Акам 2018 йилда 60 ёшга тўлганида пенсияга чиққан. Ўша пайтда меҳнат дафтарчасида барча ёзувлар бўлишига қарамай, ишлаган йилларини архив маълумотномалари билан тасдиқлай олмаган. Жорий йилда чиққан қонунга кўра пенсияга чиқишда меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар иш стажини ҳисоблаш учун етарли эканлиги қайд этилган.
У пенсия қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгами? Агар шундай бўлса, нима қилиши керак?
– 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади (3.02.2021 йилдаги ПФ-6155-сон Фармоннинг 10-б.).
Пенсия жамғармасида тушунтиришларича, ушбу тартиб 2021 йил 1 июндан бошлаб тайинланган пенсияларга нисбатан қўлланилар экан. 2021 йил 1 июнгача тайинланган пенсиялар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.