Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 36 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учуи доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиладиган ҳолатлар рўйхати;

ер участкасини доимий фойдаланишга ажратиш учун материалларни тайёрлаш тартиби;

ер участкаси ажратиш материалларини ваколатли органлар билан келишиш тартиби;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ер участкасини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 27 август

543-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарорига

1-ИЛОВА

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ДОИМИЙ ФОЙДАЛАНИШГА АЖРАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Регламент ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш тартибини белгилайди.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорига мувофиқ давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Ушбу Регламентга мувофиқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳисобланган вазифалар ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилмаган юридик шахслар ёки жисмоний шахслар томонидан бажарилиши белгиланган ҳолларда, ер участкаси фаолият соҳасидан келиб чиқиб, тегишли давлат органи, муассасаси ва корхонасига, бундай ташкилотни аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда эса, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади ва кейинчалик улар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилади.

2. Қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратилмайди.

Агар ажратилиши режалаштирилаётган ер участкаси қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига кирса, аввал ушбу ерларни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида белгиланган тартибда бошқа ер тоифасига ўтказиш масаласи ҳал этилади.

3. Мазкур Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – «YERELEKTRON» ААТ) – ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва унга киритилган ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими;

ер участкаси – ер фондининг қатъий белгиланган чегара, майдон, жойлашув ери, ҳуқуқий режимга ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсифларга эга қисми;

ер участкасини давлат эҳтиёжлари учун бериш – ерларни:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги эҳтиёжлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни, махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобиль йўллари ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизимлари объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистраль қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш бўйича амалга ошириш учун, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда бериш;

ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун бериш – ерларни:

юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бинолар ва иншоотлар, ҳудудларга олиб келувчи автомобиль йўллари ва пиёда йўлакларини;

юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бинолар ва иншоотлар ҳамда ҳудудларда ўтказиладиган муҳандислик-коммуникацияларини;

аҳолини, қишлоқ хўжалиги экинлари ва яшил ўсимликларни сув билан таъминлашга мўлжалланган ариқлар, каналлар, ҳавзалар ва бошқа сув артерияларини;

давлат таълим ва даволаш муассасалари, интернатлар, меҳрибонлик уйларини, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида қуриш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштириладиган майдонлар, шунингдек, дам олиш боғлари, хиёбонлар, дам олиш зоналари, кўллар, сув ҳавзалари, қабристонлар ва бошқа рекреацион объектларни қуриш учун бериш.

4. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун мазкур Регламентга иловага** мувофиқ схема бўйича берилади.

5. Юридик ёки жисмоний шахсларнинг эгалигида, фойдаланишида, ижарасида ёки мулкида бўлган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун фақат ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда улардан олиб қўйилгандан (сотиб олингандан) ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин берилади.

 

2-БОБ. ЕР УЧАСТКАСИНИ АЖРАТИШ МАТЕРИАЛЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ

6. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ажратиш бўйича материаллар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси (кейинги ўринларда – Давлат кадастрлари палатаси) ҳудудий бошқармаси томонидан тайёрланади.

7. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ажратиш бўйича материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «YERELEKTRON» ААТ орқали мазкур Регламентнинг 23-бандида назарда тутилган ваколатли ташкилотлар билан келишилади.

8. Ер участкасини ажратиш бўйича материалларни тай­ёрлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори билан белгиланган ер участкаси ажратилаётган давлат органи, муассасаси, корхонаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – буюртмачи ҳамда Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси томонидан шартнома асосида бажарилади.

9. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қарори билан белгиланган буюртмачи ер участкасини ажратиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига буюртма беради.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртма келиб тушгандан кейин бир иш куни давомида уни тегишли Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига юборади.

11. Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси беш иш куни давомида буюртма асосида шартнома ҳужжатларини тайёрлайди ва буюртмачи билан ер участкаси ажратиш материалларини тайёрлаш юзасидан шартнома тузади.

12. Ер участкасини ажратиш материалларини тайёрлаш учун Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси томонидан Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига сарфланадиган вақтнинг намунавий меъёрларига мувофиқ ҳақ ундирилади.

Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига сарфланадиган вақтнинг намунавий меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланади.

13. Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси буюртмачи билан шартнома тузилгандан кейин йигирма иш куни давомида электрон шаклда ер участкаси ажратиш ҳақида ҳужжатлар йиғмажилдини тайёрлайди ва уни «YERELEKTRON» ААТ орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборади.

14. Ер участкасини ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар йиғмажилдига (кейинги ўринларда – ҳужжатлар йиғмажилди) қуйидагилар илова қилинади:

ер участкаси, жумладан, уларнинг майдони (гектарда), ер участкасининг ер фонди тоифаси, мавжуд мажбуриятлар, қайси мақсадга мўлжалланаётганлиги, зарур ҳолда балл бонитети ва бошқалар ҳақида қисқача маълумот;

ер участкасини топографик харитада (координатали нуқталари билан), ер участкасининг чегаралари ва манзилларини (аҳоли пункти ва кўчалар, кўча бўлмаганда эса – мавжуд объектдан метр ҳисобидаги масофа кўрсатилади) ҳамда ер ости ва ер усти муҳандислик тармоқлари M 1:500 дан M 1:1000 гача катталикда кўрсатилган ҳолда жойлаштириш режаси;

чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема;

ер участкасининг камида икки томондан ўраб турган объектлар билан биргаликдаги фотосурати (15x20 см);

лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баённома лойиҳаси.

15. Ушбу Регламентнинг 14-бандида назарда тутилган барча материаллар мавжуд бўлмаса ёки улар тегишли сифатда (бошқача масштабда, ноаниқ тасвирда) тақдим этилмаса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига келгуси иш кунидан кечиктирмасдан ҳужжатлар йиғмажилдини қайта тайёрлаш учун юборади. Бунда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар кўрсатилади.

Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари кўрсатган барча камчиликларни беш иш кунида бартараф этади ва материалларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «YERELEKTRON» ААТ орқали такроран юборади.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу Регламентнинг 14-бандида назарда тутилган барча материаллар билан бирга ҳужжатлар йиғмажилдини олгандан сўнг уни беш иш куни давомида ўрганади ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) тегишли ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларидан давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун буюртмачига юборади.

Буюртмачи бир иш куни давомида Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларига давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун мурожаат қилади.

Давлат экологик экспертизаси Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан йигирма иш куни давомида қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.

Давлат экологик экспертизаси хулосаси ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Салбий хулосада қонунчиликнинг муайян нормаларига таянган ҳолда, ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади.

Бунда, бошқа ер участкасини ажратиш бўйича материаллар умумий тартибда тайёрланади.

17. Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмасдан хулосани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.

18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан сўнг уни ҳамда ҳужжатлар йиғмажилдини икки иш куни давомида хулоса олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига (кейинги ўринларда – қурилиш бош бошқармаси) юборади.

19. Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси уч иш куни давомида йиғмажилдни кўриб чиқади, ажратиладиган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди ва уни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборади.

Хулосада шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Бунда хулоса ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

20. Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларидан ҳужжатлар йиғмажилдини олгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади ҳамда ўз хулосасини илова қилган ҳолда, ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгашига (кейинги ўринларда – Кенгаш) келишиш учун юборади.

Кенгаш навбатдаги мажлисда ҳужжатлар йиғмажилдини беш иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади ҳамда материалларни электрон рақамли имзосини қўйиш йўли билан келишади.

Келишилган материаллар уч кундан кечиктирмасдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиш учун Кенгаш томонидан қурилиш бош бошқармасига юборилади.

21. Қурилиш бош бошқармаси ўз хулосасини ва Кенгаш томонидан келишилган материалларни «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда бир иш куни давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат шаклида юборилади.

Бунда хулоса ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада қонунчиликнинг муайян нормаларига таянган ҳолда, ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда тегишли ер участкасини бошқа, кўпроқ мос келадиган жойдан ажратиш ҳақида таклиф берилади.

Кенгаш материалларни келишишдан бош тортган тақдирда, қурилиш бош бошқармасига Кенгаш йиғилишининг баённомаси рад этишни асослаган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ нормасини кўрсатган ҳолда, ер участкаси ажратиш жойини кўчириш ҳақидаги таклиф билан юборилади.

22. Қурилиш бош бошқармаси салбий хулоса берган ёки Кенгаш билан келишиш рад этилган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ер участкаси ажратиш материалларини қайта ишлаш, шу жумладан, берилган хулосага мувофиқ ажратиладиган ер участкаси жойлашувини ўзгартириш (келишишни рад этиш сабабларини асослаган ҳолда) ҳуқуқига эга.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки иш куни давомида қурилиш бош бошқармасининг салбий хулосаси ёки Кенгашнинг келишишни рад этиш баён қилинган таклифини кўриб чиқади ҳамда ҳужжатлар йиғмажилдини қурилиш бош бошқармасининг хулосаси ёки Кенгаш йиғилишининг баённомасини илова қилган ҳолда, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига қайта ишлаш учун юборади.

Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси ўн иш куни давомида ер участкаси ажратиш материалларини қайта ишлайди, ҳужжатлар йиғмажилдини шакллантиради ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига такроран юборади.

Бунда янгиланган ер участкасини ажратиш материалларини қайта ишлаш ва тайёрлаш бўйича ишлар учун ҳақ ундирилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳужжатлар йиғмажилдини олгандан кейин бир иш куни давомида уни қурилиш бош бошқармасига мазкур Регламентнинг 19-20-бандларида белгиланган тартибда хулоса олиш ёки Кенгаш келишувини олиш учун такроран юборади.

 

3-БОБ. ЕР УЧАСТКАСИНИ АЖРАТИШ МАТЕРИАЛЛАРИНИ ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАР БИЛАН КЕЛИШИШ ТАРТИБИ

23. Қурилиш бош бошқармасининг ижобий хулосаси ёки Кенгаш билан электрон шаклда келишуви олинган кундан кейин бир иш куни давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йиғмажилдни қуйидаги ваколатли органларга юборади:

а) хулоса олиш учун қуйидаги давлат органлари ва ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати;

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;

«Ўзсувтаъминот» АЖ;

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ;

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ;

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ;

«Ўзтрансгаз» АЖ;

б) келишиш учун:

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармасига – маданий мерос ёдгорликлари муҳофаза қилинадиган зонада жойлашган ер участкалари бўйича;

тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан режим асосида фойдаланадиган ҳамда улардан фойдаланадиган ташкилотга – бўш ер участкалари саноат ерлари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар таркибига кирган ҳудудларда жойлашганда;

Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларига – бўш ер участкалари автомобиль турар жойлари ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир қиладиган бошқа объектлар учун ажратилганда;

Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бош бошқармасига – туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун белгиланган ва туристик рекреацион зоналарда жойлашган ер участкалари бўйича.

Ер участкаларининг жойлашуви уларнинг бош режаларида, шунингдек, батафсил режалаштириш лойиҳаларида белгиланган ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган функционал мақсадига мос келадиган аҳоли пунктларидаги ер участкаларини ажратиш материаллари бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳамда Давлат ёнғин назорати органининг хулосаларини олиш талаб этилмайди.

24. Ваколатли ташкилотлар йиғмажилд келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни давомида йиғмажилдни келишади ёки тегишли хулосалар беради.

25. Ваколатли ташкилотнинг хулосаси «YERELEKTRON» ААТ орқали ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда ёки хулосанинг кўчирилган нусхаси тарзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади.

Бунда ижобий ёки салбий хулоса берилиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик, санитария, табиатни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши ва бошқа фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муайян нормасига таянган ҳолда, бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади.

26. Ер участкасини ажратиш материаллари тегишли ер участкаси бўйича розилик резолюциясини ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш йўли билан «YERELEKTRON» ААТ орқали келишилади.

Келишув ҳеч қандай изоҳлар ва шартларсиз амалга оширилади.

Келишув рад этилган ҳолатда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «YERELEKTRON» ААТ орқали ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклидаги хат ёки хатнинг кўчирилган нусхаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муайян нормасига таянган ҳолда, бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатиб юборилади.

27. Ваколатли орган билан келишилмаганда ёки салбий хулоса олинганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ер участкасини ажратиш материалларини қайта ишлаб, ушбу Регламентга мувофиқ такроран келишиш (улар бўйича хулоса олиш) ҳуқуқига эга.

28. Ваколатли ташкилотлар салбий хулоса берган тақдирда ёки келишувни рад этиш тўғрисида хат йўллаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ваколатли ташкилотларнинг эътирозларидан келиб чиққан ҳолда, уч иш куни давомида ер участкасининг жойлашган жойини ва ер участкасини ажратиш материалларини қайта кўриб чиқиб, ваколатли ташкилотларнинг хулоса ва хатларини илова қилган ҳолда, уларни Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига қайта ишлаш учун юборади.

Бундай ҳолатларда Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси уч иш куни давомида ер участкасини ажратиш материалларини қайта ишлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига такроран юборади.

Бунда ер участкасини ажратиш материалларини қайта ишлаш ва янгиланган материаллар тайёрлаш ишлари учун тўлов ундирилмайди.

29. Ажратиладиган ер участкасининг жойлашган жойи қайта кўриб чиқилгандан сўнг ва қайта ишланган материаллар олингач, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, ер участкасини ажратиш материалларини ушбу Регламентнинг 19-26-бандларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ваколатли ташкилотларга такроран юборади.

Бунда такроран юборилган ер участкасини ажратиш материаллари икки иш кунида кўриб чиқилиши керак.

 

4-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР КЕНГАШИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИКЛАРИ ТОМОНИДАН ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

30. Қурилиш бош бошқармасининг ижобий хулосаси, Кенгашнинг келишуви ва ваколатли ташкилотларнинг ижобий хулосалари ва келишувлари олингандан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими икки кун давомида ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратиш ҳақида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – «E-qaror» тизими орқали қарор қабул қилади.

Ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ижобий хулосаси мавжудлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш ҳақида қарор қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратиш ҳақидаги қарорда қуйидаги масалалар акс эттирилган бўлиши керак:

объектни қуриш шартлари;

берилаётган ер участкасининг умумий майдони, ер турлари (мавжуд бўлган тақдирда), ер эгалари, мулкдорлар, фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича;

ер участкасининг эгалари, мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига қопланиши керак бўлган зарарлар (мавжуд бўлган тақдирда) миқдорлари ва уларни қоплаш муддатлари;

ер участкасини рекультивация қилиш зарурати, ер участкасини олиб қўйилган эгалари, мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига қайтариш шартлари (мавжуд бўлган тақдирда);

тупроқнинг унумдор қатламини олиб ташлаш зарурати (мавжуд бўлган тақдирда);

сув муҳофазаси, экологик, ёнғинга қарши, санитария шартлари ва талаблари (зарурат бўлганда).

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш ҳақидаги қарорига «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» орқали автоматик равишда шакллантириладиган ва қарорнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган электрон харита илова қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳужжатлар йиғмажилдини, ваколатли ташкилотлар хулосалари ва келишуви бўйича материалларни ҳамда ўз қарорини бир иш куни давомида Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига юборади.

Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси белгиланган тартибда ер участкасига кадастр паспортини расмийлаштиради ҳамда «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» орқали икки иш куни давомида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади.

 

5-БОБ. ЕР УЧАСТКАСИНИ БЕРИШ

31. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини доимий фойдаланишга ажратиш ҳақидаги қарори асосида Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси, қурилиш бош бошқармаси ҳамда «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК лойиҳа-қидирув ташкилоти филиали билан биргаликда уч иш куни давомида ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилайди.

Ер участкаси чегараларини жойда (натурада) белгилаш ва участка чегараларини киритган ҳолда ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилаш далолатномасини тайёрлаш ишларини бажариш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч ярим баравари миқдорида ҳақ ундирилади ва тўлов қуйидагича тақсимланади:

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги сумма – Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳисобварағига;

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида – Қурилиш бош бошқармаси ҳисобварағига;

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим баравари миқдорида – «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК лойиҳа-қидирув ташкилоти филиали ҳисобварағига йўналтирилади.

32. Ажратилган ер участкасида қурилишни бошлашга ёки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган бошқа мақсадларда фойдаланишга фақат ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин йўл қўйилади.

 

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

33. Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

34. Ушбу Регламент талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарорига

2-ИЛОВА

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2019 ЙИЛ 16 НОЯБРДАГИ 911-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН ЕР УЧАСТКАЛАРИ ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ ВА ОЛИБ ҚЎЙИЛАЁТГАН ЕР УЧАСТКАСИДА ЖОЙЛАШГАН КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИ МУЛКДОРЛАРИГА КОМПЕНСАЦИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР

1. 42-банддаги «в» кичик банд чиқариб ташлансин.

2. 45-бандда:

а) саккизинчи хатбошидаги «майдони аввалгисига тенг бўлган бошқа ер участкаси» сўзлари «олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлаб» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) тўққизинчи–ўн тўртинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

в) ўн бешинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

 

 

ЎзР ВМнинг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарорига

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛАЁТГАН АЙРИМ ҚАРОРЛАРИ РЎЙХАТИ

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон ва «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 5 апрелдаги ПҚ-4270-сон қарорлари)» 2019 йил 11 июндаги 478-сон қарорига илованинг 4-банди.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5717-сон Фармони)» 2019 йил 9 августдаги 653-сон қарори.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 268-банди.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Сув таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги ­342-сон қарорига илованинг 6-банди.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 19 февралдаги ПФ-5666-сон Фармони)» 2020 йил 6 июлдаги 425-сон қарорига 1-илованинг 16-банди.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 70-банди.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 25 ноябрдаги 747-сон қарорига 2-илованинг 2-банди.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.08.2021 йилдан кучга кирди.

**Регламентга илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 296 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика