Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 44 / Биз яшайдиган уй

Блогернинг мурожаати уч нафар ҳокимнинг ноқонуний қарорлари бекор қилинишига омил бўлди

 

Яна бир ҳокимнинг кўп квартирали уй-жой фондини бошқарувчи компаниянинг хизмат кўрсатишига топширилиши тўғрисидаги ноқонуний қарори ҳудудий адлия ва прокуратура органларининг ҳуқуқий баҳосини олди. Бу сафар Тошкент вилояти адлия бошқармасининг Тақдимномаси ҳамда Янгийўл туман прокуратурасининг Протести асосида бекор қилинган Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимининг қарори хусусида сўз юритилмоқда. Бу шунга ўхшаш содир бўлган учинчи воқеликдир. Худди шундай қарорлар қабул қилингач, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ва пойтахтнинг Яккасарой тумани ҳокимлари амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бузувчи ҳужжат сифатида уларни бекор қилишга мажбур бўлишган эди.

 

Худди нусха кўчиргандек

Ҳар учала қарорнинг моҳияти деярли бир хил эди: барча УМШлар ёпилади, уларнинг ҳисобрақамлари тўхтатилади, кўп квартирали уйлар БК хизматига ўтказилади. Янгийўл туманидаги ҳолатда битта ўзига хос жиҳати бор – уйларни бошқа муқобил вариантларни истисно қилган ҳолда фақатгина битта бошқарувчи компанияга топшириш режалаштирилган эди. Ҳокимнинг қарори мулкдорларнинг БКга ўтишга олдиндан розилиги олинмасдан, умумий йиғилишлар ўтказилмасдан, бошқарувчи компанияни танлов асосида танламаган ҳолда қабул қилинган. Уй-жой кодекси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун нормаларига кўра, бундай хатти-ҳаракат мулкдорлар томонидан қарорлар қабул қилишнинг белгиланган тартиб-таомилларини бузиш ҳисобланади, мулкдорларнинг бошқарув усулини эркин танлаш бўйича ҳуқуқини чеклаш, қолаверса, хусусий мулкдорлик ҳуқуқини поймол қилишдир. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг ККУ бошқарув органларининг фаолиятига аралашувига йўл қўймайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳокимларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузишига олиб келган барча учала ҳолат бўйича улар қабул қилган қарорлар бекор қилинишига фейcбукдаги «УМШ ва у билан қандай яшалади?» («ТЧСЖ и как с ним жить?») гуруҳининг маъмури Максим Черниковнинг Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага қилган мурожаатлари туртки бўлган. Унинг аризаларида маҳаллий ижроия ҳокимият маъмуриятлари раҳбарларининг қарорлари юридик жиҳатдан кучи юқорироқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид келгани кўрсатилган.

Янгийўлда билан боғлиқ воқелик, икки бошқа далил сингари фаол фуқаролик позициясига ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқлари камситилганда қандай йўл тутиш бўйича кўрсатма бўла олади. Модомики бир киши қонун устуворлигини таъминлашга эришган экан, демак, бошқалар ҳам буни уддалашига ишончимиз комил. Албатта, бу борада ҳуқуқий билимларга эга бўлган, пировардида мулкдорлар учун нохуш оқибатларни келтириб чиқарувчи ҳуқуқбузарликларга бефарқ қараб туролмайдиган одамларнинг бўлгани яхши.

 

Шахсий қизиқишларингиз қандай?

Блогернинг мурожаатига жавобан қилинган ҳаракат ҳуқуқий саводхонлик даражасидан дарак беради, аниқроғи, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг етарлича билимга эга эмаслигини кўрсатади, уларнинг фуқаролар мурожаатлари билан қандай ишлаётганлигини ёритиб беради. Кўпчилик амалдорлар уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг моҳиятига етмасдан улардаги қоидаларни бузадилар ва бу билан ҳукумат ҳужжатларининг ижросига тўсқинлик қиладилар.

Аввалига Интернет ҳамжамияти маъмури юқори турувчи мансабдор шахс сифатида Тошкент вилояти ҳокимига туман ҳокимининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган, ушбу қарор амалдаги НҲҲларга зидлигини кўрсатган. Одатдагидек, мазкур ариза ҳуқуқбузарликка йўл қўйилганлиги айтиб ўтилган қуйи орган – Янгийўл тумани ҳокимлигига юборилган. Бу ўринда айтиш жоизки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда мурожаатларни кўриб чиқишда уларни ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинган мансабдор шахсларга юбориш тақиқланган (18-м.). Туман ҳокимияти Президентнинг виртуал қабулхонаси орқали ариза берувчининг манзилига жавоб йўллаган. Бироқ бу аслида блогернинг мурожаатига жавоб бўлмаган, балки унда бошқа шахсга «Сувоқава» ДУК фаолиятига доир масала бўйича тушунтириш берилган. Мурожаатлар билан ишлашда кўпинча шундай эҳтиётсизликларга ҳам йўл қўйилади.

Қизиғи шундаки, бунгача туман ҳокимияти ходимлари томонидан телефон қўнғироқлари ҳам бўлиб ўтган, деб таъкидлайди Черников ижтимоий тармоқларда. Ходимлар унинг қаерда яшаши ва ишлаши, Янгийўл туманида кўчмас мулки бор-йўқлиги билан қизиқишган, бундай воқеалар ҳақида қаердан хабар топганлиги ва нима учун бу масалаларга қизиқиб қолганлигини суриштиришган. Амалдорлар туман ҳокимининг қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинганлиги, умумий йиғилишнинг БК хизмат кўрсатишига ўтиш тўғрисида баённомаси мавжудлиги, агар уйда яшовчилар бунга рози бўлмасалар, уларни ҳеч ким мажбурламаслигини айтишди, лекин бу гапларда «жон бор»га ўхшамайди.

Бинобарин, аввало мулкдорларнинг бошқарув усулини ўзгартиришга розилиги олиниши, ана ундан сўнг ҳоким томонидан қарор қабул қилиниши лозим эди. Бунинг акси бўлганда эса яшовчиларнинг норозилиги юзага келади, маҳаллий ижроия органлари раҳбарлари томонидан мансаб ваколатларини ошириб юбориш ва берилган ҳуқуқлар доирасидан четга чиқиш ҳолатларига йўл қўйилади. Умумий ҳисобда олганда уй-жой тўғрисидаги қонунчилик асосларини билмайдиган мулкдорларни воқеликнинг қоқ қаршисида қолдириб, қонунчиликка зид ҳужжатларни ижро этишга мажбурлашмоқда. Бу ўринда умумий йиғилиш баённомасининг борлиги муҳим эмас (аслида уларнинг қандай тузилганлигини текшириб чиқиш ҳам зарар қилмас эди). Гапнинг индаллоси шундаки, бошқарув усули ўзгартирилганда мулкдорлар ҳокимларнинг шубҳали ҳужжатларига эмас, балки қонунга амал қилишлари лозим. Туман ва шаҳар раҳбарлари эса қонунлар ижросини таъминлаши керак. Блогер ҳокимият, Адлия вазирлиги, Бош прокуратурага ёзган аризаларида давлат органларининг эътиборини айнан шунга қаратмоқчи бўлган. Ҳокимлар томонидан ваколатлари доирасида қабул қилинган ҳужжатлар вилоят ҳудудида жойлашган барча субъектлар томонидан мажбурий тартибда ижро этилиши лозим. Бироқ улар юқори юридик кучга эга НҲҲларга зид бўлмаслиги керак.

 

Шахсий манфаат билан чалкаштирмаслик керак

Ижроия ҳокимиятининг ҳуқуқий саводхонлиги етарли даражада бўлмаган, қонунчиликни уялмай-нетмай бузган бир шароитда амалдорлар шахсий манфаатга эга бўлмай туриб қарорларнинг бекор қилиниши учун жон куйдиришнинг маъносига ҳеч тушунмайдилар. Яъни улар фуқаролик фаоллигини шахсий манфаат билан ёнма-ён кўришни хоҳлашадими?

Наҳотки улар бизда ҳар бир фуқаро қонун устувор бўлиши учун мурожаатлар қилишга ҳақли эканлигидан, Конституцияда қонун устуворлиги белгиланганлигидан ва ҳокимларнинг ҳеч бир қарори унга зид бўлмаслиги лозимлигидан хабардор бўлмасалар?! Ваҳоланки, фуқаролар НҲҲларнинг бузилишига бефарқ бўлмасликка, умумий назорат воситаларидан фаол фойдаланишга, ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар беришга чақирилади. Ушбу мақсадларда «Жамоат назорати тўғрисида», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.

Фаол фуқаролик позициясига асосланган ҳаракатларни шахсий манфаат йўлидаги ҳаракатлар деб ҳисобламаслик керак. Ахир, ҳар биримиз ҳуқуқий давлатда яшашни хоҳлаймиз. Унда қонунлар ижро этилишини, фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини, эркинлик кафолатланишини, ҳар бир фуқаронинг қонун олдидаги жавобгарлиги унинг ҳолати ва мақомига қарамасдан, барча учун баробардир. Бундан эса ҳар бир фуқаро манфаатдор бўлади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 304 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика