Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 16 / Расмий ҳужжатлар

«Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги шахсларга нафақа ва қўшимча тўловларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ва ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали давлат хизмати сифатини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 17 февралдаги ПФ-74-сон, «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 20 апрелдаги ПФ-113-сон Фармонлари ҳамда «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг моддий таъминотини яхшилаш ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2022 йил 8 июндаги ­ПҚ-274-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда, «проактив шакл»да нафақа ва қўшимча тўловларни тайинлаш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан:

ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда «проактив шакл»да тайинланиши;

1941–1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига қўшимча тўловлар тўланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларга қўшимча тўловни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Фуқароларга нафақа ва қўшимча тўловларни «проактив шакл»да тайинлаш бўйича давлат хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўзларининг тегишли ахборот тизимларини доимий равишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги юқорида қайд этилган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинишига кўмаклашсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги бир ой муддатда нафақа тайинлаш учун зарур бўлган вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда – ЖШШИР) тўғрисидаги маълумотларни «Шахсга доир маълумотлар базаси» ахборот тизимида шакллантириш чораларини кўрсин.

Бунда ЖШШИР мавжуд бўлмаган вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг маълумотлар базасига шахсга доир маълумотлар (ўлим ҳақида гувоҳнома маълумотлари) тақдим этилганидан сўнг ЖШШИР шакллантирилади.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 23 март

119-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарорига
1-ИЛОВА

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ БЎЛГАН АЙРИМ ТОИФАДАГИ ШАХСЛАРГА НАФАҚА ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилига, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида (кейинги ўринларда – Қонун) белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғидаги оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзоларига, давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга нафақаларни тайинлаш, қайта ҳисоблаш, уларнинг турини ўзгартириш ва тўлаш тартибларини белгилайди.

Нафақалар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларнинг қонуний вакили (кейинги ўринларда – қонуний вакил) – ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг отаси, онаси, васийси, ҳомийси, оилага тарбияга олувчиси (патронат) ва фарзандликка олувчиси;

нафақа – қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга, Қонунда белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахсларга тегишли равишда нафақа ёшига тўлиши, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;

нафақа тайинлаш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда – ваколатли орган) – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими;

нафақаларни тайинлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишдаги ахборот тизимлари (кейинги ўринларда – ахборот тизимлари) – ваколатли органнинг нафақа тайинлаш учун зарур бўлган маълумотлар сақланадиган «Пенсия», Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «ТИЭК», Адлия вазирлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви», Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «ОИТСга қарши кураш» тизимлари;

«проактив шакл»да нафақа тайинлаш – қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахсга унинг бирор бир шаклдаги мурожаати талаб этилмайдиган, инсон омилисиз ваколатли орган томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборот тизимлари орқали кўрсатиладиган давлат хизмати.

3. Қуйидагилар ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги шахслар ҳисобланади:

а) ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакил;

в) Қонунда белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

г) Қонунда белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғидаги оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари;

д) Қонунда белгиланган шартлар ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналар.

4. Ушбу Низом бўйича қуйидаги нафақалар тайинланади:

а) ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси;

б) парваришлаш нафақаси;

в) ногиронлик нафақаси;

г) боқувчисини йўқотганлик нафақаси;

д) ёшга доир нафақа.

5. Ушбу Низомнинг 4-банди «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган нафақалар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органнинг ахборот тизимига юборилган электрон маълумотлар асосида «проактив шакл»да тайинланади.

Ушбу Низомнинг 4-банди «в»–«д» кичик бандларида назарда тутилган нафақалар давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали мурожаат қилиш натижасида ваколатли орган ахборот тизими томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда тайинланади.

6. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг исталган вақтда нафақа олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

7. Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нафақа (парваришлаш нафақаси бундан мустасно) тайинлаш тўғрисида манзил-колония маъмурияти томонидан бевосита манзил-колония жойлашган жойдаги давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади.

8. «Саховат» уйларида ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатларида яшовчи шахсларга нафақа тайинлаш тўғрисида ушбу ташкилотлар маъмурияти томонидан ташкилот жойлашган жойдаги давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади.

9. Ушбу Низомда назарда тутилган нафақаларни тайинлаш бўйича давлат хизмати ваколатли орган томонидан кўрсатилади.

10. Нафақаларни тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда ваколатли орган иштирок этади.

11. Нафақалар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан тайинланади ва тўланади.

 

2-БОБ. НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН 18 ЁШГАЧА БОЛАЛАРГА НОГИРОНЛИК НАФАҚАСИ

12. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар ёки уларнинг қонуний вакиллари ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақасини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

3-БОБ. ПАРВАРИШЛАШ НАФАҚАСИ

13. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 17 февралдаги ПФ-74-сон Фармонига иловада белгиланган касалликка чалинган ва ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола деб топилган болаларнинг қонуний вакили парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқига эга.

14. Парваришлаш нафақаси қонуний вакилга у пенсия ёки нафақа олишидан қатъи назар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган ҳар бир 18 ёшгача боланинг парвариши учун алоҳида тайинланади.

 

4-БОБ. НОГИРОНЛИК НАФАҚАСИ

15. Ногиронлик нафақасини олиш ҳуқуқига ёшидан қатъи назар Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган шахслар эга.

 

5-БОБ. БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК НАФАҚАСИ

16. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари эга.

17. Қонуннинг 19-моддасида белгиланган шахслар оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари жумласига киритилади.

 

6-БОБ. ЁШГА ДОИР НАФАҚА

18. Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналар ёшга доир нафақани олиш ҳуқуқига эга.

19. Ёшга доир нафақа болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга – 55 ёш, аёлларга – 60 ёш ва эркакларга – 65 ёшга етганда тайинланади.

20. Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга ёшга доир нафақа фарзанди болаликдан ногиронлиги бўлган шахс (бола) деб эътироф этилганлиги тўғрисида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан берилган электрон маълумотларга асосан ваколатли орган томонидан тайинланади.

Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга ёшга доир нафақа Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахсларнинг нафақаси миқдорида тайинланади.

 

7-БОБ. НАФАҚАЛАРНИ ТАЙИНЛАШ

21. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа ҳамда парваришлаш нафақаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборилган электрон маълумотлар асосида «проактив шакл»да тайинланади.

Ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик ва ёшга доир нафақалар давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборилган электрон маълумотлар асосида тайинланади.

22. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болага ва (ёки) унинг қонуний вакилига «проактив шакл»да ушбу Низомга 1-иловага** мувофиқ схема бўйича нафақа тайинланади.

23. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тиббий кўрикка келган 18 ёшгача бўлган болаларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказади ва тиббий кўрик натижаларига кўра ногиронлик белгиланган тақдирда, болага ва (ёки) унинг қонуний вакилига «проактив шакл»да нафақаларни тайинлаш учун ушбу Низомга 2-иловага** мувофиқ электрон маълумотларни «ТИЭК» ахборот тизими орқали ногиронлик белгиланган 18 ёшгача боланинг ва (ёки) унинг қонуний вакилининг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

24. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИВга чалинган 18 ёшгача бола ва (ёки) унинг қонуний вакилига «проактив шакл»да нафақани тайинлаш учун ушбу Низомга ­3-иловага** мувофиқ электрон маълумотларни «ОИТСга қарши кураш» ахборот тизими орқали ОИВга чалинган 18 ёшгача бола ёки унинг қонуний вакилининг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

25. Ваколатли орган ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақасини тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган маълумотлар асосида:

қонуний вакилни ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ёки ОИВга чалинган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқаларини ўрганиш учун Адлия вазирлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига;

қонуний вакилни ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг ва ОИВга чалинган 18 ёшгача бўлган боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизимига сўровлар юборади.

26. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли орган томонидан келиб тушган қонуний вакилнинг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ва ОИВга чалинган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқалари ҳақидаги маълумотларни ­«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўрганиб чиқади ва маълумотларни ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

27. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ваколатли орган томонидан келиб тушган қонуний вакилнинг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ва ОИВга чалинган 18 ёшгача боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизими орқали ўрганиб чиқади ва зарур маълумотларни ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

28. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юборилган сўров натижалари асосида «Пенсия» ахборот тизими орқали электрон равишда ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига тегишли нафақани тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

29. Ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига нафақа тайинлаш рад этилади:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонуний вакилнинг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ва ОИВга чалинган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқалари ҳақидаги маълумотлар аниқланмаганлиги тўғрисида маълумот берилганда;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан қонуний вакилнинг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ва ОИВга чалинган 18 ёшгача боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотлар аниқланмаганлиги тўғрисида маълумот берилганда.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолларда қонуний вакилга нафақани тайинлашни рад этиш тақиқланади.

30. Ваколатли орган томонидан:

ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болага ёки унинг қонуний вакилига нафақа тайинланганда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган электрон маълумотномада кўрсатилган мобил телефон рақамига 5 дақиқа ичида нафақа тайинланган муддат, нафақа миқдори, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида СМС-хабар;

ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган электрон маълумотномада кўрсатилган мобиль телефон рақамига 5 дақиқа ичида нафақа тайинланиши рад этилгани ва унинг сабаблари кўрсатилган СМС-хабар юборилади.

31. Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига «проактив шакл»да парваришлаш нафақаси ушбу Низомга 4-иловага** мувофиқ схема бўйича тайинланади.

32. Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига «проактив шакл»да парваришлаш нафақасини тайинлаш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ўзгалар парваришига муҳтож деб топилгандан сўнг ушбу Низомга 5-иловага** мувофиқ электрон маълумотларни «ТИЭК» ахборот тизими орқали қонуний вакилнинг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

33. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги орттирилган иммунитет танқислиги синдромининг (ОИТС) IV босқичига чалинган ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига «проактив шакл»да парваришлаш нафақасини тайинлаш учун ушбу Низомга 6-иловага** мувофиқ электрон маълумотларни «ОИТСга қарши кураш» ахборот тизими орқали қонуний вакилнинг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

34. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган маълумотлар асосида:

қонуний вакилни ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқаларини ўрганиш учун Адлия вазирлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига;

қонуний вакилни ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизимига сўровлар юборади.

35. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли орган томонидан келиб тушган қонуний вакилнинг ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқалари ҳақидаги маълумотларни «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўрганиб чиқади ва 5 дақиқа ичида зарур маълумотларни ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

36. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ваколатли орган томонидан келиб тушган қонуний вакилнинг ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизими орқали ўрганиб чиқади ва 5 дақиқа ичида зарур маълумотларни ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

37. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юборилган сўров натижалари асосида «Пенсия» ахборот тизими орқали автоматик равишда ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшгача ногиронлиги бўлган боланинг қонуний вакилига парваришлаш нафақасини тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

38. Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига парваришлаш нафақасини тайинлашни рад этади:

а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонуний вакилнинг ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола билан қариндошлик алоқалари ҳақидаги маълумотлар аниқланмаганлиги тўғрисида маълумот берилганда;

б) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан қонуний вакилнинг ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг васийси ёки ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотлар аниқланмаганлиги тўғрисида маълумот берилганда.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолларда қонуний вакилга парваришлаш нафақасини тайинлашни рад этиш тақиқланади.

39. Ваколатли орган томонидан:

ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг қонуний вакилига парваришлаш нафақаси тайинланганда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган электрон маълумотномада кўрсатилган нафақа олувчининг мобил телефон рақамига 5 дақиқа ичида нафақа тайинланган муддат, нафақа миқдори, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида СМС-хабар юборилади;

шахсга парваришлаш нафақасини тайинлаш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари кўрсатилган СМС-хабар юборилади.

40. Ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик ва ёшга доир нафақалар ушбу Низомга 7–9-иловаларга** мувофиқ схемалар бўйича тайинланади.

41. Ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик ва ёшга доир нафақасини олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахс (бола) ёки унинг қонуний вакили (кейинги ўринларда – мурожаат қилувчи) нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига ўзи келиб ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.

42. Мурожаат қилувчи ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва ёшга доир нафақани олиш учун ўзи келиб мурожаат қилганда, давлат хизматлари маркази ходими мурожаат қилувчининг номидан, мурожаат қилувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, мустақил равишда ушбу Низомга 10-иловага** мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

43. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг мурожаат қилувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.

Мурожаат қилувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, сўровномани тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

44. Мурожаат қилувчилар томонидан сўровнома тасдиқлашнинг рад этилиши давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Агар сўровномада мурожаат қилувчиларнинг нотўғри маълумотлари кўрсатилган бўлса, ушбу камчиликларни бартараф этиш учун мурожаат қилувчига беш кун муддат берилади ҳамда давлат хизмати кўрсатилиши муддатининг ўтиши камчиликларни бартараф этиш вақтида тўхтатиб турилади.

Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

45. Мурожаат қилувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.

46. Мурожаат қилувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, мурожаат қилувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 5 дақиқа ичида, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда автоматик тарзда ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига электрон шаклда юборилади.

47. Ваколатли орган сўровномани ахборот тизими орқали олгандан сўнг 5 дақиқа ичида:

нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг вафот этган шахс билан қариндошлик алоқаларини, вафот этган шахснинг фарзандлари, оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари, шу жумладан, вафот этган оила аъзоси тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш учун Адлия вазирлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига;

нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг ногиронлиги бўлган шахснинг ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизимига сўров юборади;

нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг ногиронлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳамда болаликдан ногиронлиги бор (бўлган) фарзандлари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «ТИЭК» ахборот тизими орқали автоматик тарзда ўрганади.

48. Ваколатли орган мурожаатчининг маълумотларини ўрганганидан сўнг 5 дақиқа ичида нафақа тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақдаги маълумотни тегишли давлат хизматлари марказига юборади.

Нафақа тайинлаш учун ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, нафақа тайинлашни рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот ваколатли орган томонидан мурожаат қилувчининг мобил телефон рақамига СМС-хабар юборилади.

49. Давлат хизматлари маркази ваколатли органдан маълумотларни олганидан сўнг 5 дақиқа ичида:

нафақа тайинланган тақдирда, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида мурожаат қилувчини хабардор қилади;

нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида мурожаат қилувчини хабардор қилади.

50. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига битта умумий нафақа тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.

51. Бошқа туманда (шаҳарда) яшайдиган оила аъзоси ўзига боқувчисини йўқотганлик нафақасидан нафақа улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда, мурожаат қилувчининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли орган оиланинг барча аъзоларига ҳужжатларни расмийлаштирадиган ёки ушбу оиланинг амалдаги ҳужжатлар йиғмажилди турган ваколатли органга тегишли хабарномани юборади ва нафақа боқувчисини йўқотганлик нафақасидан улуш ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

52. Нафақалар:

а) ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органга «ТИЭК» ахборот тизими орқали юборилган ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола деб топилган кундан бошлаб, ногиронлик белгиланган муддатнинг бутун даврга, бироқ ногиронлиги бўлган бола 18 ёшдан ошмаган муддатга;

б) парваришлаш нафақаси қонуний вакилга Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органга «ТИЭК» ахборот тизими орқали юборилган ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ўзгалар парваришига муҳтож деб топилган кундан бошлаб, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ўзгалар парваришига муҳтож деб топилган муддатнинг бутун даврига, бироқ ногиронлиги бўлган бола ўзгалар парваришига муҳтож деб топилган 18 ёшдан ошмаган муддатга;

в) ногиронлик нафақаси ёшидан қатъи назар, Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ваколатли органга «ТИЭК» ахборот тизими орқали юборилган шахсни I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган муддатга;

г) боқувчисини йўқотганлик нафақаси Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган вафот этган шахснинг меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига Қонуннинг 19-моддасида белгиланган муддатга;

д) ёшга доир нафақа Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахсларга ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган ёшга тўлган кундан умрбод муддатга тайинланади.

53. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси улар бошқа пенсиялар ва нафақалар олишидан қатъи назар, 18 ёшга тўлгунига қадар тайинланади.

54. Ваколатли орган сўровномани ахборот тизимлари орқали олгандан сўнг 5 дақиқа ичида:

қонуний вакил ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган шахснинг ҳомийси эканлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Болаларни васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш» ахборот тизими орқали;

болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) онани фарзанди ногиронлиги болаликдан бўлган шахс (бола)лиги тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «ТИЭК» ахборот тизими орқали автоматик тарзда ўрганади.

55. Давлат хизматлари маркази маълумот олингандан сўнг 5 дақиқа ичида:

нафақа тайинланган тақдирда, нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида мурожаат қилувчини хабардор қилади;

нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида мурожаат қилувчини хабардор қилади.

56. Нафақалар Қонуннинг 47-моддасида белгиланган муддатларда тайинланади.

57. Ушбу Низом қоидаларига асосан шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи йўқлиги сабабли унга нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда, ваколатли орган рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумотни тегишли давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали нафақа олган шахсга электрон тарзда юборади.

8-БОБ. НАФАҚАЛАРНИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ

58. Нафақалар қонунчиликка мувофиқ нафақа миқдори ёки нафақа ҳисоблаш тартиби ўзгарган тақдирда қайта ҳисоблаб чиқилади. Бунда нафақалар уларнинг миқдори ёки ҳисоблаш тартиби ўзгаришига асос бўлган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддат ва миқдорларда ваколатли орган томонидан қайта ҳисоблаб чиқилади.

59. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси оиланинг меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари таркиби ўзгарганда қайта ҳисоблаб чиқилади. Нафақалар ушбу ҳолатлар бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади.

 

9-БОБ. НАФАҚАЛАРНИ ТЎЛАШ

60. Нафақалар нафақа олувчининг хоҳишига кўра нафақани етказиб бериш (топшириш) ваколати юкланган ташкилот ёки фуқароларнинг депозит ҳисобварақларига пул ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

61. Нафақалар ҳар ойда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай тўланади.

62. Нафақалар ногиронлик муддати белгиланган сўнгги ой учун, меҳнатга лаёқатсиз бўлган оила аъзоси 18 ёшга тўлган ой учун, меҳнатга лаёқатсиз бўлган оила аъзоси таълим ташкилотининг ўқувчиси ёки талабаси бўлса 23 ёшга тўлган ой учун, меҳнатга лаёқатсиз бўлган оила аъзоси таълим ташкилотининг ўқувчилари ёки талабалари сафидан чиқарилган сўнгги ой учун, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган бола 18 ёшга тўлган ой учун тўлиқ миқдорда тўланади.

63. Нафақалар қонунчиликда белгиланган тартибда ишончнома орқали тўланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар (Минск шаҳри, 1993 йил 22 январь) аъзоси бўлган давлатлар – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар бундан мустасно.

Бунда ишончнома берган шахс ваколатли органга бир йилда камида бир марта келиб, тайинланган нафақага бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ваколатли орган томонидан нафақа олувчининг келиш имконияти мавжуд эмаслиги (соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун стационар даволанишда бўлиш) тўғрисида маълумотлар олинган тақдирда, ваколатли орган ходимлари тайинланган нафақага бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун нафақа олувчи турган жойга бориш ҳуқуқига эга.

Нафақа олувчи хорижий давлатда бўлган ва Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда, нафақа олувчи Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек, пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.

Ишончли вакил нафақа тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ва ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида ваколатли органга хабар бериши шарт.

Ишончнома нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасида сақланади. Бунда нафақани етказиб бериш (топшириш) вазифаси юкланган ташкилотнинг бўлинмаси ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб ўн кун муддатда ваколатли органга нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот бўлинмасининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт.

64. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси (ID-картаси) амал қиладиган муддат давомида тўланади.

65. Шахснинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи мавжуд бўлмаса ёхуд яшаш учун рухсатноманинг кейинги санаси ўртасида узилиш мавжуд бўлган тақдирда, нафақани тўлаш доимий яшаш, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг ёки яшаш учун рухсатноманинг янги санасидан бошлаб давом эттирилади. Бунда нафақани тўлаш нафақа тўлаш тўхтатилган пайтдан, бироқ Қонуннинг 59-моддасида назарда тутилган тартиблар асосида давом эттирилади.

66. Шахс томонидан қайта тиббий текширишдан ўтказиш муддати ўтказиб юборилганда, нафақалар Қонуннинг 55-моддасида назарда тутилган тартибда тўланади.

67. Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда, нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли ваколатли орган томонидан давом эттирилади. Бундай ҳолатда нафақа тўлаш аввалги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади.

Нафақа олувчиларни ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек, уларнинг йиғмажилдларини жўнатиш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

68. «Саховат» уйларида ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатларида яшовчи давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга, уларнинг шахсий сарф-харажатлари учун тегишли ёшга доир, боқувчисини йўқотганлик ёки ногиронлик нафақасининг 20 фоизи миқдоридаги маблағ тўлаб борилади.

69. Тайинланган нафақани тўлаш:

нафақа олувчи вафот этганда;

нафақа олувчини тайинланган нафақани олиш ҳуқуқи йўқолганда;

нафақа олувчи хорижий давлатда бўлган даврида пенсия (ижтимоий нафақа) олганлиги аниқланганда;

доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

70. Тайинланган нафақани тўлаш:

нафақа тўлаш муддати тамом бўлганда;

кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида нафақани етказиб бериш (топшириш) вазифаси юкланган ташкилот орқали нафақа олинмаганда;

нафақа олувчи озодликдан маҳрум этилганда (манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар бундан мустасно);

нафақа олувчи руҳий ҳолати бузилган шахслар учун интернат уйларида яшаганда;

нафақани тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида нафақа олувчи томонидан ариза берилганда;

суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;

ишончнома берган шахс унга тайинланган нафақага ҳуқуқни тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда вақтинча тўхтатиб турилади.

Тайинланган нафақани тўлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилади.

Нафақани тўлаш ушбу банд бўйича тўхтатилган тақдирда, нафақа олувчи ёки унинг қонуний вакили ваколатли органга келиб шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда ариза билан мурожаат қилгандан сўнг тикланади.

Нафақа олувчи хорижий давлатда бўлиб, Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда, нафақа олувчи Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига нафақа тўловини тиклаш юзасидан мурожаат этиши ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек, пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.

Нафақани тўлаш ваколатли орган томонидан қайта тикланади.

71. Нафақа олувчи нафақа тўлашнинг тўхтатилиши ёки қайта тикланишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар (нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда, ногиронлиги бўлган болани тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги битим бекор қилинганда) пайдо бўлганда, нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатилади ёки қайта тикланади.

72. Нафақа олувчи озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган тақдирда, тайинланган нафақани тўлаш тўхтатилади (манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар бундан мустасно) ва жазодан озод этилгандан кейин мурожаат қилинган кундан бошлаб қайта тикланади.

73. Нафақа олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилинмаган ҳисобланган нафақа суммаси уни олиш учун мурожаат қилган кундан Қонуннинг 59-моддасида назарда тутилган тартиблар асосида қайта тикланади ва бир йўла тўланади.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган нафақа суммаси бирор-бир муддат билан чекловсиз бир йўла тўланади.

74. Қонунга мувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бирини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга унинг ўзи танлаган нафақа ёки давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланади. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болага нафақа ва парваришлаш нафақаси бундан мустасно.

75. Нафақа олувчига Қонунга мувофиқ давлат пенсияси турларидан бири тайинланганда нафақа тўлаш тўхтатилади, пенсия эса нафақа охирги маротаба тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

76. Нафақа олувчига тегишли бўлган ва унинг вафот этиши сабабли олинмай қолган нафақа суммаси мерос таркибига киритилмайди ва унинг қонуний вакилига ва нафақа олувчи билан у вафот этган кунда бирга яшаган оила аъзоларига тўланади.

Нафақа олувчи вафот этган ой учун тўлиқ олинмай қолинган нафақа суммаси юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга вафот этган ой учун тўлиқ миқдорда тўланади. Бунда нафақа олувчи вафот этган ой учун банк пластик картасига кирим қилинган маблағлар вафот этган нафақа олувчининг қонуний вакилига ва нафақа олувчи билан у вафот этган кунда бирга яшаган оила аъзоларига қайта тўланмайди ва ваколатли органга қайтарилмайди.

Бир неча шахс олинмай қолинган нафақани олиш учун мурожаат қилганда, уларга тегишли нафақа суммаси улар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма нафақа олувчи вафотидан кейин олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бола ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг олинмай қолган нафақа суммаси ногиронлик белгиланган муддатдан ошмаган давр учун тўланади.

 

10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

77. Ушбу Низом қабул қилингунга қадар нафақа тайинлаш учун ариза билан бирга тақдим этилган барча ҳужжатлар ва Пенсия жамғармаси бўлимининг нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарори нафақа олувчининг алоҳида шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.

Нафақа «проактив шакл»да тайинланганда ва нафақа тайинлаш учун давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, маълумотлар «Пенсия» ахборот тизимида сақланади.

78. Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан нафақа олувчи тўғрисида автоматлаштирилган тарзда олинган электрон шаклдаги маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳимояланади.

Тегишли давлат органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида нафақа олувчи тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

79. Ушбу Низомга мувофиқ нафақаларни тайинлаш учун зарур бўлган ва ваколатли органга ахборот тизимлари орқали юборилган маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ушбу маълумотларни юборган вазирлик ёки идорага юклатилади.

80. Нафақа миқдори ўзгаришига ёки уни тўлаш тўхтатилишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда, нафақа олувчи бу ҳақда ваколатли орган бўлимига хабар бериши шарт.

81. Нафақадан чегирмалар Қонуннинг 65-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

82. Нафақа олувчи ушбу Низомга асосан тайинланган нафақани ваколатли органга ташриф буюрган ҳолда, ёзма равишда қилган мурожаати асосида ихтиёрий тўхтатиш ҳуқуқига эга.

83. Нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан мурожаат қилувчи томонидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят қилиниши мумкин.

84. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик ва ёшга доир нафақаларни тайинлашда ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.

85. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

86. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

 

ЎзР ВМнинг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарорига
2-ИЛОВА

ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ БЎЛГАН ёЛҒИЗ КЕКСАЛАР ВА ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ ЁЛҒИЗ НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА ҚЎШИМЧА ТЎЛОВНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга «проактив шакл»да қўшимча тўловни тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Қўшимча тўлов Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«проактив шакл»да қўшимча тўлов тайинлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ахборот тизимлари (кейинги ўринларда – ахборот тизимлари) – ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари сақланадиган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг «Пенсия», Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «ТИЭК» ахборот тизимлари;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар (кейинги ўринларда – ёлғиз кексалар ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар) – фарзандлари, шу жумладан асраб олган фарзандлари (вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган болалар бундан мустасно), эри/хотини, ота-онаси, шунингдек, васийлари, ҳомийлари ва суд томонидан кексани ёки ногиронлиги бўлган шахсни парвариш қилиш мажбурияти зиммасига юкланган шахслари бўлмаган ўзгалар парваришига муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар ва пенсия ёшидаги (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар) ёлғиз кексалар;

проактив шаклда қўшимча тўловни тайинлаш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда – ваколатли орган) – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими;

қўшимча тўлов – уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахсларга пенсия ёки нафақа тури ва миқдоридан қатъи назар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўланадиган ҳар ойлик пул тўлови.

3. Ушбу Низомга мувофиқ «проактив шакл»да қўшимча тўловни тайинлашга оид давлат хизмати ваколатли орган томонидан кўрсатилади.

4. Қўшимча тўловни тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва ваколатли орган иштирок этади.

5. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

6. Қўшимча тўлов ваколатли органда пенсия ва нафақа олувчи сифатида рўйхатда турган фуқароларга ваколатли органнинг маблағлари ҳисобидан ҳар ойда тайинланади ва тўланади.

 

2-БОБ. ҚЎШИМЧА ТЎЛОВНИ ТАЙИНЛАШ

7. Қўшимча тўлов Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «ТИЭК» ахборот тизими орқали кекса ёшдаги шахсни ва ногиронлиги бўлган шахсни ўзгалар парваришига муҳтожлиги ва ёлғизлиги тўғрисида электрон маълумот берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ваколатли орган томонидан «Пенсия» ахборот тизими орқали «Проактив шакл»да тайинланади.

8. «Проактив шакл»да ёлғиз кексалар ва ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча тўловни тайинлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ушбу Низомга 1-иловага** мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

а) кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни ўзгалар парваришига муҳтож эканлигини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқлайди ва ушбу Низомга 2-иловага** мувофиқ электрон рўйхатни шакллантиради;

б) ушбу Низомга 3-иловага** мувофиқ ёлғиз кекса ва ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар тоифасидан чиқарилган фуқароларнинг электрон рўйхатини шакллантиради;

в) ушбу Низомнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ шакллантирилган электрон рўйхатларни «ТИЭК» ахборот тизими орқали ёлғиз кексанинг ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахснинг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ваколатли органнинг «Пенсия» ахборот тизимига юборади.

10. Ваколатли орган:

а) Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ушбу Низомга 2-иловага асосан юборилган электрон маълумотларга асосан ёлғиз кекса ва ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга «Пенсия» ахборот тизимида автоматик тарзда қўшимча тўловни тайинлайди;

б) Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ушбу Низомга 3-иловага асосан юборилган фуқарони ёлғиз кекса ва ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотга асосан қўшимча тўлов тўланишини «Пенсия» ахборот тизимида автоматик тарзда тўхтатади;

г) ушбу Низомга мувофиқ тайинланган қўшимча тўловни тўлаш учун ҳар ойнинг 4-санасига қадар тўлов қайдномаларини ва зарур маблағларни пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилотга ахборот тизими орқали юборади;

д) қўшимча тўлов тайинланганида ёки тўлови тўхтатилганида 5 дақиқа ичида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан берилган электрон маълумотномада кўрсатилган мобиль телефон рақамига СМС хабар юборади.

11. Қўшимча тўловни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шахс ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғизлар рўйхатидан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумот келиб тушган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ваколатли орган томонидан тўхтатилади.

 

3-БОБ. ҚЎШИМЧА ТЎЛОВНИ ТЎЛАШ

12. Қўшимча тўлов қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда пенсия ва нафақа етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот томонидан жорий тўлов ойидан кечикмай тўланади.

13. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган ёлғиз кексалар ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча тўлов яшаш гувоҳномаси (ID-картаси) амал қиладиган муддат давомида тўланади.

14. Қўшимча тўлов олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганида қўшимча тўловни тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли ваколатли орган томонидан давом эттирилади. Бундай ҳолда қўшимча тўловни тўлаш илгариги яшаш жойи бўйича қўшимча тўлов тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

15. Ушбу Низомга мувофиқ ахборот тизимлари орқали юборилган қўшимча тўловни тўлаш ҳуқуқини берадиган электрон маълумотларни тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юклатилади.

16. Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан ёлғиз кексалар ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида электрон шаклда автоматлаштирилган тарзда олинган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида» Қонунига мувофиқ ҳимояланади.

17. Ёлғиз кексалар ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизмати кўрсатилишида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

18. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.03.2023 йилдан кучга кирди.

**Ушбу низомларга иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 377 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика