соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш
2. Қуйидагилар:
(а) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
(б) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг ташкилий тузилмаси 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
(а) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) туризм соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
(б) Қўмита ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли;
(в) Қўмита раиси:
(i) белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
(ii) Қўмита ва унинг тизимидаги ташкилотлар ишини тўғри ва самарали ташкил этиш, бу орқали уларнинг фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, ушбу йўналишда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз ва тўлақонли эришишни таъминлаш учун масъул ҳамда шахсан жавобгар ҳисобланади;
(г) Қўмита Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади.
III. Туристик оқимни ошириш
4. Миллий туристик маҳсулотларни жаҳонда оммалаштириш мақсадида:
(а) Қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари лавозими киритилсин;
(б) Қўмитанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари (кейинги ўринларда – ваколатхоналар) 3-иловага мувофиқ ташкил этилсин;
(в) ваколатхоналар ўзи фаолият юритадиган давлатларда 4-иловада назарда тутилган вазифаларни бажариши белгилансин;
(г) Қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари «Миллий PR-маркази» давлат муассасаси ва ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда миллий туристик маҳсулотларнинг самарали маркетинги учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгилансин.
5. Қўмита:
(а) Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
(i) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун визасиз режим жорий этиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ва унинг ҳудудида бўлиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш;
(ii) республиканинг туризм-транспорт логистикасини ривожлантириш бўйича пухта ишлаб чиқилган таклифларни;
(б) Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасини;
(в) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи 2030 йилгача мўлжалланган туристик хизматлар бозорларида маркетинг стратегияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(i) миллий туристик маҳсулотларни фаол саёҳат қилувчи аҳолига эга хорижий давлатларда оммалаштириш;
(ii) туризм соҳасида таргетланган реклама тизимини кенг жорий этиш.
6. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Маданий мерос агентлиги, Қўмита билан биргаликда туристларни жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш мақсадида 2026–2028 йилларда қуйидаги лойиҳа ва чора-тадбирларни амалга оширсин:
(а) Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича «Самарқанднинг мерос йўли» лойиҳасини;
(б) аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва «ақлли» музей-шаҳарга айлантириш;
(в) Тошкент шаҳри бўйича:
(i) модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тақдим этиш;
(ii) энг кўп мозаикалар бор шаҳар сифатида жаҳон миқёсида эътироф этилишига эришиш.
7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қўмита ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қуйидаги тартибда жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларини савдо-кўнгилочар мажмуаларга жалб қилиш ҳамда шаҳарлар четларида (атрофларида) миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет марказларни ташкил этиш чораларини кўрсин:
(а) биринчи босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида;
(б) иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.
IV. Туризм соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) 2026 йил 1 февралдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин;
(б) 2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан:
(i) туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;
(ii) меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
(в) 2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференциялар ва тадбирларни (MICE туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади;
(г) 2027 йил 1 январга қадар ушбу қарорга 5-иловада назарда тутилган тартибга риоя қилган ҳолда:
(i) туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади;
(ii) Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;
(iii) туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларнинг сонидан қатъи назар, уларга битта сертификат беришга рухсат этилади;
(д) 2030 йил 1 январга қадар «Brand Finance» компаниясининг топ-50 талик рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда бренд билан дастлабки келишувларга эга меҳмонхона қурилишини бошлаган тадбиркорлик субъектлари меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлашда мазкур бренднинг талабига мувофиқ олиб келадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебель ва инвентарлар учун божхона божини тўлашдан озод этилади.
9. Белгилансинки:
(а) Қўмита республика ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни (Rebate) мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади;
(б) ушбу банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган харажатлар суммаси:
(i) 3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз;
(ii) 3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз;
(iii) 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз;
(iv) 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
(в) 2026 йил 1 мартдан бошлаб нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан фильмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ўз павильонларида ёки компьютер графикаси ёрдамида) учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.
V. Туризм соҳасини рақамлаштириш
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
(а) ишга тушириладиган Миллий туризм ягона платформаси ва унинг мобиль иловаси орқали:
(i) хорижий туристларнинг розилиги асосида Давлат чегарасини кесиб ўтишда йиғиладиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда туристик электрон SIM-карта билан улаш ва вақтинча бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш проактив шаклда амалга оширилади;
(ii) мулкчилик шаклидан қатъи назар транспортнинг барча турлари интеграция қилинган ҳолда саёҳат йўналишини тузиш, энг мақбул йўналиш ва транспорт турини танлаш, чипталарни онлайн банд қилиш ва сотиб олиш имконияти яратилади;
(iii) чипта хўжалиги жорий қилинган барча туризм объектлари, шу жумладан, музейлар, маданий мерос объектлари, маданият, кўнгилочар ва дам олиш объектларига билетларни онлайн сотиб олиш имкониятига эга бўлган ягона чипта тизими жорий қилинади;
(iv) экскурсиялар ўтказиш учун интерактив хариталар, планшетлар, аудиоёрдамчи, видеоёрдамчи ҳамда онлайн трансляциялар воситасида туристик объектлар ҳақида ахборот бериш имконини берувчи рақамли гид тизими ишга туширилади;
(v) жойлаштириш воситалари томонидан хорижий ва маҳаллий туристлардан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим биллинг тизими орқали автоматик тарзда тўғридан-тўғри Жамғармага ўтказилади;
(б) аҳоли томонидан дала ҳовлиларини ижарага бериш «Soliq» мобиль иловаси орқали «мен билан бирга» шаклида бир нафар шахс номига бирга дам олувчилар сонини кўрсатган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш орқали амалга оширилади.
11. 2026 йил якунига қадар Миллий туризм ягона платформаси доирасида «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси билан интеграция қилган ҳолда республика ҳудудларига туристлар оқимлари (тоифаларга қараб) ва уларнинг хоҳишларини таҳлил қилиш, персоналлаштирилган маршрутлар ва таклифларни яратиш, шунингдек, нарх шаклланиши ва ресурслар тақсимланиши каби имкониятларни назарда тутувчи сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш тизими жорий этилсин.
VI. Соҳада кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш
12. Туризм хизматлари сифатини ошириш мақсадида Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампусида туризм соҳаси субъектлари ходимларининг малакасини ошириш (1 ойгача) ҳамда уларни қайта тайёрлаш (8 ойгача) ўқув курслари ташкил этилсин.
VII. Жамғарма харажатларини мақбуллаштириш
13. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) Жамғарма кенгаши тузилиб, унинг ижобий қарори бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш бюджет ҳамда смета-штат интизомини бузиш ҳисобланади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган лойиҳалар ҳамда Қўмита, шу жумладан, унинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар мустасно;
(б) Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг натижадорлиги Жамғарма кенгаши томонидан доимий равишда баҳолаб борилади;
(в) Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига туристик (меҳмонхона) йиғимдан келиб тушадиган тушумлардан ўтказиладиган маблағ миқдори амалдаги 10 фоиздан 5 фоизга камайтирилади.
14. Қўмита Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма манбалари ҳисобидан вазирлик ва идораларга ажратмаларни бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
VIII. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
15. Туризмни жадал ривожлантириш ва ушбу соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 6-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти ҳузурида Туризм соҳасидаги ислоҳотлар штаби фаолияти йўлга қўйилсин.
17. Белгилансинки:
(а) Туризм соҳасидаги ислоҳотлар штаби ҳудудлар, тармоқлар ҳамда йирик туристик объектлар кесимида туризм соҳасидаги масалаларни мониторинг қилиш ва ҳал қилиш, янги имкониятларни аниқлаш ҳамда ишга солиш чораларини кўриб боради;
(б) Туризм соҳасидаги ислоҳотлар штабига жалб қилинган (хизмат сафарига юборилган) давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шартлари тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда хизмат сафари давомида уларнинг асосий иш жойи бўйича бюджет ташкилотларининг мавжуд тасдиқланган бюджет параметрлари ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида ойлик иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устама тўланади.
18. Қўмита:
(а) бир ой муддатда Туризм қўмитаси тўғрисидаги низомни;
(б) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Қўмита Тошкент шаҳри Амир Темур шоҳкўчаси 107б-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Туризм қўмитаси раиси белгилансин.
21. Ушбу қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи Г.О.Умерова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2025 йил 19 ноябрь
ПҚ-348-сон.
ЎзР Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарорига
1-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИНГ
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
1. Туризм турларини диверсификация қилиш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилиш.
2. Туристик хизматларнинг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, мамлакатнинг туристик нуфузини янада ривожлантириш, бебаҳо туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, миллий туристик маҳсулотлар ва туризм брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш.
3. Туристик инфратузилмани шакллантириш, шу жумладан, туристик объектларни жойлаштириш учун имконият юқори бўлган ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, инвесторларни жалб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, туристик объектларни давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш.
4. Туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туристик хизматлар бозорида рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
5. Туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, туризм соҳаси субъектлари ходимларини мунтазам қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори даражада ташкил этиш, соҳада илм-фанни ривожлантиришга кўмаклашиш.
6. Мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш.
7. Республика ҳудудларининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб, туризмнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туристик маҳсулотларни яратиш, уларни паспортлаштириш, туризм соҳасидаги ягона реестрларни шакллантириш.
8. Туристик объектларда, овқатланиш жойларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш вақтида ва ташрифларни ташкил этишда туристлар хавфсизлиги ҳамда соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туристик хизматларни кўрсатиш сифати ва хавфсизлигининг стандартларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш.
9. Республика кинолокацияларини, шу жумладан, жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда хорижда тарғиб қилиш.
10. Туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, шунингдек, хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш.
ЎзР Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарорига
3-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМ ҚЎМИТАСИНИНГ
ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДАГИ ВАКОЛАТХОНАЛАРИ
РЎЙХАТИ
|
Т/р |
Ваколатхона жойлашадиган шаҳар |
Фаолият олиб бориладиган минтақа |
Штат бирликлари сони |
|
1. |
Абу Даби шаҳри |
Кўрфаз давлатлари |
3 |
|
2. |
Жакарта шаҳри |
Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари |
3 |
|
3. |
Париж шаҳри |
Европа давлатлари |
5 |
|
4. |
Пекин шаҳри |
Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Япония |
5 |
|
5. |
Нью-Йорк шаҳри |
АҚШ, Канада, Лотин Америкаси давлатлари |
3 |
Изоҳлар:
Ваколатхоналар фаолияти тегишли давлатлар билан келишиш тартиб-таомиллари амалга оширилгандан сўнг 2027 йил 1 январдан кейин ташкил этилади.
Ваколатхоналар штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
ЎзР Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарорига
4-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМ ҚЎМИТАСИНИНГ ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДАГИ ВАКОЛАТХОНАЛАРИ ТОМОНИДАН БАЖАРИЛАДИГАН ВАЗИФАЛАР
I. Миллий туристик маҳсулотлар маркетинги
1. Тегишли давлатнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мақсадли маркетинг стратегияларини (телевидение, интернет ва ижтимоий тармоқлар, босма нашрлар, ташқи реклама орқали) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
2. Оммавий ахборот воситалари ва фикр етакчилари (инфлюенсерлар) билан ишлаш, шу жумладан, журналистлар, блогерлар ва туроператорлар учун матбуот анжуманлари ва пресс турлар ташкил этиш, ижобий ахборот фонини яратиш.
3. Маҳаллий тилларда рақамли маркетинг ўтказиш, шу жумладан, миллий туризм ягона платформаси ва ижтимоий тармоқларни оммалаштириш, онлайн кампанияларни йўлга қўйиш.
4. Маҳаллий тилларда миллий туризм имкониятлари ҳақида долзарб каталоглар, брошюралар, хариталар ва видеоматериаллар тайёрлаш ва тарқатиш.
5. Халқаро туристик кўргазмалар ва ярмаркаларда миллий стендни ташкил этиш, янги маҳсулотлар ва йўналишларни тақдимот қилиш.
II. Туристик бизнес вакиллари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш
1. Миллий туристик маҳсулотларни ўз туристик пакетларига қўшиш учун етакчи туроператорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш.
2. Маҳаллий туристик бизнес вакиллари учун «B2B» тадбирларини ташкил этиш, шу жумладан, роуд-шоулар, тақдимотлар ва воркшоплар ўтказиш.
3. Республика билан ишлашдан манфаатдор бўлган чет эллик туристик компаниялар учун «ягона дарча» тамойилини йўлга қўйиш.
4. Маҳаллий бозордаги талабни ўрганган ҳолда Туризм қўмитаси учун янги туристик маҳсулотларни яратиш ва мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
III. Ахборот ва таҳлилий фаолият
1. Тегишли давлатдаги тенденциялар, рақобат муҳити, туристик хизматлар истеъмолчиларининг ҳаракати ва уларга бўлган талабини доимий равишда таҳлил қилиш.
2. Туристлар, туроператорлар ва оммавий ахборот воситаларидан миллий туристик маҳсулотлар сифати ва улардан фойдаланишга бўлган қизиқиши тўғрисида маълумотлар олиш.
3. Туризм қўмитасига ўз фаолияти, маркетинг кампаниялари самарадорлиги ва стратегияни такомиллаштириб бориш бўйича ҳисоботларни доимий равишда тақдим этиб бориш.
4. Қонунчиликдаги, шу жумладан, туристик оқимга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган виза ва республикага киришга оид талаблардаги ўзгартиришларни кузатиб бориш.
IV. Ижобий миллий имижни яратиш ва оммалаштириш
1. Мамлакатнинг муҳим туризм йўналиши сифатидаги барқарор, жозибадор ва хавфсиз имижни шакллантириш.
2. Умумий мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
3. Визага оид тартиб-таомилларни соддалаштириш, авиақатновларни ва туристик оқимни оширишга хизмат қиладиган бошқа омилларни яхшилашга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
4. Мамлакатнинг таниқлилиги ва жозибадорлигини ошириш учун маданий тадбирлар, фестиваллар ва маданият кунларини ташкил этиш.
V. Миллий туристик маҳсулот ҳақидаги хабардорликни ошириш
1. Миллий туристик маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича чет эллик туроператорлар учун ўқув семинарлари ва вебинарлар ўтказиш.
2. Долзарб таклифлар, чегирмалар ва махсус турлар ҳақида ахборот тақдим этиш.
ЎзР Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарорига
5-ИЛОВА
ТУРИЗМ СОҲАСИ СУБЪЕКТЛАРИ УЧУН АЙРИМ ИМТИЁЗЛАРНИ ҚЎЛЛАШ
ТАРТИБИ
I. Мазкур қарор 8-банди «г» кичик бандининг иккинчи хатбошиси бўйича
1. Имтиёз Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган янги ишлаб чиқарилган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандарт талабларига мос келадиган автобус ва ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари саккиз ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган микроавтобуслар учун тақдим этилади.
2. Имтиёз Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган янги ишлаб чиқарилган электробуслар учун ҳам тақдим этилади.
3. Импорт қилинган автобуслар, электробус ва микроавтобуслар импорт қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида бошқа шахсга сотилган ёки ўтказилган ёхуд ижарага берилган тақдирда, тақдим этилган имтиёз бекор қилинади ҳамда божхона божи белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда импорт қилган шахсдан ундириб олинади.
II. Мазкур қарор 8-банди «г» кичик бандининг учинчи хатбошиси бўйича
4. Транспорт воситаси импорт қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ташқарида фойдаланилгани, бошқа шахсларга сотилгани ёки ўтказилгани ёхуд ижарага берилгани аниқланган тақдирда, божхона божи ва утилизация йиғими тўлиқ ҳажмда импорт қилган шахсдан ундириб олинади.
III. Мазкур қарор 8-банди «г» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси бўйича
5. Имтиёз Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган янги ишлаб чиқарилган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандарт талабларига мос келадиган автобус ва ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари саккиз ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган микроавтобуслар учун тақдим этилади.
6. Имтиёз Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган янги ишлаб чиқарилган электробуслар учун ҳам тақдим этилади.
7. Импорт қилинган автобус, электробус ва микроавтобуслар импорт қилинган кундан бошлаб 3 йил давомида бошқа шахсга сотилган ёки ўтказилган ёхуд ижарага берилган тақдирда, тақдим этилган имтиёз бекор қилинади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда транспорт воситасини импорт қилган шахсга молиявий санкция қўлланади.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.11.2025 йилдан кучга кирди.
**Ушбу қарорга 2, 6-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.
