Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 52 / Истеъмолчи бурчаги

Чалғитувчи биологик фаол қўшимчалар рекламаси

 

COVID-19 пандемияси даврида фармацевтика маҳсулотлари, хусусан турли хил биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш кескин ошиб кетди.

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига таркиби «мўъжизавий» шифобахш хусусиятларга эга бўлган биологик фаол қўшимчалар рекламаси бўйича мурожаатларнинг келиб тушиши давом этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан фуқароларнинг 461 тадан ортиқ мурожаати кўриб чиқилди. Шунингдек, Агентлик томонидан ўтказилган мониторинг давомида биологик фаол қўшимчаларни сотиш соҳасида реклама қонунчилигини бузиш билан боғлиқ 495 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Харид қилинган маҳсулотга 33,7 млн сўмдан ортиқ маблағ Агентлик кўмагида истеъмолчиларга қайтарилди. Компаниялар томонидан БФҚга бўлган талабни ошириш ва кўпроқ аудитория эътиборини жалб қилиш мақсадида реклама сиёсатига катта маблағ сарфланмоқда. Кўп нарсаларни ваъда берувчи турли БФҚнинг ёрқин реклама роликлари кишиларда ишонч уйғотмоқда. Бугунги кунда бундай рекламалар нафақат телеканаллар, балки интернетдаги кўплаб ижтимоий тармоқларни ҳам қамраб олган.

Агентлик томонидан сўнгги ўрганишлардан бири – «Helix original» рекламаси бўлиб, унда касалликлар номи тилга олинади, БФҚ эса профилактик таъсир кўрсатувчи ёки даволовчи восита сифатида кўрсатилади. Рекламасида «ажойиб восита», «остеоартрит ва бўғим оғриқларига стоп деб айтинг», «бўғимлардаги оғриқ дарҳол йўқолиб, тоғай ўз ҳолига қайтади», «оғриқ қолдирувчи таъсирни таъминлайди» каби иборалар мавжуд бўлган роликларни томоша қилиш жараёнида кишиларда бу туйғулар пайдо бўлиши табиий.

 

Рекламаларда берилган маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ келадими?

Агентлик ваколатли органларга хатлар юборди ва олинган хулосаларга кўра, «Helix original» БФҚ сифатида рўйхатга олинган бўлиб, реклама ролигида эълон қилинган хусусиятларга эгалиги истеъмолчиларни чалғитади, яъни қўшимча дори воситаси ўрнини боса олади, деган ёлғон тасаввур пайдо бўлади.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида реклама истеъмолчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши, унга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган рекламалар нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланиши белгиланган.

Шунга ўхшаш «Доктор МОРЕдан ТОЗАЛАШ ТИЗИМИ» капсулалари ҳам БФҚ бўйича таҳлилий ўрганиб чиқилди. Реклама маълумотларининг бундай тақдимоти «Доктор МОРЕ» дори воситаси сифатида турли касалликларга шифобахш хусусиятларга эга, деган таассуротни уйғотади. Унинг рекламасида ҳам бўрттирилган сўзлардан фойдаланилади.

 

БФҚ ўзи нима?

БФҚ (биологик фаол қўшимчалар) – бу озиқ-овқат хом ашёсини қайта ишлаш йўли билан ёки сунъий усулда ҳосил қилинган ҳамда бевосита овқат билан бирга истеъмол қилиш ёки озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга мўлжалланган табиий ёхуд табиийга айнан ўхшайдиган биологик фаол моддаларнинг концентратларидир. БФҚ озиқ-овқатга тегишли бўлиб, улар дори воситаси ҳисобланмайди. Улар қўшимча озуқа манбаи сифатида (озуқавий толалар, витаминлар, минераллар, аминокислоталар) рационни оптималлаштириш ва етишмовчиликларни баратараф этиш мақсадида истеъмол қилинади.

 

Буни билган маъқул

Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низомга (АВ рақами 1024, 6.04.2001 й.) мувофиқ биологик фаол озиқ-овқат қўшилмаларни реклама қилишда:

а) улар дори-дармон воситалари эканлиги ва (ёки) даволаш хоссаларига эгалиги тўғрисида тасаввурни ҳосил қилмаслиги;

б) кишиларнинг шифо топганлиги, уларни қўллаш натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланганлиги аниқ ҳолатларини далил қилиб келтирмаслиги;

в) уларни қўллаганлиги муносабати билан жисмоний шахсларнинг билдирган миннатдорчиликларини ўз ичига олмаслиги;

г) соғлом овқатланишдан бош тортишга ундамаслиги;

д) тадқиқотлар, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида далилларга ҳавола қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотларнинг натижаларидан уларни қўллашга очиқдан-очиқ тавсия шаклида фойдаланиш йўли билан уларнинг афзалликлари тўғрисида тасаввур ҳосил қилмаслиги керак.

Шундан келиб чиқадики, ҳар бир фуқаро саломатлик масаласида ўзбошимчалик билан даволанмаслиги, ўз соғлиғига ғамхўрлик қилиши, биологик фаол қўшимчаларни фақат профилактика мақсадларида қабул қилиши мумкин. БФҚни қабул қилишдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

consumer.gov.uz асосида. 

Прочитано: 437 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика