Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 46 / Расмий ҳужжатлар

«Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» 2021 йил 22 июндаги ПҚ-5157-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда вазирликлар, идоралар ва йирик хўжалик бирлашмаларида олий маълумотли кадрлар улушини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2022 йил 1 майдан бошлаб кучга киритилсин:

камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда тасдиқлаш;

тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларни ҳар йили 20 июлдан 10 августгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказиш;

олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси буйруғи билан ташкил этиладиган алоҳида суҳбат комиссияси томонидан ҳар йили 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш;

суҳбат натижаларига кўра 100 баллик баҳолаш мезони бўйича 55 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларни олий таълим муассасаси ректорининг (директорининг) буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 4 ноябрь

675-сон.

 


ЎзР ВМнинг 2021 йил 4 ноябрдаги 675-сон қарорига
ИЛОВА

ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИДА КАМИДА БЕШ ЙИЛ ИШ СТАЖИГА
ЭГА БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРНИ СИРТҚИ ВА КЕЧКИ ТАЪЛИМ ШАКЛИГА
СУҲБАТ НАТИЖАЛАРИГА КЎРА ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН ТЎЛОВ-КОНТРАКТ
АСОСИДА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига кириш имтиҳонларисиз, суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

Бунда, ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг тавсияномаси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар (кейинги ўринларда – тавсияномага эга бўлган абитуриентлар) ҳисобидан, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилади.

Мазкур Низом олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларга сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун мазкур Низомга 1-иловада** келтирилган намунавий шаклга мувофиқ тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳамда тавсияномага эга бўлган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланади ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

3. Тавсияномалар Давлат комиссияси томонидан рўйхати тасдиқланган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг биринчи раҳбари томонидан, биринчи раҳбар лавозими вакант бўлганда ва/ёки унинг вазифаларини бажариш бошқа шахсга юклатилганда эса – ушбу раҳбар томонидан берилади.

Вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари ҳар бир ўқув йили учун марказий ва ҳудудий тузилмалари ҳамда тизим ташкилотларидан 100 нафаргача талабгорга тавсиянома бериши мумкин.

Камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларга сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари томонидан бериладиган тавсияномалар (кейинги ўринларда – тавсияномалар) фақатгина берилган ўқув йили учун амал қилади.

4. Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. АБИТУРИЕНТЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

5. Тавсияномага эга бўлган абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш ҳар йили 20 июлдан 10 августгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) махсус электрон тизими орқали амалга оширилади.

Бунда:

Давлат тест маркази томонидан тавсиянома бериш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларига махсус электрон тизимга кириш бўйича логин ва пароллар берилади;

тавсиянома бериш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари томонидан Давлат тест марказининг махсус электрон тизимига тавсияномага эга бўлган ходимларнинг шахсий маълумотлари киритилади.

6. Рўйхатдан ўтган тавсияномага эга бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 15 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги орқали тегишли олий таълим муассасаларига етказилади.

 

3-БОБ. СУҲБАТ ЖАРАЁНИНИ ЎТКАЗИШ

7. Олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси томонидан тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш бўйича алоҳида Суҳбат комиссияси ташкил этилади.

Суҳбат комиссияси 7 нафардан кам бўлмаган таркибда тузилади ва унинг таркибига соҳа бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳамда иш берувчи ташкилотлар ва олий таълим муассасаси бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралардан вакиллар киритилади.

8. Суҳбат комиссияси томонидан тавсияномага эга бўлган абитуриентнинг иш фаолияти у ҳужжат топширган бакалавриат таълим йўналишига мос келиши имтиҳон бошланишидан 10 кун аввал аниқланади.

Тавсияномага эга бўлган абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналиши унинг иш фаолиятига мос эмас деб топилган тақдирда, у имтиҳонга қўйилмайди ва олий таълим муассасаси бу ҳақда иш берувчини хабардор қилади.

Бунда:

абитуриентнинг аризасига мувофиқ тавсиянома берган вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмасининг мурожаати асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ходимнинг иш фаолиятига мос бакалавриат таълим йўналиши бўйича суҳбат жараёнида иштирок этишга рухсат берилади;

бакалавриат таълим йўналишини ўзгартиришга рухсат берилган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан Давлат тест маркази томонидан махсус электрон тизимга киритилади.

9. Тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади ва жараёнлар кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига онлайн трансляция қилиб борилади.

Суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиши ва видеоёзувларнинг камида уч йил олий таълим муассасасида сақланишини таъминлаш масъулияти шахсан олий таълим муассасаси ректори (директори) зиммасига юкланади.

10. Суҳбат жараёни ҳар йили 20 августдан 30 августгача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда, Суҳбат комиссияси таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ўтказилади.

Суҳбат ўтказиш дастури олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва олий таълим муассасаси кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Суҳбат ўтказиш жадвали олий таълим муассасаси расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилишидан камида 5 кун аввал жойлаштирилади.

Суҳбат жараёнига жамоатчилик вакиллари ҳам холис кузатувчи сифатида жалб этилиши мумкин.

11. Узрли сабабларга кўра (соғлиғининг ҳолатига кўра, белгиланган шаклдаги тиббий хулоса асосида) суҳбатга келмаган абитуриентлар учун такрорий суҳбат муддати олий таълим муассасаси томонидан белгиланади ҳамда олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида такрорий суҳбат ўтказилишидан камида 5 кун аввал эълон қилинади.

12. Суҳбат жараёнида абитуриентларнинг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:

мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти;

белгиланган бакалавриат таълим йўналишини танлашдан асосий мақсад;

белгиланган бакалавриат таълим йўналишига мос меҳнат фаолияти давомида эришган ютуқ ва натижалари;

белгиланган бакалавриат таълим йўналиши соҳасида билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлиги.

Ҳар бир саволга 25 баллдан ажратилиб, жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади.

13. Саволлар олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан ишлаб чиқилиб, қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

14. Муайян таълим йўналиши (гуруҳ) бўйича суҳбат жараёни якунлангач, Суҳбат комиссияси аъзолари томонидан қўйилган баллар ҳисоблаб чиқилади ва Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланадиган қайдномага киритиб борилади.

Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган қайдномага асосан Суҳбат комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртачаси 55 баллдан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади.

Муайян таълим йўналиши (гуруҳ) бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра суҳбатдан ўтганлар рўйхати шу куннинг ўзида абитуриентларга ўқиб эшиттирилади.

15. Олий таълим муассасасида суҳбатлар ўтказилиши даврида белгиланган тартибда апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция шикоятлари суҳбат натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан мурожаат қилганларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда бир кундан уч кунгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Апелляция комиссияси таркибига қабул комиссияси фаолиятида иштирок этмаган олий таълим муассасаси ходимлари орасидан комиссия раиси ва тўрт нафар аъзо киритилади.

Абитуриент апелляцияни кўриб чиқишда иштирок этиши мумкин.

Апелляция комиссияси абитуриентнинг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади ҳамда унинг қабул комиссияси ва абитуриентга етказилишини таъминлайди.

16. Суҳбат натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмасига тақдим этилади.

17. Суҳбат комиссиясининг суҳбат натижаларини қайд этиш ҳамда суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варақлари уч йил олий таълим муассасасида сақланади.

 

4-БОБ. ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА ТАЛАБАЛИККА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

18. Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган қайдномага асосан ўтиш балидан юқори балл тўплаган абитуриентлар олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан талабаликка тавсия этилади.

19. Талабаликка тавсия этилганларнинг умумий рўйхати суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг бир кун муддатда олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва шу кундан бошлаб уларга белгиланган намунадаги тўлов-контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан берилади.

20. Талабаликка тавсия этилганлар олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

талабанинг ишлаб турган жойи бўйсунувчи вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмасидан белгиланган шаклдаги тавсиянома;

талабанинг ишлаб турган жойи бўйсунувчи вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмаси томонидан талабанинг бутун ўқиш даври учун тўлов-контракт маблағларини ўз вақтида тўлаб бериш бўйича кафолат хати.

21. Талабаликка тавсия этилганлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосидаги тўлов ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда ходим ишлаётган вазирлик, идора, йирик хўжалик бирлашмаси ёки уларнинг тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ходими талабаликка тавсия этилган ёки қабул қилинган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган вазирлик, идора ёки уларнинг тизимидаги ташкилотлар томонидан тўловни амалга ошириш имконияти бўлмаган ҳолатларда, истисно тариқасида, Давлат комиссияси томонидан уларнинг ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари тўлов манбаи ва бошқа шартлар бўйича вазирлик, идора ёки улар тизимидаги ташкилотларнинг ходим билан келишилган шартномасига мувофиқ белгиланган шаклда амалга оширилишига рухсат берилиши мумкин.

Шартнома шартлари, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

22. Олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт шартлари бажарилгандан сўнг олий таълим муассасаси ректорининг (директорининг) абитуриентни талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилади.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

23. Ушбу тоифадаги талабалар тавсиянома берилган ташкилот билан меҳнат шартномасини ташкилот ёки ўз ташаббуси билан бекор қилган тақдирда, тавсиянома берган ташкилот томонидан олий таълим муассасасига бу борада билдирги юборилади.

Тавсиянома берган ташкилот томонидан юборилган билдирги олий таълим муассасаси ректорининг (директорининг) ушбу талабани талабалар сафидан четлатиш тўғрисидаги буйруғини расмийлаштириш учун асос бўлади ва унинг ўқишини қайта тиклашга рухсат этилмайди.

Ташкилот тугатилган ёки қайта ташкил этилган тақдирда, у томонидан берилган тавсиянома асосида олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талаба унинг ўқиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматини ўз ҳисобидан тўлаб ўқишини давом эттириши мумкин.

24. Тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди.

25. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Низомга
2-ИЛОВА

ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИДА КАМИДА БЕШ ЙИЛ ИШ СТАЖИГА
ЭГА БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРНИ СИРТҚИ ВА КЕЧКИ ТАЪЛИМ ШАКЛИГА
СУҲБАТ НАТИЖАЛАРИГА КЎРА ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН ТЎЛОВ-КОНТРАКТ
АСОСИДА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
СХЕМАСИ

Босқич



Масъуллар



Тадбирлар



Муддатлар









I. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш









1-босқич



Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси



Камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларга сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхатини ва табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорларини тасдиқлаш.



Ҳар йили 1 июлгача












2-босқич



Давлат тест маркази



Махсус электрон тизими орқали тавсияномага эга бўлган абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун тавсиянома бериш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларига махсус электрон тизимга кириш бўйича логин ва пароллар бериш.



Ҳар йили 20 июлдан 10 августгача












3-босқич



Тавсиянома бериш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари



Давлат тест марказининг махсус электрон тизимига тавсияномага эга бўлган ходимларнинг шахсий маълумотларини киритиш.



Ҳар йили 20 июлдан 10 августгача












4-босқич



Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги



Рўйхатдан ўтган тавсияномага эга бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги орқали тегишли олий таълим муассасаларига етказиш.



Ҳар йили 15 августгача












II. Суҳбат жараёнини ўтказиш ва талабаликка қабул қилиш










5-босқич



Олий таълим муассасаси қабул комиссияси



Олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси томонидан тавсияномага эга бўлган абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш бўйича 7 нафардан кам бўлмаган таркибда алоҳида Суҳбат комиссиясини ташкил этиш.



Ҳар йили 15 августгача












6-босқич



Олий таълим муассасаси суҳбат комиссияси



Суҳбат жараёнини ўтказиш.



Ҳар йили 20 августдан 30 августгача












7-босқич



Олий таълим муассасаси қабул комиссияси



Ўтказилган суҳбат натижаларига кўра суҳбатдан ўтганлар рўйхатини шу куннинг ўзида абитуриентларга ўқиб эшиттириш.



Суҳбат ўтказилган куни












8-босқич



Олий таълим муассасаси ректори (директори)



Суҳбат натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотларни бўйсунуви бўйича вазирлик, идора, йирик хўжалик бирлашмасига тақдим этиш.



Натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда












9-босқич



Олий таълим муассасаси қабул комиссияси



Талабаликка тавсия этилганларнинг умумий рўйхатини олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилиш ҳамда уларга белгиланган намунадаги тўлов-контракт бланкаларини бериш.



Суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг бир кун муддатдан бошлаб












10-босқич



Олий таълим муассасаси ректори (директори)



Олий таълим муассасаси ректорининг (директорининг) абитуриентни талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруғини расмийлаштириш.



Тегишли ҳужжатлар тақдим этилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт шартлари бажарилгандан сўнг













 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.11.2021 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1-илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 254 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика