Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 45 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Республикада кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасини кенгайтириш ҳамда тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалашни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Белгилансинки, 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда, синов тариқасида, кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу маҳсулотларни синов мобайнида акциз маркалари билан маркировка қилмаслик тартиби уларни давлат тилида маркировка қилиш ҳамда мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этишдан озод қилмайди.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра фильтрли ва фильтрсиз сигареталардан бошқа турдаги чекиладиган тамаки маҳсулотлари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинли тамакисиз снюслар, таркибида никотин мавжуд суюқликлар ва никотинли электрон сигареталар (кейинги ўринларда – бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари) бўйича:

а) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар:

2022 йил 1 сентябрга қадар ёки 2022 йил 1 сентябрдан кейин мазкур фаолият амалга оширилиши зарурати юзага келган кундан бошлаб 7 календарь кун мобайнида маркировкалаш ахборот тизимида рўйхатдан ўтади ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва (ёки) олиб кириладиган бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари номенклатураси тўғрисидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

2022 йил 1 октябрдан бошлаб истеъмол ва гуруҳланган қадоқларга рақамли идентификациялаш воситаларини туширади, шунингдек, бошқа турдаги тамаки маҳсулотларини агрегациялашни таъминлайди ҳамда маркировкалаш ахборот тизимига маркировкаланганлиги ва агрегацияланганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади;

2023 йил 1 январга қадар маркировкаланмаган бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг қолдиқлари сотилишини (улгуржи савдога) ва (ёки) уларнинг учинчи шахсларга сотилиши билан боғлиқ бўлмаган сабаблар бўйича қолган қолдиқлари сотувдан чиқарилишини таъминлайди;

2023 йил 1 мартдан бошлаб бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари айланмаси бўйича барча ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар маркировкалаш ахборот тизимига киритилишини таъминлайди;

б) улгуржи савдо ташкилотлари:

2022 йил 1 ноябрга қадар ёки 2022 йил 1 ноябрдан кейин мазкур фаолият амалга оширилиши зарурати пайдо бўлган кундан бошлаб 7 календарь кун мобайнида маркировкалаш ахборот тизимида рўйхатдан ўтади;

2023 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилардан ва импорт қилувчилардан сотиб олишга доир маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

2023 йил 1 февралдан бошлаб маркировкаланган бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари сотилиши тўғрисидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

2023 йил 1 мартга қадар маркировкаланмаган бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг қолдиқлари сотилишини (чакана савдога) ва (ёки) уларнинг учинчи шахсларга сотилиши билан боғлиқ бўлмаган сабаблар бўйича қолган қолдиқлари сотувдан чиқарилишини таъминлайди;

2023 йил 1 июндан бошлаб бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари айланмаси бўйича барча ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

в) чакана савдо ташкилотлари:

2023 йил 1 февралга қадар ёки 2023 йил 1 февралдан кейин бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан боғлиқ фаолият амалга оширилиши зарурати пайдо бўлган кундан бошлаб 7 календарь кун мобайнида маркировкалаш ахборот тизимида рўйхатдан ўтади;

2023 йил 1 мартдан бошлаб бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси ташкилотларидан сотиб олишга доир маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

2023 йил 1 июндан бошлаб бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси бўйича маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

2023 йил 1 октябрга қадар маркировкаланмаган бошқа турдаги тамаки маҳсулотларининг қолдиқлари сотилишини (охирги истеъмолчига) ва (ёки) уларнинг учинчи шахсларга сотилиши билан боғлиқ бўлмаган сабаблар бўйича қолган қолдиқлари сотувдан чиқарилишини таъминлайди;

2023 йил 1 октябрдан бошлаб бошқа турдаги тамаки маҳсулотлари айланмаси бўйича барча ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига киритади;

г) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рақамли идентификациялаш воситаларини туширмасдан ҳамда рақамли идентификациялаш воситалари билан маркировкалаш тўғрисидаги маълумотларни маркировкалаш ахборот тизимига юбормасдан ишлаб чиқариш тақиқланади;

д) 2022 йил 1 октябрдан кейин ишлаб чиқарилганда (олиб кирилганда) уларнинг чакана савдосига фақат маркировкалаш ахборот тизимига маълумотларни киритиш шарти билан рухсат этилади;

е) 2022 йил 1 октябрга қадар ишлаб чиқарилганда (олиб кирилганда) уларнинг чакана савдосига 2023 йил 1 октябрга қадар рухсат этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси:

синов мобайнида акциз маркалари билан маркировка қилинмаган кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари мажбурий рақамли маркировкалаш орқали тўлиқ ҳисобга олиниши молия инспекторлари томонидан давлат солиқ органлари ходимлари билан биргаликда назорат қилинишини таъминласин;

акциз маркалари билан маркировка қилинмаган кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотларининг импорт қилиниши, ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши самарадорлигини таҳлил қилиб борсин;

синов даври якуни бўйича алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш тартибини бекор қилиш юзасидан 2022 йил 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 2 ноябрь

665-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.11.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 951 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика