Кўп қаватли уйлар аҳолиси ККУдаги хонадонлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарори ваколатсиз эканлигидан тез-тез шикоят қиладилар. Бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини камситади. Бунинг исботи сифатида турли қонунбузилиш ҳолатларини келтирадилар. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун (7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон, бундан кейин – Қонун) умумий йиғилишни ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш регламентини назарда тутади-ю, лекин у ҳақиқатан ҳам тез-тез бузилади. Умумий ёндашув Қонуннинг 20 ва 21-моддаларида белгиланган. Қонуннинг 39, 40, 42 ва 43-моддаларида ХУМШда умумий йиғилишда қарорлар қабул қилиш вариантлари батафсил ишлаб чиқилган.
Лекин жамоавий қарор қабул қилишнинг умумий тартибидан келиб чиқиб, бу нормалар БК учун ҳам қўлланилиши мумкин.
1. Кимлар умумий йиғилиш ташаббускори бўлиши мумкин?
– Умумий йиғилиш ташаббускорлари жойлар мулкдорлари ва ККУни бошқариш органлари бўлиши мумкин. Ушбу уйларда яшамайдиган мулкдорлар ёки мулкдор бўлмаган фуқаролар ёки ушбу кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатмайдиган бошқарув органи умумий йиғилишни чақириш ташаббусини кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас.
2. Навбатдан ташқари умумий йиғилишни ким ташкил этиши мумкин?
– Умумий йиғилиш йилига камида бир марта чақирилади. Навбатдан ташқари йиғилиш кўп квартирали уйни бошқариш органининг ташаббуси билан, шунингдек жойлар мулкдорларининг камида 10 фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. ХУМШда умумий йиғилиш, шу жумладан, тафтиш комиссиясининг талаби билан чақирилади. Муайян ҳолларда навбатдан ташқари умумий йиғилишни ўтказиш ташаббускори Уй-жой фонди инспекцияси, ҳокимият вакиллари бўлиши мумкин.
3. Уйда яшовчиларга умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида қандай хабар берилади?
– Хабарнома уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйилади ёки мулкдорларга имзо қўйдириб топширилиши керак.
4. Умумий йиғилиш бошланишидан неча кун олдин уйда яшовчиларга хабар берилиши керак?
– Умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида жой мулкдорларига йиғилиш ташаббускорлари томонидан умумий йиғилиш ўтказилишидан камида 10 кун олдин хабар берилади.
5. Юридик шахсларга умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида қандай хабар берилади?
– Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш учун хабарномалар юридик манзилга буюртма хат билан юборилади, электрон хабар қилиш ёки ваколатли вакилга имзо қўйдирган ҳолда топширилади.
6. Қандай масалалар умумий йиғилиш ваколатига киради?
– Умумий йиғилишда унинг ваколатига кирадиган ва йиғилиш кун тартибида белгиланган масалалар кўриб чиқилиши керак. Йиғилиш ваколатига ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкини бошқариш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар киради.
7. Қарор қабул қилиш учун умумий йиғилишда нечта жой мулкдори иштирок этиши керак?
– Умумий йиғилишда қарор қабул қилиш учун барча жойларнинг мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи иштирок этиши керак.
8. Умумий йиғилишда қарор қабул қилиш учун овоз бериш қандай шаклда ўтиши мумкин?
– Умумий йиғилишда овоз бериш 3 хил усулда ўтказилиши мумкин:
• очиқ шаклда (мулкдорларнинг иштирокида);
• очиқ-сиртқи шаклда (мулкдорларнинг вакиллиги орқали (ишончнома бўйича);
• сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров орқали).
9. Умумий йиғилишда қарор қабул қилиш учун мулкдорларнинг нечта овози керак?
– Умумий йиғилиш қарори, агар унинг учун умумий йиғилишда иштирок этаётган жойларнинг мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
10. Умумий йиғилишда жойларнинг мулкдори нечта овозга эга?
– Ҳар бир мулкдор умумий йиғилишда бир овозга эга бўлади. Эр (хотин), агар улар бирга яшаётган бўлса, ушбу аъзонинг номидан умумий йиғилишда ишончномасиз иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга.
11. Умумий йиғилишда ишончнома бўйича мулкдорнинг вакили қандай овоз бериши керак?
– Умумий йиғилишда мулкдор номидан ундан ишончнома олган вакиллар иштирок этиши мумкин. Ишончнома Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ тузилган бўлиши ва ишонч билдирилган шахсга берилган муддатдан ошмаслиги керак.
12. Умумий йиғилишда сиртдан овоз бериш йўли билан қарорлар қандай қабул қилинади?
– Умумий йиғилиш қарори сўровнома ўтказиш йўли билан қабул қилиниши мумкин.
Бунинг учун умумий йиғилиш ташаббускори қарор лойиҳасини ҳар бир мулкдорга юборади.
Улар ҳар бир масала бўйича қарор лойиҳасининг аслига ўз имзосини қўйиш орқали ёзма равишда алоҳида овоз бериши (ёқлаб, қарши ёки бетараф) шарт.
Унга қўшимча ёки ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Агар овоз беришда бундай зарурат юзага келса, янги лойиҳа тузилиши ва яна ҳар бир мулкдорга келишиш учун юборилиши керак.
Шундай қилинмаса, ўзгартириш ёки қўшимчалар билан қабул қилинган қарор ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
13. Агар бошқарув органи кўп сонли уйларни бирлаштирган бўлса, умумий йиғилишда қарорлар қандай қабул қилиниши керак?
– Кўп сонли уйларни бирлаштирган бошқарув органларида йиллик умумий йиғилиш ўтказилишидан олдин ҳар бир уйдаги жойларнинг мулкдорлари йиғилишлари ўтказилиши керак.
14. Умумий йиғилиш баённомаси қандай расмийлаштирилади?
– Йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади, уни йиғилиш раиси ва котиби имзолайди. Улар жойларнинг мулкдорлари орасидан танланади. Баённомага йиғилишда иштирок этган шахслар рўйхати илова қилинади, унда муҳокама қилинган ҳар бир масала бўйича уларнинг хоҳиш-иродаси акс эттирилади ва имзолари билан тасдиқланади. Агар умумий йиғилиш баённомасидаги мулкдорларнинг имзолари қалбакилаштирилган бўлса, қарор ноқонуний деб топилади.