Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 46 / Расмий ҳужжатлар

«Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Самарқанд вилоятининг Ургут туманини янада ривожлантириш, «Ургут» эркин иқтисодий зонасида яратилган қулай бизнес юритиш тажрибасини бошқа ҳудудларга татбиқ қилиш, юқори технологиялар асосида ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳудуди инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун эркин иқтисодий зона этиб белгилансин.

Бунда, Ургут туманининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда «Ургут» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда – «Ургут» ЭИЗ) иштирокчиси мақоми берилади.

2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг:

1-иловага** мувофиқ жами 580,8 гектар ер майдонларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, шундан 273,6 гектар ер участкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан бошқа ер тоифасига ўтказиш;

ер участкаларини белгиланган тартибда давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда, «Ургут» ЭИЗ дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш орқали «Ургут» ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар Самарқанд вилояти махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг «Ургут» ЭИЗ дирекциясига доимий фойдаланишга берилаётган ер участкаларига нисбатан фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;

маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва, умуман, республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш.

4. «Ургут» ЭИЗнинг ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2022 йилнинг 1 июлига қадар:

Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда «Ургут» ЭИЗнинг янги ҳудудлари бош режаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда «Ургут» ЭИЗнинг янги ҳудудларини тасдиқланган бош режаларига асосан муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан таъминлаш бўйича қуриладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда келишиш ишларини якунласин.

6. Қуйидагилар:

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ДУК «Ургут» ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бўйича буюртмачи этиб;

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар «Ургут» ЭИЗнинг бош режасини, объектлар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

«Ургут» ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош пудрат ташкилоти белгиланган тартибда аниқлансин.

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш марказининг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда мавжуд штат бирликлари сони доирасида, ходимлари сони 3 та штатдан иборат «Ургут офиси» ташкил этилсин ва унга «Ургут» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун истиқболли лойиҳавий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ташаббускорларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш вазифаси юклансин.

8. Белгилансинки:

«Ургут» ЭИЗ ҳудудида, шу жумладан янги ташкил этиладиган ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади;

«Ургут» ЭИЗ ҳудудига ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.

9. Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки йил муддатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида «Ургут» ЭИЗ лойиҳаларини жойлаштириш учун ажратилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига тенг миқдорда янги ерларни ўзлаштириш чораларини кўрсин.

10. Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда тижорат банклари билан биргаликда белгиланган тартибда:

икки ой муддатда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал хом ашё ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, «Ургут» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар – «йўл хариталари» ишлаб чиқилишини;

«Ургут» ЭИЗ ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг тадбиркорлик субъектларига етказилишини;

«Ургут» ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишлар олиб бориш, шунингдек, «Ургут» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомалари сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминласин.

11. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ­С.У.Умурзаковга – вазирликлар, идоралар, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг «Ургут» ЭИЗ ривожланиши ва самарали фаолият юритиши, шунингдек, унинг ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятини назорат қилиш;

энергетика вазири А.С.Султанов, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С.Хидоятов, транспорт вазири И.Р.Махкамовга – «Ургут» ЭИЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши ҳамда мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, уларга талаб этиладиган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

уч ой муддатда «Ургут» ЭИЗнинг янги ҳудудларини муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан таъминлаш учун Араб мувофиқлаштириш гуруҳи институтларининг зарур маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.О.Турдимов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида 2022 йилнинг 1 февраль ва 1 июль санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 4 ноябрь

ПҚ-5278-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.11.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 208 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика