Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 43 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» (Кўчирма).

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 7 майда қабул қилинган 

Сенат томонидан 2024 йил 10 июлда маъқулланган 

Кейинги йилларда мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантириш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда.

Шу билан бирга мазкур ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат туйғусини сингдириш борасидаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказишни, шунингдек мазкур ҳуқуқий нормани янги тавсифий белгилар билан тўлдиришни, ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга, мамлакатимизда криминоген вазиятнинг яхшиланишига ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтининг таъсир этиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 109-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

биринчи қисм чиқариб ташлансин;

иккинчи қисм биринчи қисм деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) диний таассублар замирида;

б) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб;

в) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, –

бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:

1) 212-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу Кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 61-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (оз миқдорда талон-тарож қилиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 62-моддасида (топиб олинган мол-мулкни яшириш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 121-моддасида (транспорт воситаларининг ички жиҳозларига шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик), 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин»;

2) 52-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 7 октябрь

ЎРҚ-972-сон.

*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.10.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Қонун «СБХ»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 165 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика