Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 36 / Мутахассис тушунтиради

Ижтимоий солиқ қайтарилишини ҳисобга олиш ва ҳисоботда акс эттириш

 

Корхонада 25 ёшгача бўлган ёш мутахассислар ишлайди. Шу сабабли корхона Президентнинг 20.04.2021 йилдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ, уларнинг даромадларидан ҳисоблаб чиқарилган ижтимоий солиқни қайтариш тўғрисида ариза берди. Ижтимоий солиқ давлат бюджетидан қайтарилди.

Ижтимоий солиқ қайтарилишини қандай ҳисобга олиш ва ҳисоботда акс эттириш керак?

 

Масала юзасидан Молия вазирлиги бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ тушунтириш берди.

 

Ижтимоий солиқ қайтарилишининг тартиби

2021 йил 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан корхонага тўлиқ қайтариб берилади (20.04.2021 й. ПФ-6208-сон 1-б. «а» к.б.).

Ушбу тартиб қуйидагилар учун татбиқ этилмайди:

● бюджет ташкилотлари;

● давлат корхоналари;

● давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар.

Ижтимоий солиқ қуйидаги шартларда қайтарилади:

● ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаганда;

● ходим узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширганда (Вақтинчалик низом 5-б., 24.07.2021 й. 460-сон ВМҚга илова).

Масалан, агар 25 ёшдан ошмаган ходим корхонада 2021 йил январь ойидан бошлаб ишлаётган бўлса, 2021 йил июль ойидан бошлаб унинг даромадидан ҳисобланган ва бюджетга тўланган ижтимоий солиқ бюджетдан қайтарилиши мумкин.

Корхона солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза тақдим этади (Вақтинчалик низом 7-б.).

Масалан, май ойи учун ижтимоий солиқни қайтариш тўғрисидаги аризани 15 сентябрдан кечиктирмасдан тақдим этиш мумкин.

Солиқ органи аризани, у келиб тушган санадан бошлаб 5 иш куни мобайнида кўриб чиқади.

Ижтимоий солиқни қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, солиқ органи Молия вазирлиги Ғазначилигига ариза билан бирга хулосани юборади ҳамда бу ҳақда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали корхонани хабардор қилади (Вақтинчалик низом 8, 9-б.).

Ғазначилик ҳужжатларни 3 иш куни давомида кўриб чиқади ва қоплаб бериладиган ижтимоий солиқ суммасини корхонанинг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

 

Агар корхонанинг солиқлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, ижтимоий солиқ суммаси улар тўлалигича бартараф этилгандан сўнг қоплаб берилади (Вақтинчалик низом 12-б.).

 

Ижтимоий солиқнинг қайтарилишини ҳисобда ва фойда солиғи бўйича ҳисоботда акс эттириш

Ижтимоий солиқ суммасини харажатларга киритинг, унинг қайтарилишини эса илгари чегириб ташланган харажатларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромад сифатида акс эттиринг.

Ижтимоий солиқ бўйича харажатлар чегириб ташланадиган харажатлар бўлиб ҳисобланади (СК 305-м.).

Улар Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-сон илованинг 0105-«Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ва ижтимоий солиқ бўйича харажатлар» сатрининг 3-устунида кўрсатилади.

Агар корхона Президентнинг 20.04.2021 йилдаги ПФ-6208-сон Фармони бўйича преференциядан фойдаланса ва ижтимоий солиқни қайтариш учун мурожаат қилса, унда у бюджетдан қайтарилганда, фойда солиғини ҳисоблаш мақсадида қайтарилган суммани жами даромадга киритиш лозим бўлади.

Қайтарилган сумма – бу илгари чегириб ташланган харажатларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромад.

Уларга бошқалар жумласидаги, харажатларнинг ўрнини қоплаш учун давлат бюджетидан олинган маблағларнинг суммалари киради (СК ­301-м. 1-қ. 2-б.).

Олинган компенсация у қайси ҳисобот даврида олинган бўлса, ўша ҳисобот (солиқ) даврининг даромади бўлади (СК 301-м. 2-қ.) Яъни ижтимоий солиқ бўйича харажатларни ва уни қоплаб берилиши бўйича даромадларни тан олишнинг ҳисобот (солиқ) даврлари бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин.

 

Ижтимоий солиқнинг қоплаб берилган суммасини, қоплаб бериш олинган ҳисобот даври учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-сон илованинг 181–188-сатрларидан бирида акс эттиринг.

Шундай қилиб, фойда солиғи бўйича адолатли солиқ базасини шакллантиришга эришилади. Дастлаб, ижтимоий солиқ харажатларга киритилади ва чегириб ташланади, маблағ бюджетдан қайтарилганда эса жами даромадга киритилади.

 

Мисол. Ижтимоий солиқ бўйича харажатларни ва у бўйича қоплаб берилган даромадларни Фойда солиғи ҳисоб-китобида акс эттириш

6 ойдан ортиқ ишлаган, 25 ёшдан ошмаган ходимларнинг даромадларидан ҳисобланган ва тўланган ижтимоий солиқ қуйидагига тенг:

май ойида – 10 000 000 сўм;

июнь ойида – 10 000 000 сўм.

II чорак учун фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланадиган харажатларга 20 000 000 сўмни киритамиз ва уни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0105-сатри 3-устунида акс эттирамиз.

Бюджетдан қайтарилган солиқ:

август ойида – 10 000 000 сўм;

сентябрь ойида – 10 000 000 сўм.

II чорак учун жами даромадда (Ҳисоб-китобга 1-илова) – 20 000 000 сўмни акс эттирамиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг

мазмуни

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Май ойи

 

Май учун ижтимоий солиқ ҳисобланди

 

10 000

 

Харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари (2000, 9400)

 

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

 

Июнь ойи

 

Июнь учун ижтимоий солиқ ҳисобланди

 

10 000

 

Харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари (2000, 9400)

 

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

 

Август ойи

 

Бюджетдан ижтимоий солиқ қайтарилди

 

10 000

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

9390-«Бошқа операцион даромадлар»

 

Сентябрь ойи

 

Бюджетдан ижтимоий солиқ қайтарилди

 

10 000

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

9390-«Бошқа операцион даромадлар»

 

 

 

Ижтимоий солиқнинг қайтарилиши ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида акс эттирилмайди ва ҳисобот даври учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини камайтирмайди.

Прочитано: 603 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика