Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 04 / Расмий ҳужжатлар

«Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликларини молиявий соғломлаштириш, экспортбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етиштириш ҳамда қишлоқ жойларида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад олишга янада қулай шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев ва Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари С.С.Саидкаримов бошчилигида «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги муаммоли иссиқхона хўжаликлари фаолиятини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил этилсин ва унинг таркиби иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳи икки ҳафта муддатда «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги иссиқхона хўжаликлари моддий-техника базасини, иқтисодий аҳволини ва инфратузилма билан таъминланганлик даражасини ўрганиб чиқсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк ҳамда тижорат банкларининг «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги иссиқхона хўжаликларига:

давлат дастурлари доирасида ҳамда давлат қарзи эвазига жалб қилинадиган ресурслар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар муддатини 7 йилдан 10 йилгача қилиб белгилаш ҳамда мазкур иссиқхона хўжаликларига илгари ажратилган кредит муддатларини тегишли равишда 3 йилгача узайтириш;

хорижий валютада ажратилган кредитларни миллий валютада қайта расмийлаштириш ҳамда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига фоиз харажатларининг 5 фоиздан ошмаган қисмини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш;

табиий газ учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня миқдорини 0,4 фоизидан 0,1 фоизга тушириш, шунингдек 2021 йил 31 декабрь ҳолатига ҳисобланган пеня суммасини ҳисобдан чиқариш;

табиий газ учун оширилган ставкада (шартномавий ҳажмдан ошган қисм учун 1,4 коэффициент) тўлов қўллаш тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Бунда мазкур имтиёзлар Республика ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига кўра шакллантирилган рўйхат асосида тақдим этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги:

республикадаги мавжуд тажрибали ва малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги иссиқхона хўжаликларига бириктириш;

хорижий агрономларни жалб қилган ҳолда давлат дастурлари доирасида кредит ажратилган республикадаги иссиқхона хўжаликлари фаолиятини аудитдан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 декабрдаги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган маблағлар ҳисобидан «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги иссиқхона хўжаликларига экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратиш чораларини кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда масалага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика ҳудудларида фаолият кўрсатаётган иссиқхоналарда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга йўналтиришда вужудга келадиган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва ижросини таъминласин.

5. Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан биргаликда «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги самарасиз иссиқхона хўжаликларини аниқлаб, уларнинг мулкдорлари билан келишган ҳолда мазкур иссиқхона хўжаликларини янги ташаббускорларга ўтказиб берилишини (олди-сотди, кредит бўйича банк олдидаги мажбуриятларни ўтказиш ёки бошқа келишилган шартларда) ташкил этсин.

Республика ишчи гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ҳокимлари самарасиз иссиқхона хўжаликларини сотишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли ташаббускорларни танланишига шахсан жавобгар ҳисобланади.

6. Республика ишчи гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М.Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2022 йил 17 январь

27-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.01.2022 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 177 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика