Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 48 / Расмий ҳужжатлар

«Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги ёшларга «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда ёшлар ҳамжамиятида ижтимоий капитални ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида қарор қиламан:

 

I. Мақсадлар 

1. Қуйидагилар Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) 16 минг нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш;

(б) 30 минг нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;

(в) «Мутолаа» лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшларнинг улушини 10 фоизга ошириш;

(г) «Ёшлар дафтари»га киритилган 100 минг нафар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

(д) «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга ошириш.

 

II. Ёшлар билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш

2. Белгилансинки, 2026 йил 1 февралдан бошлаб ушбу Фармоннинг 1-иловасида назарда тутилган ижтимоий ёрдам турлари индивидуал режа асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларнинг шахсий ривожланишига қаратилган ёшлар ижтимоий шартномаси (кейинги ўринларда – ижтимоий шартнома) орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

(а) таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориш (узрли сабаблар бундан мустасно);

(б) таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;

(в) волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш;

(г) «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказиладиган лойиҳаларда қатнашиш;

(д) илмий, илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам мутолаа қилиш;

(ж) тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолиятини йўлга қўйиш;

(з) хорижий тилларни ўзлаштириш бўйича камида B1 даражасига эришиш.

Бунда мазкур шартларнинг аниқ турлари кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

3. Белгилаб қўйилсинки, ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда босқичма-босқич қуйидаги кетма-кетликда чоралар қўлланади:

(а) ижтимоий шартноманинг бажарилмаган шартларини ўн беш кун ичида бажариш лозимлиги тўғрисида огоҳлантириш;

(б) ижтимоий ёрдам миқдорларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш;

(в) ижтимоий ёрдам кўрсатишни бир ойдан олти ойгача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиш;

(г) ижтимоий ёрдам кўрсатишни бир йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш. Бунда:

(i) ушбу банднинг «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган чоралар қўллангандан сўнг ижтимоий ёрдам кўрсатилган шахс ижтимоий шартнома шартларини лозим даражада бажарган тақдирда, қўлланган чоралар бекор қилиниб, чоралар қўлланиши натижасида кўрсатилмай қолган ижтимоий ёрдамлар тўлиқ тақдим этилади;

(ii) ушбу банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган чоралар тегишли маҳалладаги ёшлар етакчиси томонидан, «б», «в» ва «г» кичик бандларидаги чоралар эса Ёшлар ягона электрон платформаси орқали автоматик тарзда қўлланади ҳамда бекор қилинади.

4. Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида олти ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қуйидагича рағбатлантирилади:

(а) ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилган вақтидан қатъи назар, унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади;

(б) энг яхши 1 000 нафар ёшлар ҳар йили бир марта Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади;

(в) ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.

5. Белгилансинки:

(а) ижтимоий шартнома тегишли маҳалладаги ёшлар етакчиси ҳамда ёрдам кўрсатиладиган шахс (ўн саккиз ёшгача бўлганлар учун уларнинг номидан ота-онаси ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) ўртасида Ёшлар ягона электрон платформасида электрон шаклда расмийлаштирилади;

(б) ижтимоий шартнома шартларининг бажарилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш Ёшлар ягона электрон платформаси орқали автоматик тарзда амалга оширилади;

(в) ёшлар етакчиси, заруратга кўра, ижтимоий шартнома шартлари бажарилишини жойига чиққан ҳолда назорат қилиш ҳуқуқига эга.

 

III. «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 февралдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга:

(а) сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисобварағидан амалга оширилади ҳамда ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади;

(б) «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали:

(i) автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш бўйича субсидия ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А», «B», «D» ва «DE» тоифаларини олиш учун тўлаб берилади;

(ii) касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача қисми ўқувчи-талаба билан тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади ҳамда ёрдамнинг умумий миқдори бир ўқув йили учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаслиги лозим;

(iii) ёшларнинг тадбиркорлик, анъанавий ва замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш, хорижий тилларга ўқитиш, илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун тўланадиган ҳар ойлик субсидиялар миқдори ўтган ойда субсидия олувчи томонидан ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб белгиланади;

(iv) айни бир шахс бир календарь йил давомида турли ижтимоий ёрдамлардан кўпи билан икки марта фойдаланиши мумкин.

7. Ёшлар ишлари агентлиги:

(а) ҳар йили 1 февралга қадар ижтимоий ёрдамларнинг самарадорлигини баҳолаш натижаларига кўра самараси паст бўлган ижтимоий ёрдамларни, заруратга кўра, мақбуллаштириш, шунингдек, самарадорлигини ошириш мақсадида уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(б) икки ой муддатда «Ёшлар дафтари» жамғармаларидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамларнинг самарадорлигини баҳолаб бориш методологиясини тасдиқласин;

(в) икки ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқиб, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам тақдим этишнинг янги тартибини, ижтимоий шартнома асосида ёрдам кўрсатиш қўлланмайдиган шахслар тоифаларини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони билан тасдиқланган «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар рўйхатига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

 

IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

9. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З.Саъдуллаев белгилансин.

10. Фармон ижроси учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2025 йил 20 ноябрь

ПФ-222-сон.

ЎзР Президентининг 2025 йил 20 ноябрдаги ПФ-222-сон Фармонига
1-ИЛОВА

ИЖТИМОИЙ ШАРТНОМА ТУЗИШ ОРҚАЛИ «ЁШЛАР ДАФТАРИ» ЖАМҒАРМАЛАРИДАН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ИЖТИМОИЙ ЁРДАМЛАР
РЎЙХАТИ

1. Камида 3 нафар ёшларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш.

2. 6 ой давомида мунтазам спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун махсус спорт формаси, инвентарь ёки мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш.

3. Автомототранспорт воситалари ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А», «B», «D» ва «DE» тоифаларини олиш бўйича ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш.

4. Касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг тўлов-контракт суммасини тўлаб бериш.

5. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга тураржой ижараси учун компенсация тўлаш.

6. Ёшларнинг тадбиркорлик, анъанавий ва замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатлари учун субсидия ажратиш.

7. Ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун субсидия ажратиш.

8. Ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларда қатнашиш харажатлари учун субсидия ажратиш.

9. Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг нотурар жой ижараси ёки зарур жиҳозлар билан таъминлаш харажатлари учун субсидия ажратиш.

10. Ёшлар учун сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни бепул ўташ имкониятини яратиш.

 

ЎзР Президентининг 2025 йил 20 ноябрдаги ПФ-222-сон Фармонига
2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2025 ЙИЛ 30 ЯНВАРДАГИ ПФ-17-СОН ФАРМОНИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН «АЁЛЛАР ДАФТАРИ», «ЁШЛАР ДАФТАРИ» ҲАМДА «САХОВАТ ВА КЎМАК» ЖАМўАРМАЛАРИ ОРҚАЛИ КЎРСАТИЛАДИГАН ИЖТИМОИЙ ЁРДАМЛАР РЎЙХАТИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР

«I. «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар» бўлимида:

(а) 5–9-позициялар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

5.

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А», «B», «D» ва «DE» тоифаларини олиш бўйича ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш

Бир марта

БҲМнинг 8 бараваригача

1. Мазкур субсидия Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда ўқув курсларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи ёшга тўлган, бироқ 30 ёшдан ошмаган аъзолари учун ажратилади.

2. Мазкур субсидиянинг 50 фоизи ўқув курси бошланишида, қолган қисми миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси олинганидан сўнг ҳамда ижтимоий шартноманинг шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўлаб берилади.

3. Субсидия тўловларининг 50 фоизи автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курсини ташкил қилган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига шартнома асосида, қолган 50 фоизи шартнома шартларига кўра таълим ташкилотига ўтказиб берилади ёки фуқарога тўлаб берилади

 

 

6.

Касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг тўлов-контракт суммасини тўлаб бериш****

Тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача қисми миқдорида, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда

1. Мазкур ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг 30 ёшдан ошмаган касбий таълим, бакалавриат ва магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талаба аъзоларига берилади.

2. Тўлов-контракт суммаси ўқувчи-талаба билан тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади

 

 

7.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга турар жой ижараси учун компенсация тўлаш

12 ойдан кўп бўлмаган муддатга

Ҳар ойда, ижара тўловларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 2 бараваригача (Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида БҲМнинг 3 бараваригача)

1. Мазкур компенсация Камбағал оилалар реестрига киритилган ёш оилаларга ажратилади.

2. Мазкур компенсация солиқ органларида ҳисобга қўйилган ижара шартномасига мувофиқ ажратилади.

3. Ижара учун компенсация суммаси ижара тўловининг иккинчи ойидан бошлаб тузилган ижтимоий шартнома шартлари бажарилиши даражасидан келиб чиқиб тўланади

 

 

8.

Ёшларнинг тадбиркорлик, анъанавий ва замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатлари учун субсидия ажратиш****

6 ойдан кўп бўлмаган муддатга

Ҳар ойда, БҲМнинг 4 бараваригача

1. Мазкур ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг 14–30 ёшдаги аъзолари учун ажратилади.

2. Ҳар ойлик субсидиялар миқдори ўтган ойда субсидия олган шахс томонидан ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб белгиланади ва тўлов амалга оширилади.

3. Тегишли маблағлар ўқув курсларини ташкил этган таълим ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ ўтказилади

 

 

9.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун субсидия ажратиш****

6 ойдан кўп бўлмаган муддатга

Ҳар ойда, БҲМнинг 1 бараваригача

1. Мазкур ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг 14–30 ёшдаги аъзолари учун ажратилади.

2. Ҳар ойлик субсидиялар миқдори ўтган ойда субсидия олган шахс томонидан ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб белгиланади ва тўлов амалга оширилади

3. Тегишли маблағлар ўқув курсларини ташкил этган таълим ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ ўтказилади

»;

 

 

(б) 12-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

12.

Ёшлар учун сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни бепул ўташ имкониятини яратиш

Бир марта

1. Мазкур ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг 18–27 ёшдаги аъзоларига ажратилади.

2. Ёш фуқарога ҳарбий хизматни ўтаб келгандан сўнг расмий банд бўлиш мажбурияти юкланади

».

 

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.11.2025 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 158 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика