Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 26 / Кадрлар бўлими

Қандай ҳужжатларни ишга кириш чоғида, қандай ҳужжатларни эса кейин талаб қилиш керак

 

 Номзод қандай ҳужжатларни тақдим этиши шарт

МК ишга қабул қилиш чоғида номзоддан қандай ҳужжатларни олишни белгилайди (МК 124-м.). Демак, ходимни ишга расмийлаштирганда ундан қуйидаги ҳужжатларни талаб қилинг:

•   паспорт ёки ID-карта, ёхуд уларнинг ўрнини босувчи ҳужжат;

•   қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма. Кўчирмани аввалги иш берувчи тасдиқлаши керак;

•   ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

•   маълумоти тўғрисидаги ҳужжат – олий ёки ўрта махсус, профессионал ташкилотни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом, сертификат, гувоҳнома ва ҳоказо;

•   ЖШШИР;

Айрим ходимлар учун истиснолар мавжуд:

 

16 ёшгача бўлган номзодлар

Тақдим этади:

– Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки ID-картани

– Ота-онанинг розилигини

– 086/у-шаклдаги маълумотномани

Биринчи марта ишга кираётган ходимлар

Меҳнат дафтарчаси ёки ундан кўчирмани тақдим этмайди

Ўриндошлар

Меҳнат дафтарчаси ёки ундан кўчирма ўрнига асосий иш жойидан маълумотномани тақдим этади

Чет эл фуқаролари

Ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини, меҳнат дафтарчаси ёки ундан кўчирмани тақдим этмайди

Ҳарбий хизматга мажбурий бўлмаганлар

Ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тақдим этмайди

 

 

Ишга қабул қилиш чоғида номзодлардан қандай ҳужжатларни талаб қилиш керак

 

Ҳужжат тури

Оддий ходим

Биринчи марта ишга кираётган ходим

16 ёшгача бўлган шахс

Вояга етмаган

Ўриндош

Чет эллик ходим

Ногиронлиги бўлган ходим

Паспорт, ID карта


Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома







Меҳнат дафтарчаси ёки унинг электрон вариантидан кўчирма




Асосий иш жойидан маълумотнома







ЖШШИР

Ҳарбий гувоҳнома, вақтинча гувоҳнома, ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун)


Маълумот тўғрисидаги ҳужжат (зарурат бўлса)



086/у-сон шаклдаги маълумотнома





 

 

Ишга қабул қилиш чоғида номзоддан МК ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилманг (МК 124-м. 3-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Иш жойидан маълумотнома қандай расмийлаштирилади 

Ходим унга иш жойидан маълумотнома беришларини сўраб иш берувчига мурожаат қилди. Иш берувчи иш жойидан маълумотномани қандай расмийлаштириши керак? У нима учун керак бўлиши мумкин? Иш жойидан бериладиган маълумотномада нималар кўрсатилади ва у қандай муддатларда берилиши лозим?

Иш жойидан маълумотнома – бу ходимнинг ишга жойлашиш фактини тасдиқлаш учун иш берувчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжат (МК 117-м.). Иш берувчи маълумотномани ишлаётган ходимга ҳам, меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга ҳам бериши мумкин.

Ходимга иш жойидан маълумотнома қуйидаги мақсадлар учун берилиши мумкин:

•   кредит олиш учун. Банклар ва молия муассасалари кредитларни расмийлаштиришда кўпинча даромадни тасдиқловчи маълумотномани талаб қилишади;

•   виза олиш учун. Айрим давлатлар визани расмийлаштириш учун бандлик ва даромадни тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилишади;

•   ўриндошлик асосида ишга жойлашиш учун. Асосий иш жойини, шунингдек меҳнат шароитлари зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишга қабул қилиш чоғида асосий иш жойидаги меҳнатнинг хусусияти ва шартлари тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш учун (МК 434-м.).

Ўриндошлар учун асосий иш жойидан маълумотнома шакли Меҳнат вазирининг 29.12.2012 йилдаги 77-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2417-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Қолган ҳолларда ташкилот маълумотнома шаклини мустақил ишлаб чиқишга ҳақли.

Иш берувчи маълумотномада ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг лавозими, меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар, иш ҳақининг миқдори, маълумотномани бериш мақсади ва сўровига кўра ходимга иш жойидан маълумотнома берилаётган ташкилот номи (МК 117-м.). Ушбу маълумотлар маълумотномани сўраётган аниқ ташкилотнинг талабларига қараб ўзгариши мумкин.

 

Ходим ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумотни олишга ҳақлидир. Шунинг учун иш берувчи ходимга иш жойи ва даври, даромади, стажи ва бошқа маълумотларни тасдиқлайдиган маълумотномани беришни рад этиши мумкин эмас (МК 117-м.).

 

Иш жойидан маълумотномани расмийлаштириш учун:

1. Ходим маълумотнома беришни сўраб, иш берувчига ёзма ариза юборади (МК 117-м. 1-қ.).

2. Сўров олингандан кейин иш берувчи 3 иш куни давомида, сўралаётган маълумотларни кўрсатган ҳолда, маълумотномани тўлдиради (МК 117-м. 1-қ.).

3. Иш берувчи маълумотномани имзолайди ва компания муҳри билан тасдиқлайди (агар у мавжуд
бўлса).

ЯММТ тизими автоматик тарзда юклаб олинадиган «Иш жойидан маълумотнома олиш» функциясини киритишни режалаштирмоқда. Бунинг учун:

1. Ташкилотнинг шахсий кабинетига киринг «ЯММТ» ИДАК my.mehnat.uz.

2. Ходимнинг шахсий саҳифасини очинг.

3. «Иш жойидан маълумотномани юклаб олиш» белгисини босинг.

Иш жойидан маълумотномани расмийлаштиришда:

1.  Маълумотномани олдиндан сўраш лозимлигини ходимларга эслатинг.

2.  Маълумотномани ташкилотнинг расмий бланкида расмийлаштиринг.

3.  Маълумотнома нусхасини сақлаб қўйинг.

Тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги маълумотнома – вояга етмаган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда тақдим этилиши шарт бўлган ҳужжат. Бундай маълумотнома ташкилотда ноқулай меҳнат шароитлари бўлган ҳолларда ҳам мажбурийдир (МК 414, 426, 476-м.). Номзодни дастлабки тиббий кўрикдан ўтишга иш берувчи юборади (МК 359-м. 3-қ. 12-хатбошиси)

Вояга етмаганлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда ўзига хос хусусиятлар бор. Иш берувчи учун қандай хавфли жиҳатлари мавжуд ва вояга етмаганлар билан суд муҳокамаларини олдини олиш ҳақида экспертларнинг тавсияномасида билиб олинг.

 

ВАЗИЯТ. Фармкомпанияга ишга қабул қилиш чоғида тиббий маълумотнома зарурлиги 

«Гиппократ» МЧЖ Тошкент шаҳрида дори воситаларини улгуржи ва чакана релизация қилиш билан шуғулланади. Ташкилотга фармацевт керак. Ушбу фирмага ишга қабул қилишда 086-шаклдаги тиббий маълумотнома бўлиши шартми?

Ҳа, дорихоналар ва дорихона омборларининг ходимлари ишга жойлашишда тиббий текширувдан ўтишлари мажбур (0337-16-сон Санитар қоидалари ва нормаларининг 7.5-б.,  0319-15-сон Санитария қоидалари ва нормалари 8.1-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ҳайдовчи учун мажбурий ҳужжатлар пакети 

«Тяжеловес» МЧЖ курьерлик хизматларини кўрсатади. Компанияга етказиб бериш учун ҳайдовчи керак. Ишга қабул қилиш чоғида номзоддан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Ҳайдовчилар иш берувчига МК 124-моддасидаги умумий ҳужжатлар пакетини тақдим этади.

Шунингдек ҳайдовчидан тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилинг (10.04.2013 йилдаги ЎРҚ-348-сон, 27-м.). Гувоҳномадан ташқари дастлабки тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги хулоса керак бўлади (МК 500-м.).

Ҳайдовчидан умумий ҳужжатлар пакетини талаб қилинг:

•   паспорт ёки ID-карта;

•   қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки охирги иш жойи бўйича тасдиқланган электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани – агар ходим биринчи марта ишга жойлашаётга бўлмаса;

•   ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

•   маълумоти тўғрисидаги ҳужжат – олий ёки ўрта махсус, профессионал ташкилотни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом, сертификат, гувоҳнома ва ҳоказо;

•   ЖШШИР;

•   тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;

•   дастлабки кўрик бўйича тиббий хулоса.

 

ВАЗИЯТ. Ишга қабул қилиш ҳақидаги ариза керакми 

Меҳнат шартномасини тузишдан олдин ишга қабул қилинаётган шахсдан ариза олиш шартми?  

– Йўқ, шарт эмас. Ишга қабул қилиш тўғрисидаги ариза – мажбурий ҳужжат эмас.

Ҳақиқатан ҳам, бўлажак ходимларнинг барчаси ишга қабул қилиш тўғрисида ариза ёзадиган амалиёт кўплаб ташкилотларда ўрнашиб қолган. Лекин амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда бу назарда тутилмаган.

Мазкур компанияда ишлаш истаги ҳақида шахс томонидан имзоланган меҳнат шартномаси гувоҳлик беради. Ариза эмас, айнан меҳнат шартномаси – ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асосдир (МК 127-м. 1-қ.).

Бунда агар компанияда ишлаш истагида бўлган шахс ишга қабул қилиш тўғрисида ариза ёзиб уни берган бўлса – иш берувчи бундай аризани қабул қилиши ва рўйхатдан ўтказиши шарт. Шахс иш берувчига ҳам оғзаки, ҳам ёзма мурожаат қилишга ҳақли, уни бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиб бўлмайди. Номзод, агар унинг ишга қабул қилиш тўғрисидаги оғзаки аризаси жавобсиз қолишидан қўрқса, ўзи ариза беришдан манфаатдор бўлиши мумкин. Ахир иш берувчи, кейинчаликда низо юзага келган тақдирда, бу шахснинг унга мурожаат қилмаганлигини эълон қилиши мумкин.

Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этиши мумкин. У ҳолда у мурожаат қилувчининг талабига кўра
3 кунлик муддатда рад этиш сабабларини ёзма равишда асослаши шарт. Ҳужжат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланади (МК 119-м. 3-қ.). Ишга қабул қилиш қонунга хилоф равишда рад этилган, деб ҳисоблайдиган шахс мазкур қарор устидан меҳнат инспекциясига шикоят қилиши мумкин. Шунингдек у тегишли ишни тақдим этиш, ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Бундай низоларни кўриб чиқишда ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади (МК 120-м.).

 Қандай қўшимча ҳужжатларни ва номзодларнинг
қай биридан талаб қилиш керак

Иш берувчи мажбурий бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас, агар бу МК ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса (МК 124-м.). Бу меҳнат шароитлари, ишнинг ўзининг алоҳида хусусиятлари ёки талабгорнинг алоҳида шахслар тоифасига мансублиги билан асосланган ва бундай қоида қонунда мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ишга вояга етмаган, ногиронлиги бўлган шахсни ноқулай меҳнат шароитларидаги ишга қабул қилаётган бўлсангиз, тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги маълумотномани талаб қилинг.

Ногиронлиги бўлган шахсдан ишга қабул қилиш чоғида қўшимча 088/у-сон шаклидаги маълумотнома ва тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияномаларини талаб қилинг 15.10.2020 йилдаги (ЎРҚ-641-сон, 33-м., МК 424-м.). Ушбу ҳужжатларда қуйидагилар белгиланган:

•   ногиронлик гуруҳи;

•   меҳнат фаолиятининг чекланганлик даражаси;

•   тўлиқсиз иш вақти тартиби;

•   юкламани камайтириш ва бошқа меҳнат шартлари.

 

Ўсмирдан ишга қабул қилиш чоғида умумий ҳужжатлар пакетига қўшимча равишда 086/у-сон шаклдаги маълумотномани талаб қилинг. Шунингдек 15 ёшдан вояга етишигача бўлган шахслардан қўшимча равишда ота-онасидан бирининг ёки васийнинг розилигини сўранг. Агар ўсмир 15 ёшга тўлмаган бўлса – ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати керак. Аммо ёдингизда бўлсин, бунда 15 ёшга тўлмаган ўсмир билан меҳнат шартномасини тузишга, меҳнат унинг соғлиғига ва маънавий ривожланишига зиён етказмаган тақдирда, фақат маданий-томоша ташкилотлари ва ОАВга рухсат берилади (МК 118-м.).

Ўриндошни ишга қабул қилишда, агар иш зарарли ва хавфли шароитлар билан боғлиқ бўлса, унинг асосий иш жойи бўйича ишининг хусусияти ва меҳнат шароитлари тўғрисида қўшимча маълумотномани сўраб олинг. Агар асосий иш жойида меҳнат шароитлари ноқулай бўлса, у ҳолда худди шундай шароитларда ўриндошлик асосида ишлаш мумкин эмас (МК 433-м., 18.10.2012 йилдаги 297-сон ВМҚга илова, 4-б. 3-хатбошиси).

 

Даромадлар тўғрисида маълумотнома. Талабгорни ишга расмийлаштиришда, календарь йил давомида бир ташкилотдан бошқа ташкилотга ўтишда солиқ чегирмаларини ҳисоблаш учун, даромадлар тўғрисидаги маълумотномани талаб қилиш мумкин. Агар талабгор даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишдан бош тортса, бу ишга қабул қилишни рад этиш учун асос эмас, аммо бундай ҳолда ҳисобот йилида ходимда имтиёзлар бўлмайди.

Маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар. Ишга қабул қилиш чоғида, талабгорнинг малакаси лавозимга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқлаш учун, маълумоти ҳақидаги ҳужжатларни сўрашингиз мумкин. Агар иш махсус билимлар ва кўникмаларни талаб қилмаса ёки бундай қоида қонунда белгиланмаган бўлса, ушбу маълумотлар мажбурий эмас. Бироқ иш берувчи маълумотга талабларни ички ҳужжатларда ўзи мустақил белгилаши мумкин.

Алоҳида касблар ва лавозимлар учун қонунчилик маълумотга доир мажбурий талабларни белгилайди. Мисол учун, нотариус ёрдамчиси юридик маълумотга эга бўлиши, нотариус стажёри эса олий юридик маълумотга эга бўлиши керак (26.12.1996 йилдаги ЎРҚ-343-сон, 2-1-м. 1-қ., 2-2-м. 1-қ.). Маълумотга доир талаблар адвокатлар учун ҳам белгиланган –
улар, олий юридик маълумотдан ташқари, лицензияга ҳам эга бўлишлари керак (27.12.1996 йилдаги ЎРҚ-349-I-сон, 3-м.).

 

ВАЗИЯТ. Дорихонага ишга киришда маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар 

«Гиппократ» МЧЖ Тошкент шаҳрида дори воситаларини улгуржи ва чакана сотиш билан шуғулланади. МЧЖга фармацевт керак. Талабгорни ташкилотга ишга қабул қилишда маълумоти тўғрисидаги ҳужжатни талаб қилиш шартми?

Ҳа, шарт.

Ўзбекистон Республикасида олий ёки ўрта махсус тиббиёт ўқув юртини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом олган шахсларгина тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга (29.08.1996 йилдаги ЎРҚ-265-I-сон, 41-м.).

Бунда МКнинг 502-модасида тиббиёт ходимлари меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг бошқа хусусиятлари ҳам белгиланган.

ВАЗИЯТ. Ишга киришда маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг зарурлиги 

«Примус» МЧЖга «совуқ цех фарроши» лавозимига номзод ишга қабул қилинмоқда. Ишга кириш чоғида номзод маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этмаяпти ва ўрта мактабни тамомламаганини таъкидламоқда. Талабгорни, МКни бузмаган ҳолда, ишга қабул қилиш мумкинми?

Ҳа, агар компаниянинг ички ҳужжатларида бундай шарт белгиланмаган бўлса, мумкин.

Агар иш махсус билим ёки тайёргарликни талаб қиладиган бўлса, ходим маълумоти тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этади (МК 124-м.). Агар Қонунда ушбу лавозим бўйича ишларни бажариш учун маълумотга доир талаблар белгиланмаган бўлса, сиз ходимни маълумоти тўғрисидаги ҳужжатсиз ёллашга ҳақлисиз.

Олий маълумот тўғрисидаги дипломни тасдиқлаш керакми?

Ёш мутахассисни ишга қабул қиляпмиз, лекин унда Москва институти дипломи бор. Хорижий олий таълим муассасалари битирувчилари Ўзбекистонда ишга жойлашиш учун дипломни нотариал тасдиқлашлари керакми?

Хорижий давлатда 1992 йил 1 январдан кейин олинган таълим тўғрисидаги ҳужжат тан олиш жараёнидан ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қонуний кучга эга ҳужжат сифатида тан олинади (23.09.2020 йилдаги «Таълим тўғрисида»ги ЎРҚ-637-сон Қонун 60-м.). Бунда агар битирувчи халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities рейтингида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган олий таълим муассасасининг дипломини олган бўлса, бундай ОТМ дипломи нострификациясиз тан олинади (24.07.2019 йилдаги 620-сон ВМҚга 1-илова 7-б.).

 

Агар иш махсус билим ва кўникмаларни талаб қилмаса, қонунда ёки иш берувчининг локал ҳужжатларида эса маълумотга доир талаблар белгиланмаган бўлса, иш берувчи талабгордан маълумоти тўғрисидаги ҳужжатни талаб қилишга ҳақли эмас (МК 124-м. 1-қ. 5-хатбошиси).

 

Маълумот тўғрисидаги ҳужжатларга талаблар локал ҳужжатларда белгиланган бўлиши мумкин, шунинг учун уларни номзодни ишга расмийлаштиришдан олдин қайта текшириб кўринг.

Агар яшаш гувоҳномаси бўлмаган чет эллик фуқарони ишга қабул қилишни режалаштираётган бўлсангиз, талабгордан қўшимча қуйидаги ҳужжатларни талаб қилишингиз мумкин:

•   Вазирлар маҳкамаси қошидаги Миграция агентлиги томонидан берилган меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома;

•   кириш визасининг нусхаси, агар давлат билан виза тартиби ўрнатилган бўлса;

•   чет эл фуқаросининг юқори малакали ёки малакали мутахассислар тоифасига киришини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Номзодлардан қандай маълумотларни талаб қилиш мумкин эмас

Иш берувчи кейинчалик иш билан боғлиқ бўлмаган ва тақдим этилиши мажбурий бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас (МК 124-м.).

Мисол учун, талабгордан судланганлик, ВИЧ ёки ОИТС йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома, ногиронлиги бўлган фарзанди борлиги ёки ҳомиладорлиги ҳақидаги маълумотларни, агар қонунчиликда мазкур иш учун бундай талаблар белгиланмаган бўлса, талаб қилманг. Шу билан бирга, масалан, тиббиёт ходимлари учун, аксинча, ВИЧ ва ОИТС йўқлиги – зарурий талаб, ва уларни ишга қабул қилишда маълумотнома сўраш шарт. Номзод шарт бўлмаган ҳужжатларни тақдим этмаганлиги учун ишга қабул қилишни рад этиш асоссиз деб эътироф этилади, иш берувчи эса жазога тортилади (МЖТК 49-м.). Бу номзод ҳақидаги ёки унинг ҳужжатларидаги маълумотлар иш берувчини қониқтирмаганлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этишга ҳам тааллуқлидир.

 

ВАЗИЯТ. Ишга жойлашишда наркологик диспансердан маълумотнома тақдим этиш зарурияти 

«Вкусный город» МЧЖ озиқ-овқат маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланади. Ташкилотга кассир керак. Ишга қабул қилиш чоғида, умумий ҳужжатлар пакетидан ташқари, наркологик диспансердан маълумотнома талаб қилиш керакми?

Йўқ, Қонунда бундай қоида бўлмаган тақдирда, бундай маълумотномани талаб қилиш тақиқланади.

МК 124-моддасига кўра, ишга қабул қилиш чоғида МК ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Бироқ таъкидлаш жоизки, агар компания, айтайлик, дори воситаларини сотиш билан шуғулланса, бундай маълумотномани талаб қилиш зарур бўлар эди.

Психоневрологик диспансердан маълумотномалар учун ҳам шундай тартиб назарда тутилган.

Қачон номзод ҳақида маълумотлар етарли бўлмаганлиги учун ишга қабул қилишни асосли равишда рад этиш мумкин

Ҳужжатларни тақдим этмаганлик учун ишга қабул қилишни рад этишнинг асосли бўлиши ёки бўлмаслиги ҳужжатнинг тури ва бўлажак ишнинг хусусиятига боғлиқ. Мисол учун, номзод шахсий гувоҳномани тақдим этмади – бу асосли рад этиш. Аммо меҳнат дафтарчаси, ЖШШИР йўқлиги – асоссиз рад этиш, чунки иш берувчи уларни топиши ёки ўзи мустақил очиши мумкин.

 

Давлат органи ва ташкилотлари томонидан ишга қабул қилиш чоғида паспорт ва меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни тегишли давлат органи ва ташкилотларидан мустақил равишда талаб қилинади, шу жумладан ахборот тизимлардаги идоралараро интеграцион платформалари орқали (МК 124-м. 2-қ.).

Бунда ҳарбий хизматга мажбур номзодлар учун ҳарбий-ҳисоб ҳужжати ҳар доим зарур ва унинг йўқлиги асосли рад этиш ҳисобланади.

Номзод иш берувчи талаб қилган қўшимча ҳужжатларни тақдим этмаган тақдирда ҳам, ишга қабул қилишни рад этиш асосли бўлиши мумкин. Масалан, агар иш махсус билим ва кўникмаларни талаб қилса, маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг бўлмаслиги номзоднинг малакасини объектив баҳолаш имконини бермайди ва рад этиш учун асос
бўлади.

Бу тиббий муассасага ишга киришда ўзида ВИЧ, ОИТС йўқлиги ёхуд наркологик ёки психоневрологик диспансерда ҳисобда турмаслиги ҳақида маълумотномалар тақдим этмаган тиббиёт ходими бўлган номзодга ҳам тааллуқлидир.

Шундай қилиб, тақдим этилмаган ҳужжат сабабли рад этишни ҳар доим ҳам асослаб бўлмайди ва бу ҳужжатнинг тури ва ишнинг хусусиятига боғлиқ. Шахсий гувоҳноманинг йўқлиги мазкур ҳолатда ишга қабул қилишни асосли равишда рад этишнинг универсал сабаби бўлади.  

ВАЗИЯТ. Ҳарбий гувоҳномада Ф.И.О.ни ўзгартириш 

Ҳарбий хизматга мажбурни ишга қабул қиляпмиз. Унинг барча ҳужжатлари батартиб. Аммо ҳарбий гувоҳнома бошқа фамилияга расмийлаштирилган, чунки у фамилияси ўзгаришидан олдин берилган. Фамилия ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ходимнинг ҳарбий гувоҳномасига мустақил равишда ўзгартишлар киритишга ҳаққимиз борми ёки ўзгартишларни киритиш учун мудофаа ишлари бўлимига юборишимиз шартми?

Иш берувчи ходимни ишга қабул қилиш чоғида унинг барча ҳужжатларини ишга қабул қилиш санасида ҳақиқий бўлиши учун солиштириб чиқиши керак.

Мазкур ҳолатда ишга номзоднинг ҳарбий гувоҳномаси ишга қабул қилиш кунида ҳақиқий ҳисобланмайди, чунки унинг паспорт маълумотларига (паспортига, ID-картасига) мос келмайди.

Мустақил равишда ҳужжатларни бир-бирига мувофиқлаштиришга ҳақли эмассиз. Ҳарбий гувоҳномага ходимнинг фамилияси ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, ФҲДЁ маълумотномаси ва бошқалар) илова қилиш етарли бўлмайди. Чунки ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳисоб маълумотлари ўзгаргани ҳақидаги маълумотга биринчи навбатда мудофаа ишлари бўлими эга бўлиши керак.

Ишга номзодни, ҳужжатларни тартибга келтириш учун, яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимига юбориш керак. Ходимнинг ҳарбий гувоҳномаси янгисига алмаштирилади. У ерда тузатишларга қатъиян йўл қўйилмайди, ҳолбуки, масалан, қоғоз меҳнат дафтарчаларида бунга йўл қўйилади. Ҳозирда ҳарбий гувоҳномаларнинг биринчи варақлари, уларга бирон-бир тузатиш ва қўшимчалар киритилмаслиги учун, ламинация қилинмоқда.

Ишлаётган ходимга нисбатан ҳам шундай йўл тутиш лозим: агар у меҳнат фаолияти даврида паспорт маълумотларини ўзгартирса – ҳарбий гувоҳномасини алмаштириш учун уни мудофаа ишлари бўлимига юбориш зарур. Ходим томонидан паспорт маълумотлари ўзгартирилганлиги тўғрисида ташкилотни ёзма равишда хабардор қилиш ҳам ортиқчалик қилмайди.

 

Гулрух Ниязметова,

халқаро алоқалар бўйича Бошқармаси катта мутахассиси,

Юрий Феоктистов, «Норма» эксперти.

Прочитано: 108 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика