Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 12 ноябрда рўйхатдан ўтказилди,
рўйхат рақами 3704
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги ПФ-6300-сон «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2024 йил 10 июлдаги ПФ-100-сон «Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси қарор қилади:
1. Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» дастурий комплексидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис биринчи ўринбосари
М.АБДУЛЛАЕВ.
Тошкент ш.,
2025 йил 5 ноябрь
95-сон.
ЎзР Ҳисоб палатасининг 2025 йил 5 ноябрдаги 95-сон қарорига
ИЛОВА
ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТ ОРГАНЛАРИ ВА ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТЛАРИ ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ ПАЛАТАСИНИНГ «ДАВЛАТ АУДИТИ» ДАСТУРИЙ КОМПЛЕКСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
Мазкур Низом давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг (бундан буён матнда Ҳисоб палатаси деб юритилади) «Давлат аудити» дастурий комплексидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«Давлат аудити» дастурий комплекси (бундан буён матнда «Давлат аудити» дастури деб юритилади) – давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг назорат (аудит) тадбирларини рўйхатга олиш, назорат (аудит) тадбирларининг натижаларини жамлаш, сақлаш, ишлов бериш ҳамда ҳисоботлар шакллантириш имконини берувчи Ҳисоб палатасининг ахборот тизими;
давлат молиявий назорат органлари – Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги ваколатли органлар ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси;
давлат органлари ва ташкилотлари – ички аудит хизмати ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат мақсадли жамғармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари;
ички аудит хизмати – давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини амалга оширувчи ҳамда бошқа таркибий тузилмалардан мустақил таркибий бўлинма;
назорат (аудит) тадбирлари – давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари ходимлари томонидан давлат молиявий назорати ва ички аудит хизмати мақсадларига эришишга қаратилган назорат (аудит) объектида, шу жумладан масофавий равишда амалга ошириладиган жараён;
назорат (аудит) тадбирлари натижалари – давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизмати ходимлари томонидан назорат (аудит) объектларида, шу жумладан масофавий равишда ўтказилган назорат (аудит) тадбирларида аниқланиб, уларнинг якуни бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар;
фойдаланувчи субъектлар – «Давлат аудити» дастуридан фойдаланувчи давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизмати ходимлари;
администратор – «Давлат аудити» дастурига ҳуқуқий эгалик қилувчи, кириш ҳуқуқларини ва ундан фойдаланишни бошқарувчи ва назорат қилувчи Ҳисоб палатаси;
техник администратор – «Давлат аудити» дастурини техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириб боришни амалга оширувчи ташкилот;
оператор – давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизматининг «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтган ва ҳужжатларни яратиш, маълумотларни киритиш, таҳрирлаш, янгилаб бориш, ҳисобини юритиш ва бошқа амалларни бажариш ваколати берилган масъул ходимлари.
2. «Давлат аудити» дастуридан фойдаланишнинг мақсади давлат органлари ва ташкилотларида бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатларини таҳлил қилиш, такрорий ва асоссиз молиявий назорат (аудит) тадбирларининг олдини олиш мақсадида уларнинг самарадорлигини ошириш учун давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг назорат (аудит) тадбирларига доир маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш орқали ҳисоб ва ҳисобот жараёнини автоматлаштиришдан иборат.
3. Қуйидагилар «Давлат аудити» дастуридан фойдаланишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
назорат (аудит) тадбирларини рўйхатга олиш;
давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг йиллик иш режаларига киритиладиган назорат (аудит) тадбирларини мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси билан келишиш;
давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг назорат (аудит) объектлари, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисида маълумотлар (вазифа ва функциялари, ташкилий тузилмаси, штат бирликлари, ходимлар) базасини шакллантириш;
назорат (аудит) тадбирлари натижаларини тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш орқали ҳисоботларни шакллантириш;
назорат (аудит) объектлари томонидан назорат (аудит) тадбирлари бўйича ёзма фикр билдириш;
фуқаролар иштирокида ўтказиладиган назорат (аудит) объектларини аниқлаш;
назорат (аудит) объектларига кўрсатмалар юбориш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
назорат (аудит) тадбирлари натижалари юзасидан тегишли давлат органларига хабарномалар юбориш имконини яратиш.
2-БОБ. ФОЙДАЛАНУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИ «ДАВЛАТ АУДИТИ» ДАСТУРИДА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ
4. «Давлат аудити» дастурида қуйидагилар фойдаланувчи субъектлар сифатида рўйхатдан ўтказилади ва уларга қуйидаги кириш ҳуқуқлари берилади:
давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари ва ўринбосари учун – «тасдиқловчи» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ўринбосари, таркибий бўлинмалари бошлиқлари учун – «маъқулловчи» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизмати ходимлари (2 нафаргача) учун – «оператор» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизматининг «оператор» ҳуқуқи берилмаган ходимлари учун – «фойдаланувчи» ҳуқуқи.
5. Давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтказиш учун Ҳисоб палатасига сўровнома тақдим этилади. Сўровномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
фойдаланувчи субъектларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
фойдаланувчи субъектларнинг лавозими ва улар фаолият юритувчи бўлинманинг номи;
фойдаланувчи субъектларнинг паспорт (ID-карта) серияси ва рақами;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган кириш ҳуқуқлари рўйхати;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари ходимларининг малака сертификати рақами;
фойдаланувчи субъектларнинг электрон почта манзили.
6. «Давлат аудити» дастурида ходимларни оператор сифатида рўйхатдан ўтказиш ва шахсий кабинетни очиш учун давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг ходимга «оператор» вазифаси юклатилган буйруғи нусхаси сўровномага илова қилиниши лозим.
7. Фойдаланувчи субъектларни «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтказиш сўровнома тақдим этилган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилади.
8. Тақдим этилган сўровномада мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган маълумотлар бўлмаса ёки тўлиқ кўрсатилмаган бўлса Ҳисоб палатаси томонидан фойдаланувчи субъектларни «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтказиш рад этилади.
9. Давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фойдаланувчи субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун камчиликларни бартараф этган ҳолда такроран сўровнома тақдим этиши мумкин.
10. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари мавжуд бўлмаса, фойдаланувчи субъектлар «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтказилади ҳамда шахсий кабинет очилади.
11. Фойдаланувчи субъектларнинг «Давлат аудити» дастуридаги шахсий кабинетида қуйидаги маълумотлар сақланиши шарт:
фойдаланувчи субъектнинг идентификатори (ID-рақами);
шахсий кабинетнинг яратилган санаси ва вақти;
фойдаланувчи субъектнинг лавозими ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари.
12. «Давлат аудити» дастуридан рўйхатдан ўтказилган фойдаланувчи субъектлар ушбу дастурдаги шахсий кабинетига Ягона идентификация тизими (OneID) ёки электрон рақамли имзо орқали кириш ҳуқуқига эга бўлади, бунда дастурга ўзига тегишли бўлмаган Ягона идентификация тизими (OneID) ёки электрон рақамли имзо орқали кириш тақиқланади.
13. Давлат молиявий назорат органлари, давлат органлари ва ташкилотлари фойдаланувчи субъектлари билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, улар бошқа лавозимга ўтказилганда ёки уларнинг «Давлат аудити» дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши ёхуд ўзгаришига сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар юз берган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида Ҳисоб палатасини ёзма хабардор қилиши керак.
Бунда, Ҳисоб палатаси томонидан йигирма тўрт соат ичида фойдаланувчи субъектларнинг «Давлат аудити» дастурига кириш ҳуқуқлари янгиланади ёки уларнинг шахсий кабинети блокланади ҳамда архивга кўчирилади ва камида бир йил давомида сақланади.
14. «Давлат аудити» дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинган шахслар ўрнига бошқа фойдаланувчи субъектларни рўйхатдан ўтказиш ушбу бобда белгиланган тартибда амалга оширилади.
3-БОБ. «ДАВЛАТ АУДИТИ» ДАСТУРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
15. Фойдаланувчи субъектлар «Давлат аудити» дастуридан рўйхатдан ўтказилгандан сўнг уч иш куни ичида оператор томонидан ушбу дастурга тегишли давлат молиявий назорат органи, давлат органи ёки ташкилотининг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, вазифа ва функциялари, таркибий тузилмаси, штат жадвали, давлат молиявий назорат органи ёки ички аудит хизмати ходимлари таркиби тўғрисидаги маълумотлар киритилади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.
16. Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг келгуси йил учун йиллик режалари (дастурлари) лойиҳаларини «Давлат аудити» дастурида шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) келгуси йил учун йиллик режа (дастур) лойиҳаси ҳар йили декабрь ойининг 10-санасига қадар шакллантирилади ва Ҳисоб палатасига келишиш учун йўналтирилади;
б) Ҳисоб палатаси келишиш учун келиб тушган йиллик режа (дастур) лойиҳасини назорат (аудит) объектида ўтказилиши режалаштирилган назорат (аудит) тадбирлари такрорланмаслиги ва асосланганлиги нуқтаи назардан беш иш куни ичида кўриб чиқади.
Бунда:
давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг йиллик режасида (дастурида) айни бир объектда бир хил масала юзасидан назорат (аудит) тадбирини ўтказиш режалаштирилган бўлса, ушбу назорат (аудит) тадбири такрорий ҳисобланади (бундан мавжуд жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган назорат тадбирлари бундан мустасно) ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан йиллик режани (дастурни) келишиш рад этилади;
давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан объектда назорат (аудит) тадбирини ўтказиш учун муайян асослар (қонунчиликдаги мажбурий талаб, хавф таҳлили натижалари) мавжуд бўлмаса, назорат (аудит) тадбирини ўтказиш асоссиз деб ҳисобланади ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан йиллик режани (дастурни) келишиш рад этилади;
в) келишиш рад этилган йиллик режага (дастурга) давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан тегишли тузатишлар киритилган ҳолда Ҳисоб палатасига келишиш учун қайта юборилади;
г) кўриб чиқилган йиллик режа (дастур) Ҳисоб палатаси томондан келишилади;
д) Ҳисоб палатаси билан келишилган йиллик режа (дастур) давлат молиявий назорат органи, давлат органи ёки ташкилотининг раҳбари томонидан ҳар йили декабрь ойининг 25-санасига қадар тасдиқланади.
17. Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг йиллик режасига (дастурига) ўзгартириш киритиш ва тасдиқлаш ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Бунда, Ҳисоб палатаси томонидан келишилган йиллик режага (дастурга) ўзгартиришлар давлат молиявий назорат органи, давлат органи ёки ташкилотининг раҳбари томонидан шу куннинг ўзида тасдиқланиши лозим.
Йиллик режага (дастурга) ўзгартириш киритиш асосли бўлиши лозим.
18. Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан назорат (аудит) тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги буйруқлар «Давлат аудити» дастурида яратилади ҳамда улар тасдиқланганидан сўнг ушбу дастурда автоматик равишда рўйхатга олинади ва рақам берилади.
19. «Давлат аудити» дастурида яратилган буйруқлар ушбу дастурнинг ўзида ёки «ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ҳужжат айланиш тизими орқали тасдиқланиши мумкин.
20. «Давлат аудити» дастурида рўйхатга олинмаган назорат (аудит) тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.
21. Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган назорат (аудит) тадбирларига доир барча ҳужжатлар ахборот тизимида жамланади, бундан давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно.
Бунда, назорат (аудит) тадбирлари ҳисоботи (далолатнома, маълумотнома) тасдиқланганидан сўнг назорат (аудит) тадбирига оид ҳужжатлар ва маълумотлар уч иш кунидан кечиктирмасдан «Давлат аудити» дастурига киритилиши лозим.
22. Ички аудит хизматлари томонидан Ҳисоб палатасининг «Масофавий аудит» ахборот тизими орқали юборилган риск-таҳлилларни ўрганиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар ўн кун ичида «Давлат аудити» дастурига киритилади.
23. Ички аудит хизматлари «Давлат аудити» дастури орқали бир иш куни ичида қуйидаги ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекциясини хабардор қилади:
ўзи аниқлаган ва ваколати доирасида ҳал этиш имкони бўлмаган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари;
аниқланган бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари, молиявий хато ва камчиликлар, мақсадсиз ва ноқонуний харажатлар, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомади;
жиноят аломатлари, коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари (шу жумладан, ички аудит тадбирини амалга оширган шахслар томонидан) аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўриш (ҳужжатлаштириш, олдини олиш чораларини кўриш) ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш юзасидан.
24. Назорат (аудит) тадбирлари материалларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганлиги, тузилган маъмурий баённомалар ва судлар томонидан қўлланилган маъмурий жазо чоралари тўғрисидаги маълумотлар оператор томонидан «Давлат аудити» дастурига уч иш куни ичида киритилади.
25. «Давлат аудити» дастури орқали фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектларни ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 июндаги 326-сон «Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан аниқланади ҳамда натижалари эълон қилиб борилади.
26. Назорат (аудит) тадбирлари натижалари бўйича назорат (аудит) объектларига ёки улардан юқори турувчи органларга киритиладиган кўрсатма, тақдимнома, таклиф ва тавсиялар «Давлат аудити» дастури орқали юборилади ҳамда уларнинг ижроси давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан мониторинг қилинади.
27. Назорат (аудит) тадбирлари натижалари ҳамда давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг самарадорлиги бўйича ҳисоботлар «Давлат аудити» дастурига киритилган маълумотлар асосида автоматик равишда шаклланади.
28. «Давлат аудити» дастурига маълумотларнинг ўз вақтида ва тўғри киритилишини таъминлашга давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизмати раҳбарлари масъул ҳисобланади.
4-БОБ. ТЕХНИК АДМИНИСТРАТОРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
29. Техник администратор «Давлат аудити» дастурини техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлиги учун масъул ҳисобланади.
30. Қуйидагилар техник администраторнинг вазифалари ҳисобланади:
техник қўллаб-қувватлаш орқали «Давлат аудити» дастурининг барқарор, узлуксиз ва самарали ишлашини таъминлаш;
тизимнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот хавфсизлиги бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида фаолият юритишини таъминлаш;
тизимнинг ахборот хавфсизлигини ҳамда маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш;
Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган таклифлар асосида «Давлат аудити» дастурини такомиллаштириш ва унинг техник созламаларини ўзгартириш.
5-БОБ. ОПЕРАТОРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,
ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
31. «Давлат аудити» дастурида ҳужжатлар ва маълумотларни яратиш, киритиш, юклаш, таҳрирлаш, қайта ишлаш, юбориш, ҳисобини юритиш ва ҳисоботлар чиқариш оператор томонидан амалга оширилади.
32. Қуйидагилар операторнинг вазифалари ҳисобланади:
давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига оид мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маълумотларни ўз вақтида киритиш, янгилаш ва таҳрир қилиш;
назорат (аудит) тадбирлари тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни ўз вақтида яратиш, киритиш, юклаш, таҳрирлаш, қайта ишлаш, юбориш ва қабул қилиш;
аниқланган хатолар ёки носозликлар ҳақида Ҳисоб палатасига хабар бериш.
33. Оператор:
ўз ваколатлари доирасида «Давлат аудити» дастуридан фойдаланиш;
хизмат вазифалари учун зарур бўлган маълумотларни олиш;
администратордан ва техник администратордан ёрдам сўраш;
«Давлат аудити» дастури бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.
34. Оператор:
ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;
«Давлат аудити» дастури орқали қонунчиликка зид ҳаракатларни амалга оширмаслик;
киритилган ҳужжат ва маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши, ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва тўғрилигини таъминлаш;
Ҳисоб палатасининг мазкур Низомда назарда тутилган қонуний талабларига амал қилишга мажбур.
6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА
35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.11.2025 йилдан кучга кирди.
