Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 49 / Расмий ҳужжатлар

«Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг фаолиятида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун ажратилган ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон қарори 7-бандига мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

ширкатлар ҳудудида белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилинган ҳолда қурилган бино ва иншоотларни турар жой тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб турар жой сифатида эътироф этилади;

давлат рўйхатидан ўтган ширкатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда – Давлат хизматлари агентлиги) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда – Кадастр агентлиги) ўртасида электрон ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашинуви «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.

3. Кадастр агентлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ширкатлар аъзолари ўртасида ширкатлар ҳудудида қурилган бино ва иншоотларни турар жой тоифасига ўтказиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидалар юзасидан кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 3 декабрь

731-сон.

ЎзР ВМнинг

2021 йил 3 декабрдаги 731-сон қарорига

ИЛОВА

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2011 ЙИЛ 1 МАРТДАГИ 51-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН БОҒДОРЧИЛИК-УЗУМЧИЛИК ШИРКАТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. 1-банддаги «участкалари бериш ҳамда улардан» сўзлари «участкаларидан» сўзи билан алмаштирилсин.

2. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«4. Ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган тартибда давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади».

3. 8-банднинг учинчи–тўртинчи хатбошилари қўйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2021 йил 1 августга қадар берилган умумий фойдаланиладиган ерлар ширкатга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлади.

Ширкат аъзоларига 2021 йил 1 августга қадар берилган ер участкалари жамоавий боғдорчилик ва узумчиликни юритиш учун меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан тегишли бўлади».

4. Қуйидаги мазмундаги 101-банд билан тўлдирилсин:

«101. Ширкат ҳудудида ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ширкат бошқаруви томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

экологик ва санитар ҳолатга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш ва ширкат аъзолари маблағлари ҳисобидан замонавий чиқиндихоналар қурилишини ташкил этиш;

табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига хабар бериш;

ҳайвонларда юзага келган касалликлар турли хил эпидемияларга олиб келишининг олдини олиш ва тегишли чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий органларига хабар бериш;

ширкат аъзолари томонидан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, хусусан чорвачилик билан шуғулланиб, уч ва ундан ортиқ чўчқа ва қорамолларни боқилиши, чиқиндилар ён атрофда оқиб ўтувчи дарёларга ёки далаларга оқизилиши, оқиб ўтган сув, шунингдек, ер ости сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатиши, ҳайвонларда юзага келган касалликлар турли хил эпидемияларга олиб келишининг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўриш бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига ва ваколатли органларга хабар бериш;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларининг амалга оширилиши, лойиҳа ҳужжатларисиз, рухсатномасиз қуриш ҳолатлари юзасидан Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органларига хабар бериш;

ер участкаси чегараларининг (чегара нуқталарининг) ўзбошимчалик билан ўзгартирилиши, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлик ҳолати юзасидан Кадастр агентлиги ҳудудий органларига хабар бериш».

5. 11-бандда:

а) саккизинчи хатбошиси қўйидаги таҳрирда баён этилсин:

«объектларни лойиҳалаш ва қуриш учун ишлаб чиқилган, белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ширкат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган хўжалик иморатлари ва бошқа иморатлар қуриш»;

б) қуйидаги мазмундаги ўн саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«ширкат аъзолигидан чиққан фуқароларнинг мол-мулкига ширкат томонидан хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, шунингдек, коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатишни тўхтатиш»;

в) ўн саккизинчи хатбоши ўн тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

6. 12-бандда:

а) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«тушган бадаллардан коммуникациялар, муҳандислик инфратузилмаси объектлари ва йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш»;

б) еттинчи–ўн биринчи хатбошилар тегишли равишда саккизинчи–ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

7. 15-бандда:

а) қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққан ёки бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган фуқароларнинг ширкатга аъзолигини тўхтатилиши»;

б) олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

8. 17-бандда:

а) биринчи хатбошидан «илтимосномаси бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Бўшаб қолган ер участкаси давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади ва ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқлар электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади».

9. 28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«28. Санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, доимий яшаш учун фойдаланишга яроқли бўлган иморатлар ширкат аъзосининг аризасига кўра ҳамда қурилиш органларининг хулосаси бўйича турар жой тоифасига ўтказилиши мумкин.

Бунда, ширкат аъзосининг мавжуд ер участкаси ва ер участкасида жойлашган иморатлар давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт.

Ер участкасида жойлашган иморатларни турар жой тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти асосида амалга оширилади».

10. 33-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ширкат аъзоларининг камида 2/3 қисми ҳозир бўлганда, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилинади».

11. 35-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«35. Ширкат бошқаруви умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан етти кишидан кам бўлмаган, шу жумладан, Бошқарув раисидан иборат таркибда сайланади.

Бошқарув аъзоларининг номзодлари ширкатнинг исталган аъзоси томонидан тавсия этилиши мумкин.

Бошқарув аъзоларини сайлаш очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади».

12. Қуйидаги мазмундаги 351-банд билан тўлдирилсин:

«351. Бошқарувда бўш қолган ўринни навбатдан ташқари йиғилиш қарорига кўра тўлдириш мумкин, бунда йиғилиш Бошқарув таркибидан бирон-бир аъзо чиқиб кетгандан сўнг кўпи билан уч ойдан кечикмай чақирилади».

13. 36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«36. Бошқарув аъзоларини сайлаш, шунингдек ширкатнинг Бошқарув фаолиятини амалга ошириш тартиби мазкур Низомда белгиланган қоидалардан келиб чиққан ҳолда, ширкат уставида белгиланади».

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.12.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 238 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика