Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 20 / Биз яшайдиган уй

Бошқарувчи компания ККУдаги жойлар мулкдорларига кўрсатмалар бериши мумкинми?

 

Кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдори белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ўз квартирасини рухсат берувчи ҳужжатларсиз ноқонуний тарзда қайта режалаштириб реконструкция қилди. Бошқарувчи компания унга қоидабузарликларни бартараф этиш ҳақидаги кўрсатмани юборди. БК жой мулкдорларига мажбурий тартибда ижро этиладиган кўрсатмаларни беришга ҳақлими?  

 

– Кўрсатма – бу муайян муддатларда мажбурий тартибда ижро этиладиган, қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан назорат қилувчи органнинг ёзма равишдаги талабномаси. Уни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган жавобгарлик юзага келади. Кўрсатмаларни фақат қонун ҳужжатларида белгиланган давлат органлари бериши мумкин.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ ККУларни бошқариш соҳасидаги давлат назорати Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Уй-жой фонди инспекциясига ККУларни бошқариш органларига ёки жойларнинг мулкдорларига – кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан техник фойдаланиш қоидаларининг ҳамда ККУларга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларининг бузилиш ҳолларини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш ваколатлари берилади. Шунингдек Уй-жой фонди инспекцияси уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига тегишли хизматлар кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар беришга ҳақлидир (Қонуннинг 12-м.).

Бошқарувчи ташкилот назорат қилувчи орган ҳисобланмайди. У хўжалик юритувчи субъект бўлиб, жой мулкдори олдида умумий мол-мулкнинг сақланишини таъминловчи хизматлар кўрсатилиши, ишлар бажарилиши, буларнинг сифати умумий мол-мулкни сақлашга оид белгиланган қоидалар, техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлиши учун жавобгар ҳисобланади.

Кўп квартирали уйнинг бошқаруви ККУнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатиш шартномасига асосан амалга оширилади. Шартномада бошқарувчи компания ва жой мулкдорлари ўртасида ўзаро муносабатлар юритиш тартиби, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланади. Тегишинча, бошқарувчи компания мулкдорлардан ва ижарачилардан шартномадаги мажбуриятларга риоя этилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Шартнома шартлари бузилганда ёки бажарилмаганда БК мулкдорларга кўрсатмалар эмас, балки огоҳлантириш (хабарнома, эслатма) юбориши мумкин, у маълумот тусига эга бўлиши ва мулкдор томонидан бошқарувчи компаниянинг қонуний талаблари ихтиёрий равишда бажарилишини назарда тутиши лозим.

 

Прочитано: 174 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика