Norma.uz
СБХ / 2022 йил / № 17 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

 

Замонавий тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан янги форматдаги «Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки:

юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида ундирилади;

Ўзбекистон Республикасига қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар ўқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинади;

даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб бекор қилинади. Бунда, даволаш муассасалари томонидан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш автоматлаштирилган махсус дастур орқали электрон шаклда амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2863-сон қарорида назарда тутилган, юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилсин.

3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материалларини ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга асосан, 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу банддан келиб чиқиб, Солиқ кодексига 2025 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзларни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббиёт олий таълим муассасаларининг клиник базаларини ташкил этиб, уларда шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш;

малака тоифаси олиш учун талаб этиладиган иш стажи муддатини қисқартирган ҳолда, тоифасиз ходимларга 3 йил, биринчи тоифа учун – 5 йил, олий тоифа учун – 7 йил этиб белгилаш.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли меъёрий ҳужжатларга хусусий тиббий фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар учун лицензия олишда санитария ва қурилиш талабларини соддалаштириш бўйича ўзгартиришлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев белгилансин.

9. Фармоннинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2022 йил 11 апрель

ПФ-102-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.04.2022 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Фармонга илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 341 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика