Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 43 / Мутахассис тушунтиради

Кўчмас мулк билан номувофиқликлар ва ишончлилик

 

2022 йилда кўчмас мулк билан боғлиқ бирозгина номувофиқлик инсофли солиқ тўловчи мақомини ва ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини йўқотишингизга олиб келиши мумкин. Барча хўжалик юритувчи субъектларга жорий йил якунига қадар кўчмас мулкни инвентаризациядан ўтказишни, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этишни, кўчмас мулкни солиқ органларида ҳисобга қўйишни таъминлашни тавсия қиламиз. Бунда нимага алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди: 

 

 – Кўп хўжалик юритувчи субъектлар «Менинг ҳолатимни текшириш» интерактив сервиси маълумотлари бўйича таҳлика-таҳлил тизими уларни «Жойлашган жойи бўйича хусусий, ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки мавжуд эмаслиги» мезони бўйича юқори хавф мавжуд солиқ тўловчилар тоифасига киритишидан ташвишланмоқдалар.

ДСҚ вазиятни кўчмас мулкни ижарага олувчилар учун шарҳлаб берган (таҳририятдан -«СБХ»нинг 12.10.2021 йилдаги 41(1417)-сонига қаранг). Бу ҳолда ijara.uz сайтини ишга тушириш-созлаш якунлангандан сўнг ҳаммаси меъёрда бўлади.

Бироқ ўз кўчмас мулкини тасарруф этувчи корхоналарда ҳам муаммолар бўлиши мумкин. Бу муаммоларни қандай ҳал қилишни тушуниш учун мен солиқ тўловчилар билан ишлаш тажрибамни умумийлаштирдим.

 

1. Сизга тегишли барча объектлар (фойдаланишдаги ер участкалари) солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини текширинг.

Айнан шу кунларда ўз мол-мулкини инвентаризациядан ўтказишда солиқ органларида ҳисобда турмайдиган ва улар бўйича солиқлар тўламайдиган қарийб 100 та у томондан фойдаланиладиган объектларни аниқлаган йирик ташкилотга маслаҳат беришга тўғри келди. Гап ускуналар жойлашган унча катта бўлмаган участкалар ҳақида бормоқда. Уларнинг барчаси мамлакат ҳудуди бўйлаб тарқоқ ҳолда жойлашган.

Ушбу участкалар узоқ 90-йилларда ҳокимларнинг қарорлари билан ажратилган. Ўша пайтдан эътиборан қонунчиликда ўзгаришлар бўлди, қолаверса корхоналарнинг ўзи ҳам бир неча маротаба қайта ташкил этилди, мулкдорлари, раҳбарлари алмашди. Агар 90-йилларда бундай мол-мулкка солиқ солиш масалаларида ҳали аниқлик бўлмаган бўлса, бугун СКнинг 126–131-моддалари асосида солиқ тўловчининг барча объектлари солиқ солиш мақсадларида солиқ органларида ҳисобга қўйилган бўлиши кераклиги мутлақо аниқдир.

Жуда яқин вақтда таҳлика-таҳлил тизимини ривожлантириш, солиқ органларининг бошқа давлат органлари билан ахборот жиҳатдан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш ва ер солиғи ва мол-мулк солиғини келажакда ислоҳ қилиш солиқ органларида ҳисобда турмаган объектларни аниқлашга кўмаклашади. Назаримда, ушбу пайтни ва у билан боғлиқ муҳокамаларни кутмаган маъқул.

Агар сизда рўйхатдан ўтказилмаган объектлар мавжуд бўлса, уларни ошкор этишингизни тавсия қиламан:

● объектга бўлган барча ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни расмийлаштиришни якунланг;

● ҳисобга қўйиш учун солиқ органига мустақил равишда мурожаат қилинг;

● олдинги даврлар учун солиқни, солиқ органи ҳисоблайдиган жарима ва пеняларни тўланг.

 

Бу ҳолда солиқ низолари бўйича даъво муддатидан кўп бўлмаган давр – 5 йил учун солиқни тўлашга тўғри келади.

 

Энг асосийси – солиқ органлари томонидан олдинги солиқ даврлари учун ушбу объектлар бўйича сизга эътирозлар бўлмаслигига ишончингиз комил бўлади.

 

2. Ўз манзилингизни текширинг.

 

Ҳисоб маълумотлари жойлашган ери (почта манзили) ва алоҳида бўлинмалар тўғрисидаги (якка тартибдаги тадбиркорлар учун – фаолият амалга ошириладиган жой тўғрисидаги) маълумотларни ўз ичига олади (СК 132-м.).

Ушбу маълумотларни ўзгартириш – тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлади.

 

Амалиётда кўрсатилган манзиллар бўйича ташкилотни топиб бўлмайдиган ҳоллар анча тез-тез учрайди. Бу турли сабабларга кўра рўй беради. Улардан бири Давлат хизматлари маркази ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (9.02.2017 йилдаги 66-сон) талабларига амал қилишидан иборатдир. У ерда эса рўйхатдан ўтказиш учун ҳар қандай манзилни кўрсатиш мумкин бўлган.

Кўп тадбиркорлар ўз бизнесининг бошланиш босқичида бундан фойдаланишган. У пайтда улар учун асосийси рўйхатдан ўтиш, бизнесни бошлаш бўлган, шундан кейингина улар офис ва ишлаб чиқариш биноларини жиҳозлаш билан шуғулланишган. Ва кўплари ҳалигача жойлашган ери ўзгарганлиги муносабати билан қайта рўйхатдан ўтишмаган.

Ҳатто ишлаб чиқариш корхонаси таъсисчининг квартирасида рўйхатдан ўтказилган ҳоллар ҳам учрайди! Гарчи ҳолати бўйича квартирадан, лозим бўлганидек, турар жой сифатида фойдаланилса ҳам. Ташкилот эса умуман бошқа жойда жойлашган.

Таъкидлайман – қонунга биноан уй-жой фондида фақат оилавий тадбиркорлик субъектлари ишлашлари мумкин. Қолган тадбиркорлик субъектлари турар жой биносини – нотурар жой бинога ўтказишлари керак. Бу анча мураккаб ва узоқ жараён бўлиб, бунда ариза берувчи ҳар доим ҳам ҳокимият томонидан лойиҳанинг маъқулланишига эришмаслиги мумкин.

Агар сизнинг ташкилотингиз жойлашган ери бўйича жойлашмаган бўлса, қайта рўйхатдан ўтишни тавсия қиламан. Эътиборли бўлинг, бу жараён сиздан ҳужжатларни синчиклаб йиғишда катта меҳнат-машаққатни талаб қилади, шу боис бу масалани ҳал қилишни пайсалга солманг.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 242 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика