Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 39 / Истеъмолчи бурчаги

Истеъмолчини чалғитманг ёки танлов ютуқлари ростдан бериладими?

 

Турли ўйинлар, лотерея ҳамда акциялар орқали автомобиль, уяли телефон ҳамда бошқа қимматбаҳо ютуқли совғаларга эга бўлган кишиларнинг оммавий ахборот воситалари ёки интернет тармоқларида бераётган интервьюларини кўп учратамиз. Гўёки бу совринлар бизга берилганидек хурсанд бўламиз. 

 

Сир эмас, кейинги пайтларда шундай интервьюлар аҳолининг рағбатлантирувчи тадбирларда иштирок этишига қизиқишини орттириб бормоқда. Бундай ўйин рекламаларида иштирокчиларга қимматбаҳо ютуқлар берилиши ваъда қилинади, тадбир ўтказилади, ютуқлар эгаларига топширилади. Аммо негадир баъзилар ундан норози бўлиб, ижтимоий тармоқларда кескин муҳокама қиладилар ва унга нисбатан салбий фикрлар билдиришади.

 

Giveaway ҳақида эшитганмисиз?

Giveaway – бу блогер, мусиқачи ёки таниқли шахснинг Instagram саҳифасида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ўтказадиган танлов тадбири (конкурс) ҳисобланади. Унда иштирок этишнинг асосий шарти махсус очилган саҳифада келтирилган тахминан 15 тадан 100 тагача бўлган ҳомийларнинг саҳифаларига обуна бўлиш. Танловда, шунингдек, репостлар, лайклар жойлаштириш ёки ташкилотчи аккаунтларига обуна бўлиш каби танлов шартлари ҳам бажарилади… Ана шундан сўнггина танлов бошланади, ҳаммани ҳаяжон босади: ким ғолибликни қўлга киритар экан!?

 

Giveaway рекламаларининг тезда оммалашувига сабаб нима?

Танловнинг жонли ўтказилаётганими ёки ваъда қилинаётган қимматбаҳо совғаларми?

Албатта, ҳар иккиси десак, асло янглишмаймиз. Танлов онлайн тарзда эканлиги инсоннинг ишончини янада орттиради, ҳамма-ҳаммаси кузатув ва назорат остида, унинг кўз ўнгида бўлади. Бу эса ютуқларнинг ҳаққоний берилишига ишора. Дастлаб танлов ўтказилиши ҳақида энг кўп обуначиларга эга бўлган таниқли шахслар, блогерлар ва санъат юлдузлари рекламалари жойлаштирилади. Шу тарзда Instagram саҳифасида берилаётган рекламадаги Giveaway тадбири ҳам кескин равишда оммалашиб бораверади. Ташкилотчи ғолибларга маиший техника жиҳозлари, автомобиль, ҳатто бош совринга икки-уч хонали уйлар ҳам қўйгани бу танловнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Албатта, бундай янгича усулда тақдим этилаётган ажойиб ютуқларнинг эгаси бўлишдек хаёл ижтимоий тармоқнинг ҳар бир фойдаланувчисини тезда ўзига ром этиб қўйиши табиий.

 

Ўрганиш ва таҳлиллар нимани кўрсатади?

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Агентлик интернет ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишларини олиб бормоқда. Хусусан, ўтказилган Giveaway танлови, ваъда қилинган машина ёки бошқа ютуқларнинг ғолибларга берилмаслик ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилган салбий фикрлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ачинарлиси, ташкилотчилар ўзларига тегишли бўлмаган моддий бойликларни совға сифатида таклиф қилиши, рекламаларда ҳақиқий «iPhone»ларнинг шунчаки қутиларини кўрсатаётгани, машина ва ҳатто уй ҳам бош совринга қўйилиб, улар эса «ўзгача» усулда ютуқ эгасига берилаётганлигидир. Истеъмолчиларни чалғитувчи ёлғон ёки ноаниқ маълумотлардан иборат жойлаштирилган (тарқатилган) бу каби рекламалар амалдаги ҳолатга мос келмаётганлиги учун ҳам кескин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

 

Қонунга кўра…

Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблар ҳисобланади.

Шунингдек, иштирок этиш учун муайян маҳсулотни олиш шарти қўйилган рағбатлантирувчи лотерея, танлов, ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа тадбир ўтказишни тадбирнинг ташкилотчиси, уни ўтказиш қоидалари ва муддатлари, бундай тадбир ҳақидаги ахборот манбаи, мукофотлар ёки ютуқлар миқдори, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартибини кўрсатмаган ҳолда реклама қилиш тақиқланади.

Мазкур Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри реклама тақиқланади.

Тадбир тартиб-қоидаларга асосан ўтказилиши шарт!

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида рекламадан фойдаланувчиларга зарар етказмайдиган шакл ва воситалардан фойдаланган ҳолда фаолият юритиши ва энг асосийси, истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмаслиги учун ижтимоий тармоқ фаол фойдаланувчилари, блогерлар, вайнерлар, стриммерлар ва «Giveaway» ташкилотчиларига эслатма хатларини юборди.

 

Ҳурматли истеъмолчилар! Ёдда тутинг: тадбирларда иштирок этишдан аввал тақдим этилаётган рекламаларда жойлаштирилган маълумотларда тадбир ташкилотчиси, уни ўтказиш қоидалари ва муддатлари, тадбир ҳақидаги ахборот манбаи, мукофотлар ёки ютуқлар миқдори, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартиблари борлигига эътибор беринг ва улар билан бирма-бир танишиб чиқишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Агар Сизда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши юзасидан аниқ маълумот бўлса, Агентликнинг 1159 қисқа рақамли телефони орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатамиз.

 

consumer.uz

Прочитано: 197 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика