Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 46 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Тиббий ускуналар харид қилиш учун 100 млн доллар ажратилади

 

Президент томонидан 11.11.2021 йилдаги ПҚ-6-сон «Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди.

 

Ҳужжатга асосан давлат туман (шаҳар) ва вилоят тиббиёт муассасалари учун замонавий тиббий ускуналар харид қилиш ҳамда улардаги мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2021–2022 йилларда 100 млн АҚШ долларигача эквивалентдаги миллий валютада кредит маблағлари ажратади. Маблағлар Молия вазирлигининг талабномаларига асосан йиллик 2% ставкада 3 йил муддатгача берилади.

Молия вазирлиги кўрсатилган маблағларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган талабномаларига ҳамда белгиланган ставкага кўра қайтариш шарти билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга уларга бюджет ссудаси сифатида ажратади. Улар тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан биргаликда ҳар бир ҳудуд ва муассаса кесимида тиббий ускуналарга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар ҳамда харид қилинадиган ускуналар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлигига келишиш учун киритадилар.

Харид қилиш жараёнига «O‘zmedimpeks» МЧЖ агент сифатида жалб қилиниши мумкин.

Тиббий ускуналарни харид қилиш бўйича техник топшириқлар ва тендер ҳужжатлари «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда комплекс экспертизадан ўтказилади.

Молия вазирлиги кредит маблағларини республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга ва етакчи хорижий тиббий муассасаларда уларнинг мутахассислари малакасини оширишга ҳам йўналтириши мумкин.

Хорижда малака оширадиган тиббиёт ходимлари рўйхати Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлов (конкурс) асосида шакллантирилади ҳамда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.11.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева. 

Прочитано: 173 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика