Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 23 апрелда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 июнда маъқулланган
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланишга, сайлаш ва сайланишга, референдумда иштирок этишга, шунингдек таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга асосан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай мулоқот шаклларини, шунингдек ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида «давлат бошқаруви органлари» деган тушунча «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган тушунча билан алмаштирилмоқда.
Мазкур Қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги ЎРҚ-641-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 10, 594-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 6, 570-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 3-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«мулоқот – тиллардан, матнлардан, Брайль алифбосидан, тактил мулоқотдан, йирик шрифтдан, қулай мультимедиа воситаларидан, худди шунингдек босма материаллардан, аудиовоситалардан, одатий тилдан, шунингдек мулоқотнинг кучайтирувчи ва муқобил усуллари, воситалари ҳамда шаклларидан, шу жумладан қулай ахборот-коммуникация технологиясидан фойдаланиш»;
иккинчи–ўн иккинчи хатбошилари тегишинча учинчи–ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«оқилона мослаштириш – ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши учун аниқ бир ҳолатда тузатишлар киритиш»;
саккизинчи–ўн учинчи хатбошилари тегишинча тўққизинчи–ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) 12-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисидаги «давлат бошқаруви органларининг» деган сўзлар «республика ижро этувчи ҳокимият органларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 13-модда:
номидаги «Давлат бошқаруви органларининг» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
биринчи қисмининг биринчи хатбошисидаги «Давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «Давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 15-модданинг:
учинчи қисми чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
5) 17-модда:
биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «давлат ва хўжалик бошқаруви органларига» деган сўзлар «республика ижро этувчи ҳокимият органларига, хўжалик бошқаруви органларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
6) 23-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг, шу жумладан ўриндиқли аравачалардан ҳамда етакловчи итлардан фойдаланувчи шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (турар жойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томоша муассасаларига ҳамда бошқа муассасаларга) монеликсиз кириши учун шарт-шароитлар яратиши ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона мослаштириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириши шарт»;
7) 3-боб қуйидаги мазмундаги 301 ва 302-моддалар билан тўлдирилсин:
«301-модда. Одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи
Давлат ногиронлиги бўлган шахслар учун бошқалар билан тенг равишда одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди, шу жумладан суд процессининг барча босқичларида, шунингдек суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда бевосита ёки билвосита иштирок этишини таъминлашга қаратилган чораларни кўради.
302-модда. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этиш
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши, шу жумладан қонунда белгиланган тартибда сайлаш ва сайланиш, референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.
Давлат сайлов участкаларида (референдум участкаларида) ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари, шу жумладан эшитиш, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган, ўриндиқли аравачалардан фойдаланувчи шахслар овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди»;
8) 31-модданинг ўн биринчи қисмидаги «Давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
9) 38-модданинг:
тўртинчи қисмидаги «давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўн иккинчи қисми «мулоқот қилиш усуллари ва воситаларини» деган сўзлардан кейин «қулай мультимедиа воситалари ва рақамли технологияларини» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
10) 48-модданинг учинчи хатбошисидаги «давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2024 йил 5 сентябрь
ЎРҚ-955-сон.
*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.09.2024 йилдан кучга кирди.