Norma.uz
СБХ / 2025 йил / № 23 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР иқтисодиёт ва молия вазирининг «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат

 

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 255-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сон «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2014 йил 4 июлдаги 01-02/12-13-сон қарори (рўйхат рақами 2606, 2014 йил 5 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 411-модда) билан тасдиқланган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси билан келишилган.

3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.                   Вазир Д.КУЧКАРОВ.

Тошкент ш.,

2025 йил 20 февраль

233-сон.

ЎзР иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 20 февралдаги 233-сон буйруғига
ИЛОВА

ЙЎЛОВЧИ БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТЎЛДИРИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ ЙЎРИҚНОМАГА КИРИТИЛАЁТГАН ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР

1. 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«жисмоний шахс божхона ҳудудига киргунига ёки бу ҳудуддан чиққунига қадар ёки кейин олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган, алоҳида кузатиб бориладиган багажда божхона чегарасидан олиб ўтиладиган нотижорат мақсадлардаги товарларга;»;

еттинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Декларация бланклари ва иловаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида, 210*99 мм ўлчамда тайёрланади. Шахс ўзи истаган тилдаги Декларация бланкини тўлдириши мумкин.

Йўловчилар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти (www.bojxona.uz) орқали Декларацияни чоп этиб қўлда тўлдирилган ҳолда ёки божхона органларининг ахборот тизими орқали электрон шаклда тўлдирган ҳолда ўз имзолари билан тасдиқлаб божхона органларига тақдим этиши мумкин.».

3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Декларация «А» ва «Б» саҳифалардан иборат бўлиб, қуйидаги тарзда тўлдирилади:

а) «А» саҳифада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

Декларациянинг юқори ўнг қисмида божхона органи томонидан декларациянинг рўйхатга олинган рақами ёзилади ва божхона органининг муҳри қўйилади;

1-бандда ҳаракат тури (кириш, чиқиш), қайси мамлакатдан келганлиги, қайси мамлакатга бораётганлиги ҳамда декларацияни тўлдириш санаси (кун, ой, йил);

2-бандда шахс тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси, паспортининг (идентификация ID-картасининг) серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги (уларнинг сони ва фамилияси, исми, отасининг исми ва паспорт (идентификация ID-картасининг) маълумотлари);

3-бандда божхона чегараси орқали қандай турдаги товарлар (гиёҳвандлик, портловчи моддалар ва бошқа тақиқланган ёки чекланган буюмлар, озиқ овқат маҳсулотлари, божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш меъёридан ортиқ товарлар, тижорат аҳамиятидаги товарлар, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ҳамда бошқалар) олиб ўтилаётганлиги;

4-бандда 100 000 000 сўм эквивалентидан ортиқ миқдорда нақд миллий ва (ёки) чет эл валютаси мавжудлиги;

«А» саҳифанинг якунида эслатма қоидалар ва декларация тўлдирган шахснинг имзоси.

б) «Б» саҳифа «А» саҳифанинг 3 ва 4-бандларидаги маълумотлар киритилгандагина тўлдирилади. «Б» саҳифада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

1-бандда нақд миллий ва чет эл валютаси тўғрисидаги маълумотлар;

2-бандда ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ҳамда қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар (буюми номи, металл тури, оғирлиги, ўлчов бирлиги);

3-бандда товарлар тўғрисидаги маълумотлар (фарқлаш хусусиятлари, рухсат берувчи ҳужжатнинг рақами, берилган санаси, берган орган, миқдори, ўлчов бирлиги ва қиймати);

4-бандда транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар (идентификация рақами ёки давлат рақам белгиси, тури ва русуми);

5–7-бандларида тақиқланган ва чекланган товарлар ҳамда божсиз олиб кириш (олиб чиқиш) меъёрлари тўғрисидаги эслатма қоидалар.».

4. 71-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«71. Декларация иловаси қуйидаги тарзда тўлдирилади:

1-бандда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд валюта кимга тегишли эканлиги ҳақидаги маълумот (жисмоний шахснинг Ф.И.О ва паспорт (идентификация ID-картасининг) рақами, агар нақд валюта экспорт учун тўланган бўлса, экспортёр ташкилотнинг СТИРи, шартнома рақами ва санаси ёзилади) киритилади;

2-бандда Ўзбекистон Республикаси нақд миллий ва (ёки) чет эл валютасининг келиб чиқиш манбалари тўғрисидаги маълумот «Х» белгисини қўйиш орқали («бошқа» қаторига изоҳи келтирган ҳолда қўл билан) тўлдирилади;

3-бандда Ўзбекистон Республикаси нақд миллий ва (ёки) чет эл валютасидан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги маълумотлар «Х» белгисини қўйиш орқали тўлдирилади («бошқа» қаторига изоҳи келтирган ҳолда қўл билан) тўлдирилади.

Иловадаги маълумотлар тўлиқ тўлдирилгандан сўнг, шахснинг имзоси билан имзоланади ва божхона органининг муҳри билан тасдиқланади.

Илованинг орқа тарафида жисмоний шахслар томонидан нақд миллий ва (ёки) чет эл валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш меъёрлари назарда тутилади.».

5. 9-банддаги «6-бандида» деган сўзлар «Б» саҳифаси 3-бандида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

6. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«10. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, шунингдек товарлар тўғрисидаги маълумотлар Декларациянинг «Б» саҳифаси 1–3 бандларидаги сатрларга сиғмаган тақдирда, мазкур маълумотлар қўшимча Декларациянинг «Б» саҳифаси 1–3 бандларида кўрсатилади ва у асосий Декларацияга илова қилинади. Бунда, қўшимча Декларациянинг «А» саҳифаси тўлдирилмайди.».

7. 11-банддаги «6-бандидаги» деган сўзлар «Б» саҳифаси 4-бандидаги» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

8. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15. Декларациянинг «Б» саҳифаси 1–3-бандларидаги (товарлар тўғрисидаги маълумотлар қисми) ҳамда иловасининг 1-бандидаги ёзувлар божхона органи ходими томонидан бирор-бир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини олдини олиш мақсадида узлуксиз чизиқ билан доирага олинади ҳамда ёзув учун назарда тутилган барча бўш жойлар эса чизиб қўйилади.».

9. 161-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

10. Илова мазкур қўшимча ва ўзгартиришларнинг иловасига** мувофиқ таҳрирда баён этилсин.

*Ушбу буйруқ ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.07.2025 йилдан кучга киради.

**Ушбу ўзгартиришларга илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 27 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика