Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 39 / Менда фикр бор

МХИК бўйича «ижодкорлик» нимага олиб келади ва қандай қилиб ҳаммасини тузатиш мумкин

 

Давлат солиқ қўмитаси ўзининг soliq.uz сайтида МХИКнинг электрон ҳисобварақ-фактураларда, онлайн-НКТ (виртуал касса) чекларида ва электрон шартномаларда нотўғри акс эттирилиши хатоларга, сотиб олинган (кирим қилинган) ва реализация қилинган маҳсулотнинг номувофиқлигига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бироқ сўнгги кунларда авж олган МХИК-ижодкорлиги ҳам худди шу натижаларга олиб келади. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бунга эътиборни қаратади: 

 

– Бугун ҳам солиқ тўловчилар, ҳам солиқчилар товарлар ва хизматлар учун МХИК кодларини яратиш учун кўп куч сарфлашади. Мен солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ижро этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам бериш учун мўлжалланган «Тадбиркор ва солиқчи» Telegram-гуруҳини кузатиб бораман. Бухгалтерларда сўнгги кунларда бошқа муаммолар йўқдек таассурот уйғонади. Деярли барча мурожаатлар МХИКни танлаш ёки яратишда ёрдам бериш илтимоси билан боғлиқ.

Ўйлайманки, бу ойда 17 белгили МХИКга ўтиш якунланмайди. Бу борадаги иккинчи уринишга ҳаракат бўлиб ўтади, сабаби, бирмунча вақтдан кейин МХИК муаллифлари яратилган МХИК базаси билан товарлар ҳисобини йўлга қўйиб бўлмаслиги ва қимматли таҳлилни тузиб бўлмаслигини тушунадилар.

Бунинг устига, МХИК кодларининг мавжуд тизими бухгалтерларни чалкаштиради, сабаби мос келадиган МХИКни танлаш жараёни – эркин, «ижодий» жараён. Айни бир товарга турли МХИК кодлари қўлланилиши мумкин. Ахир брендни ва атрибутларни кўрсатмасдан – 6 та ноль билан тугайдиган ва айрим ишлаб чиқарувчиларнинг шунга ўхшаш товарлари учун анча аниқ МХИК мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, барча саноат товарларига улар учун «номсиз» нолларни истисно қилган ҳолда, аниқ кодларни яратишга нима халақит берди?

Юзага келган вазиятда ҳатто яратилган МХИКларни аниқ қўллаш имкони ҳам йўқ. Мисол учун, кеча мен супермаркетга ташриф буюрдим. Уйда қизиқиш юзасидан харид учун электрон чекни кўздан кечирдим: унда МХИК қоғоз шаклидаги каби нафақат сон қийматида, балки ёйилмаси билан берилган. Ва дарҳол хато кўзга ташланди! Мен ҳақиқатда харид қилган чой қаршисида, аниқ маркадаги, аниқ ишлаб чиқарувчининг кофеси МХИК турибди. Мен уни сотиб олмаганман. Демак, виртуал кассага маълумот киритишда хатога йўл қўйилган. Бинобарин, ҳисобда ҳам, МХИК ёрдамида ушбу дўконда йўлга қўйишга уринишаётган таҳлилда ҳам ноаниқликлар бўлади.

Назаримда, МХИК тизимини моделлаштиришни тўхтатиб, яна бир бор ҳаммасини пухта ўйлаш зарур. Акс ҳолда МХИК-ижодкорлик фойдадан кўра зарар келтирадиган узлуксиз жараёнга айланиши мумкин.

 

У солиқчиларга ҳам, солиқ тўловчиларга ҳам ортиқча ташвиш келтирмаслиги учун, МХИКнинг самарали тизимини яратиш бўйича иш қандай ташкил этилиши керак?

– Ўйлайманки, бозорда нима мавжуд ва унда нима етишмаётганлигини ҳисоблаш истагининг ўзи етарли эмас. Бу жуда кенг ва умумий вазифа. МХИК тизими ёрдамида биз истеъмол бозори тўғрисида қандай маълумотни олишни хоҳлаймиз, у нима учун керак, деган саволга аниқ жавобга эга бўлиш зарур.

Манфаатдор давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аниқ маълумотга буюртма бўлиши керак. Шунда аниқ вазифаларни белгилаш ва уларни бажаришга киришиш мумкин бўлади. Ҳозир эса бундай тушунча ҳали мавжуд эмаслиги ҳақида таассурот уйғонмоқда. Агар у мавжуд бўлса, демак, МХИКни жорий қилиш бўйича жараён пала-партиш ташкил этилган.

Келинг, яна бир бор МХИК тузилмасини кўриб чиқамиз:

Кўриб турибмизки, у товар тўғрисида маълумот бўйича анча ҳажмли. Бу чексиз имкониятларни очади. Шу билан бирга, бу аниқ таҳлилий маълумотнинг мақсади ва буюртмани аниқ тушуниш қанчалик муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди.

У кам чиқимлар билан ўтиши учун, МХИКни яратиш жараёнини қандай ташкил этиш юзасидан айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашаман:

1. Саноат товарлари бўйича. МХИКни яратиш жараёнидан савдо ташкилотларини чиқариб ташлаш зарур. Улар товар қайси ҳужжатлар бўйича қабул қилинган бўлса, шу ҳужжатларда белгиланган МХИКдан фойдаланишлари керак. Товарлар учун МХИК коди ҳақида ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар қайғуришлари керак. Айнан ўхшаш импорт қилинган товарлар турли хил МХИК олмасликларини tasnif.soliq.uz администраторлари кузатиб боришлари керак.

2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича. Фермерлар ва деҳқонлар томонидан бозорга етказиб бериладиган, бозорда энг талабгир сабзавотлар, мевалар ва бошқа носаноат маҳсулотлари навларини ўрганиб чиқиб, аввалбошдан кодларни марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш зарур.

3. Хизматлар бўйича ҳам кодларни марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш зарур. Бунда МХИКнинг қиймати мазмунга – кўрсатиладиган хизматларнинг (маиший техникани таъмирлаш, омонатлар бўйича банк хизматлари ва ҳ. к.) охирги натижасига асосланиши керак.

4. Умумий овқатланиш бўйича мавжуд МХИК кодлари – энг кам маълумот берувчи ва фойдасиз, деб ҳисоблайман. Агар ҳар бир муассаса ўзининг ҳар бир товар позициясига МХИК берса, ушбу код ҳеч нарсани англатмайдиган бўлади, сабаби ҳар қандай таомни ҳар хил тайёрлаш мумкин. Ҳар бир таомга МХИК кодларини бериш ушбу сабабга кўра – мақсадга мувофиқ эмас. Мен умумий овқатланиш учун ҳам МХИК кодларини марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш керак, деб ҳисоблайман. Улар аҳолининг истаклари, озиқ-овқат маҳсулотларига талабини баҳолаш ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳажмларини аниқлаш нуқтаи назаридан фойдали бўлиши мумкин. Бинобарин, «сумалак», «балиқли шўрвалар», «мол гўштидан иссиқ газаклар» ва бошқалар учун МХИК яратиш шарт эмас. Классификаторда масалан, «сабзавотлар ва ёрмаларсиз қўй қўшти билан иккинчи таомлар», «мол гўштидан тайёрланган хамирли иккинчи таомлар», «гуручли гарнир» ва шу зайлдаги бирор нималар каби позициялар бўлиши керак. Яъни позициялар ҳисоб ва таҳлил учун қимматга эга бўлган шаклда акс эттирилиши керак.

Умуман, МХИК тизимини яратиш – жуда мураккаб, меҳнат талаб қиладиган жараён ва эҳтимол бу – илмий-тадқиқот институтлари учун вазифадир. Балки, шунчаки товарларнинг идентификация рақамлари (штрих-кодлар) ва товарларни рақамли маркировкалашни кенг қўллаш керакдир? Бундай тизимларнинг самарадорлиги жаҳон миқёсида синалган. Товарларни идентификация қилишнинг жаҳонда эътироф этилган ушбу тизимига умид боғлаган ҳолда, ҳеч бўлмаганда, товарлар ва хизматлар идентификацияси учун кодларнинг янги тизимини яратишга эҳтиёж туғилмас деб ўйлайман.

Дарвоқе, 28.04.2021 йилдаги ­249-сон ВМҚнинг 1-бандида МХИКни босқичма-босқич товарларнинг идентификация рақамларига (штрих-кодлар) боғлаш ғояси назарда тутилган. Бундан алал-оқибат ҳар бир штрих-код МХИК тизимида ўз аналогига эга бўлиши лозимлиги келиб чиқадими? Аввалбошдан штрих-кодларни фаолроқ қўллашга ўтган осонроқ эмасми? Улар аллақачон аксарият товарларда мавжуд. Фақат маҳсулотга штрих-кодга эга бўлмаган ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш қолади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 260 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика