Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 20 / Биз яшайдиган уй

Қачон бошқарув органи уй аҳлига қайта ҳисоб-китоб қилишни рад этиши мумкин

 

Кўпинча уйда яшовчилар ўз ҳисобидан йўлакни таъмирлаганини, янги эшик ўрнатганини, квартира ичидаги устунларни алмаштирганлигини ёки бошқа ишларни амалга оширганлигини айтиб шикоят қилишади, кўп квартирали уйнинг бошқарув органи (УМШ ёки БК) эса улар сарфлаган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиб беришни қатъиян рад этади. Бу кўп квартирали уйларнинг мулкдорларини ажаблантирмоқда: шу тўғрими?

«Ахир уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мажбурий бадаллар ёки тўловлар киритилиши бошқа турдаги ишлар билан ҳам алмаштирилиши назарда тутилган, – деб ёзишади улар. – Бизга раҳмат дейишлари керак. Ширкатда ҳар доим маблағ йўқ бўлади. Улар йўлакларни таъмирлашини ёки устунларни алмаштиришини кутиб ўтирадиган бўлсак, иш битмайди. Бизга бундан муҳимроқ ишлар бор деб жавоб қилинади. Моҳиятан, биз ишларнинг бир қисмини ўз ҳисобимиздан бажариб, ширкатга ёрдам бермоқдамиз. Бу яхши эмасми? Албатта, буни ўзимиз учун қиламиз. Харажатлар учун компенсация дарҳол берилишини сўрамаймиз, балки босқичма-босқич, йил давомида берилса бўлди. УМШ бизга ҳисоб-китоб қилиб беришни рад этишга ҳақлими? Ушбу масала қонун ҳужжатларида қандай ҳал этилади?».  

 

– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилишича, айрим ҳолларда умумий йиғилиш мулкдорлар мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг бир қисмини киритишнинг пул шаклини, ариза берувчининг ёзма билдиришномаси ва умумий йиғилишнинг баённомаси асосида уларнинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Ушбу норма кутилмаган ҳолатларда, ширкатда ёки бошқарувчи компанияда бундай ишларни бажариш учун маблағ мавжуд бўлмаганда ККУдаги жой мулкдорларини қўллаб-қувватлаш учун қонун ҳужжатларига киритилди.

 

Мулкдорлар ўз ҳисобидан ишларни бажарганда риоя этилиши керак бўлган 6 та шарт

1. Умумий харажатлардаги иштирокнинг бошқа турларига фақат мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг бир қисмини алмаштириш мумкин, ушбу қисм миқдори ККУдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланиши лозим.

2. Мулкдор томонидан ишлар ўз ҳисобидан бажарилганда режалаштирилиши, харажатлар ҳисоб-китоб қилинган ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасида акс эттирилган бўлиши керак. Акс ҳолда бошқарув органи сарфланган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилишни рад этиши мумкин.

3. Мулкдорлар бошқарув органига ёзма билдиришномани ва умумий харажатларда у ёки бу турдаги иштирок маъқулланган умумий йиғилишнинг баённомасини олдиндан тақдим этишлари лозим.

4. Бошқарув органи қайта ҳисоб-китоб қилишга розилигини ёзма равишда тасдиқлаши, қанча вақт оралиғида буни амалга оширишини кўрсатиши лозим.

5. Умумий харажатларда иштирок этишнинг бошқа турлари қаторида мулкдорнинг уйга хизмат кўрсатиш бўйича бирор-бир ишларнинг бажарилиши (кўпинча ҳудудни тозалаш, ободонлаштириш), қурилиш материалларини бериш тарзида бўлиши мумкин.

6. Мулкдорларнинг бадаллари ёки тўловларининг бир қисмини умумий харажатлардаги бошқа турдаги иштирокка алмаштирганда далолатнома тузилади ва унга чеклар, квитанциялар ёки жорий нархлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган сўровнома варақлари илова қилинади.

Агар уй аҳлида берилаётган материалларнинг қийматини тасдиқловчи чеклар мавжуд бўлмаса, шунга ўхшаш материаллар нархлари мониторинги ўтказилади.

Бошқарув органи, албатта, умумий йиғилиш қарорига бўйсуниши шарт. Бундай қарор асосли ва ҳар томонлама ўйлаб қабул қилинган бўлиши керак – акс ҳолда режалаштирилган ишларнинг бир қисми, шу жумладан уй аҳли қанчалик аҳамиятлилигини баҳолай олмайдиган биринчи ўриндаги ишлар барбод бўлиши мумкин. Шу боисдан мулкдор БК ёки УМШдан ўз ташаббуси билан бажарилган исталган ишлар учун компенсация талаб қилиши мумкин эмас. Бошқарув органининг роли буни уй аҳлига тушунтириб беришдан иборат.

 

Амалиётдан мисоллар

Мулкдорларнинг ўз ҳисобидан бажарган ишлари бошқарувчилар томонидан қачон олқишланиши ва қачон харажатларни қоплаш рад этилишига амалиётдан бир нечта мисоллар келтирамиз.

 

Режа бўйича – ертўла

Бошқарув органи ертўладаги муҳандислик коммуникацияларини таъмирлашни режалаштирди, қўшним эса йўлакни таъмирлашга қарор қилди. У уйда яшовчилар билан бу масалани муҳокама қилди, улар мазкур ғояни қўллаб-қувватлашди ва ўз маблағларини киритишга рози бўлишди. Қўшним бошқарув органи харажатларни компенсациялайди деб ваъда қилди, бироқ ушбу масала бошқарув органи билан олдиндан келишиб олинмади ва умумий йиғилишга олиб чиқилмади. Таъмирлаш ишлари тугаганидан кейин қўшним далолатнома тузди, унда бажарилган ишлар рўйхати, уларга кетган харажатларни кўрсатди, қурилиш материалларининг товар чеклари илова қилинди. Уйда яшовчилар далолатномага имзо қўйдилар, бироқ бошқарув органи раҳбари харажатларни қоплашни рад қилди, сабаби йўлакни таъмирлаш режадан ташқари иш бўлган. Харажатларни компенсациялаш режалаштирилган муҳандислик коммуникацияларини капитал таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг бир қисмини олиб қўйиши мумкин эди.

 

Томнинг таъмирланишини кутиб турмади

Уйда яшовчилар бир неча йиллардан буён кўп квартирали уйнинг томини таъмирлатиш учун маблағ тўпладилар. Бошқарув органи бу ишларни жорий йилнинг ёзида амалга оширишни режалаштирди. Бу ишлар бошланишига ярим йил қолганда уйда яшовчилардан бири ўз ҳисобидан томнинг бир қисмини таъмирлади. Буни квартирасида таъмирлаш ўтказгани ва баҳорда ёмғир ёғса шифт ва деворларига чакка ўтишидан хавотирлангани учун қилганини тушунтирди. Ишлар усталар томонидан бажарилди, уларни мулкдор четдан ўзи ёллаган. Бошқарув органи унинг харажатларини қоплашни рад этди. Буни томни қисман эмас, балки бутунлай қайтадан ёпиш мўлжал қилинганлиги, бундай ўзбошимчалик самара бермаслиги билан асослади. Қандай материаллар ишлатилганлиги, ижрочиларнинг малакаси қандайлиги номаълум. Ишчилар сифатига ҳеч қандай кафолат беришмаган, агар томдан яна чакка ўтадиган бўлса уларни қаердан излашни ва кимдан сўрашни айтишмаган.

 

Ўз ҳисобидан кутилмаган шошилинч ишлар

Январь ойидаги совуқда кўп квартирали уйларда электр таъминоти билан муаммолар юзага келди. Туман электр таъминоти ташкилотлари ККУда яшовчиларга юкламаларни кўтара олмаган электр кабелларини алмаштиришда ёрдам бердилар. Кўпгина ҳолатларда умумий уйдаги электр хўжалигини зудлик билан капитал таъмирлаш талаб этилди. Бу ишлар бошқарув органи учун режадан ташқари ва анча харажатли ишлар бўлди. Кўп уйлардаги яшовчилар кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилиб беришлари шарти билан ўз маблағларини киритдилар.

 

Режадаги ишлар доирасида қайта ҳисоб-китоб

Бошқарув органи жорий йилда иссиқлик таъминотининг квартира остидаги устунларини алмаштиришни режалаштирди. Бир йўлакда яшовчилар квартираларини таъмирламоқчи бўлганлари учун бошқарувчиларга бу ишларни ярим йил олдин бажаришни сўраб мурожаат қилдилар. Бошқарув органи бу пайтда режадаги бошқа ишлар билан банд эди, бир йўлакда яшовчиларнинг устунларини алмаштириш учун мулкдорларнинг маблағларини сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлмасди. Уйда яшовчилар кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилиб бериш шарти билан устунларни ўз ҳисобидан алмаштиришни таклиф қилишди, бошқарувчилар бунга рози бўлишди. Мазкур ҳолатда ишлар сметага мувофиқ ҳисобланган харажатлар ҳажмида, бошқарув органининг сантехниклари томонидан бажарилди.

Прочитано: 211 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика