Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 47 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган масалалар ижросини таъминлаш, шунингдек, электрон тижорат соҳасидаги платформалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аккредитив бўйича ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг электрон тижоратнинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасини (кейинги ўринларда – Рақамли экотизим) 2022 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Рақамли трансформация маркази (кейинги ўринларда – Марказ) этиб қайта ташкил этилсин.

2. Марказ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

Рақамли экотизимни шакллантириш ва унинг оператори функцияларини бажариш;

мулкчилик шаклидан, идоравий ва тармоққа мансублигидан, ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, электрон тижорат платформаларига ўзининг мижозлар базасидан тенг фойдаланиши ҳамда уларга хизматлар кўрсатиши учун шароитлар яратиш;

Рақамли экотизимнинг «эскроу» тизими функцияларини бажариши муносабати билан битта шахсий ҳисобварақдан ҳисоб-китоблар ва тўловлар ҳамда томонларнинг шартнома мажбуриятлари кафолатли (аккредитив тамойили бўйича) бажарилишини таъминлаш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформаларида товарлар ва хизматларни сотиш тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт. Бунда, нархи кўрсатилмаган товар ва хизматларни сотиб олиш бўйича битимлар тузишга йўл қўйилмайди;

2024 йил 1 январга қадар Рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформалари операторлари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади;

товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун, улар Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 337 ва 467-моддаларига мувофиқ фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича пасайтирилган солиқ ставкалари қўлланилади.

Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур банддан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Электрон тижоратнинг «Очиқ рақамли экотизими»ни ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Марказ Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар Рақамли экотизим орқали солиқ органларига реал вақт режимида маълумотларни узатиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаларининг ўзаро интеграциясини таъминласин.

6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор мазмун ва моҳиятининг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг тушунтирилишини таъминласин.

8. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ­С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 17 ноябрь

ПҚ-14-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.11.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 21 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика