Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 36 / Устуворликлар

Кунио Микурия: «Рақамлаштириш савдо жараёнларини осонлаштиради ва жамиятни хатарли савдодан ҳимоя қилади»

 

Жаҳон божхона ташкилотининг Бош котиби Кунио МИКУРИЯ «gazeta.uz» сайтига берган интервьюсида божхона тизимини рақамлаштиришнинг муҳимлиги, божхона тўловларининг инвестиция муҳитига таъсири, божхона соҳаси учун минтақалашув сиёсатининг аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди ҳамда божхона тартиб-таомиллари вақтини қисқартиришда ишни нимадан бошлаш зарурлиги хусусида гапириб берди.

 

Маълумки, Сизнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифингиз 2010 йилда бўлган, 2019 йилдан буён эса яна бир неча маротаба келгансиз. Мамлакат божхона соҳасида қандай ўзгаришларни кўрдингиз?

– Аввало, мамлакатингизни мутақилликнинг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда нафақат божхона, балки мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳаларида ҳам жадал ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бозор ислоҳотларини амалга оширишга қаратилган кучли сиёсий ирода мавжуд, бу ирода божхона соҳасида ҳам кузатилади.

Бу вақт оралиғида чегара божхона постларининг инфратузилмаси яхшиланди, мамлакатда божхона тизимини такомиллаштиришга ҳам инвестициялар киритилмоқда. Хусусан,чегара божхона постларининг фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи Ситуацион марказ ишга туширилган.

Бундан ташқари, бир қатор божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ахборот тақдим этиш ҳисобига иқтисодий операторларга сифатли хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистонда божхона тартиб-таомиллари илғор халқаро стандартлар асосида такомиллашиб бормоқда. Шу билан бирга, ахборот алмашиш учун қўшни мамлакатлар билан ҳам яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқдаки, бу савдо ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга имкон беряпти.

 

– Президент Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунга мисол сифатида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида йиллар давомида ёпиб қўйилган ўтказиш пунктларининг қайта очилганини келтириш мумкин. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни яхшилашга қаратилган сиёсати минтақадаги божхона соҳасига қандай таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисоблайсиз?

– Бу сиёсат Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида яшаётган аҳоли учун иқтисодий имкониятлар эшигини очди. Демак бу жойларда савдо ва экспорт соҳаси ривожланади. Бу, ўз навбатида, Тожикистон божхонаси ва тожик халқи учун ҳам аҳамиятлидир, чунки бунинг натижасида чегаралар орасида аҳоли ва товарларнинг ҳаракатланиши кўпаяди.

Мен, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош постларига ташриф буюрганман. Ташрифим давомида ҳар икки давлат постларининг ҳолати юқори даражада эканлигига ҳамда катта ҳажмдаги савдо операциялари амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлганман. Бу минтақавий интеграцияга замин яратади. Мазкур ҳаракатларнинг замирида эса яхши қўшничилик сиёсати ётади.

Марказий Осиёдаги ана шу улкан ўзгаришлар натижасида бошқа давлатлар ушбу минтақа билан яқиндан савдо ва иқтисодий ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўра бошлади. Ушбу янги сиёсат нафақат Ўзбекистон иқтисодиётига, балки қўшни давлатларга ҳам ижобий таъсир қилди.

 

– Ўзбекистон божхона соҳасида муҳим ҳисобланган иккита халқаро ҳужжат – Kиото ва Истанбул конвенцияларига аъзо бўлди. Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг божхона тизими халқаро стандартлар билан уйғунлашаётганлигини билдирадими?

– Ўзбекистон ана шу халқаро стандартлар асосида ўз чегараларини оча бошлади ва бу иқтисодий операторлар учун муҳим воқеа бўлди. Чунки халқаро стандартларга асосланган транспарентлик ва очиқ-ошкоралик иқтисодий операторлар учун устувор ҳисобланади. Шунинг эвазига улар Ўзбекистон иқтисодиётига кўпроқ жалб этиладиган бўлади.

Ўзбекистоннинг ушбу халқаро ҳужжатларга қўшилиши иқтисодиётнинг локал субъектлари учун ҳам яхши имкониятдир. Аммо, ушбу ҳужжатларга қўшилиш билан бирга, уларни имплементация қилишда бу конвенцияларга мослашиш ҳам керак. Бу эса бир лаҳзада амалга ошадиган иш эмас. Жаҳон божхона ташкилоти Ўзбекистоннинг божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида ушбу халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича ўзининг тавсия ва таклифларини беришга доим тайёр.

 

– Ўзбекистон божхона тизимининг рақамлаштирилишига қандай баҳо берасиз?

– Замонавий божхона тартиб-таомиллари ахборот технологияларидан фойдаланишга асосланган. Ўзбекистон божхонаси ҳам божхона тартиб-таомилларини автоматлаштирмоқда. Биринчи навбатда ушбу жараён иқтисодий операторлар фаолиятининг самарадорлигини оширади. Мазкур жараён ишга туширилмаган тақдирда, барча операциялар тўлиқ инсон омили иштирокида амалга оширилган бўлар эди. Рақамлаштириш туфайли барча тартиб-таомиллар онлайн тарзда, қоғозсиз савдо кўринишида амалга оширилмоқда, яъни ТИФ қатнашчилари божхона органларига келишлари ва ҳужжатларни олиб юришлари талаб қилинмайди.ТИФ қатнашчилари божхона тўловларини онлайн амалга ошириши мумкин. Божхона нуқтаи назаридан қараганда рақамлаштириш савдо жараёнларини осонлаштиради ҳамда жамиятни хатарли савдодан ҳимоя қилади. Яъни хавфни бошқариш тизимининг ўзи мавжуд хавфларни таҳлил қилади ва миллий иқтисодиётни ҳимоя қилишга ва соғлом савдони ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон рақамли божхонаси бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳам боғланган, яъни божхона «Ягона ойда» дастури доирасида ТИФ қатнашчиларига барча ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш имкониятини яратган. ТИФ қатнашчилари зарур ҳужжатларни олиш учун идорама-идора юришлари шарт эмас. Улар «Ягона ойна» божхона ахборот тизимида барча вазирлик ва идораларга зарур ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Бу ҳам рақамлаштиришнинг катта ютуқларидан ҳисобланади.

 

Жаҳон банкининг Doing business рейтингининг «Халқаро савдо» индикаторида Ўзбекистон йилдан-йилга юқорилаб бормоқда. Ушбу рейтингни янада яхшилаш учун қандай чоралар кўриш лозим?

– Бу тадқиқотлар таҳлилий маълумотлар ва ўлчов услубиятига асосланган. Биз денгизга чиқиш (land-locked) имкониятига эга бўлмаган мамлакатлар, айниқса денгизга чиқиш учун иккита давлат орқали ўтиши (double land-locked) керак бўлган Ўзбекистон хусусида Жаҳон банки билан гаплашганмиз. Улар географик хусусиятларни ҳисобга олишлари ва уларга тақдим этилаётган маълумотлар ишончли манбалардан эканлигига, айниқса хусусий сектордан олинган маълумотлар ишончли эканлигига амин бўлишлари керак. Бу масала бўйича биз доим Жаҳон банки билан музокаралар ўтказамиз. Улар хусусий сектордан олаётган маълумотлар иқтисодий операторларнинг тасаввуридан далолат беради. Уларнинг божхона тўғрисидаги тасаввурларини яхшилашимиз керак, бу, албатта, божхона самарадорлигини кўтариш ҳисобига бўлади. Мақсад – улар ҳукумат тузилмалари чоралар кўраётгани ва чегара тартиб-таомиллари мунтазам такомиллашиб бораётганини ҳис қилишлари керак.

Киото конвенциясига қўшилиш хусусий сектор учун яхши рағбат бўлиши мумкин ҳамда эндиликда Ўзбекистон божхонаси халқаро стандартларни жорий этиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Жорий йилда Ўзбекистон божхонаси ЖБТ томонидан қўллаб-қувватланадиган Глобал савдога кўмак бериш дастурига қўшилди. Шу тариқа божхона тизими ва бизнеснинг ҳамкорлигини яхшилаш, шунингдек бизнесни юритиш рейтингини ошириш мумкин бўлади.

 

– Хусусий секторнинг расмий идораларга бўлган ишончини яхшилаш учун нималар қилиш керак? Ёки хусусий сектор олиб борилаётган ислоҳотларга мослашиши керакми?

– Иккиси ҳам зарур. Чегара тартиб-таомиллари фақатгина божхона билан боғлиқ эмас. Бошқа давлат идоралари ҳам бор, уларни ҳам жалб этиш лозим.

Биз сарфланаётган вақтни таҳлил қилишни тавсия қиламиз. Масалан, ҳар бир юкнинг чегарадан чиқиб кетгунча бўлган ҳаракатида идоралар томонидан қанча вақт сарфланмоқда? Ушбу тартиб-таомилларда фақат божхона иштирок этмайди. ТИФ қатнашчилари учун рухсатнома берадиган бошқа идоралар ҳам мавжуд. Шу сабабли вақтнинг беҳуда сарфланишига сабабчи бўлган асосий масъулни белгилаш керак. Бу хусусий сектор, божхона ёки бошқа идора бўлиши ҳам мумкин.

Мавжуд камчилик аниқлангандан сўнг ҳамкорликда иш режаси ишлаб чиқилиши лозим. Мазкур иш режа вақтни қисқартириш учун қандай ҳаракат ва чоралар кўрилиши лозимлигини аниқлаб беради. Ҳаракатларга ўтиш учун сиз тўсқинликларга дуч келмаслик мақсадида яна бир ҳаракатлар режасини тузасиз. Биз мана шуларни тавсия қилмоқдамиз, биз бу жараённи амалда бошлаб бўлдик ҳам.

 

– Божхона расмийлаштируви учун сарфланаётган вақт ва ундирилаётган божхона тўловлари мамлакатдаги инвестиция муҳитига қанчалик таъсир кўрсатади? Бу борада тажрибасини ўрганишга арзийдиган муваффақиятга эришган давлатларни айта оласизми?

– Инвесторлар учун чегара тартиб-таомилларидаги самарадорлик жуда муҳим. Мамлакатингизга кириб келган ҳар қандай инвестор товар ишлаб чиқариши ёки хизматлар кўрсатиши мумкин. Улар материалларининг экспорти ёки импорти учун кўп вақт сарфланаётган бўлса, инвесторда муаммолар юзага келади.

Етказиб беришлар занжирининг самарадорлиги глобал ривожланишнинг асосий калитидир. Шунинг учун чегара тартиб-таомилларининг самарадорлиги инвестиция муҳитига таъсир кўрсатади. Масалани ҳал этишнинг ечимларидан бири – юқорида таъкидлаганимдек, сарфланаётган вақтни қисқартириш.

Бошқа усул – бу божхона ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш. Божхона иқтисодий операторлар қоидаларга риоя қилаётганларини текшириши ва ҳалол, ишончли операторларни эътироф этиши керак. Божхона авторизация қилинган иқтисодий операторлар учун кўпроқ имкониятлар бериши мумкин. Уларнинг қоидаларга риоя қилаётганини кузатиб бориш учун йилда бир марта ёки мунтазам равишда божхона аудитини ўтказиб туриш мумкин.

Бу ҳам глобал миқёсда ривожланишга хизмат кўрсатади.

Африкада биз божхона расмийлаштируви самарадорлигини ошириш учун кўп инвестициялар киритдик. Хусусан, Руанда ва Уганда давлатларида юқорида қайд этилган чоралар ва технологиялардан фойдаланиш эвазига катта ютуқларни қўлга киритдик. Улар Жаҳон банкининг рейтингида ҳам ўз позицияларини яхшилаб олишди. Худди шундай ютуқларга Осиё ва Лотин Америкаси давлатларида ҳам эришдик. Истайманки, Ўзбекистон ана шундай ютуқларга эришган давлатлар қаторидан ўрин олажак.

 

ЖБТнинг минтақалаштириш сиёсатида Ўзбекистон қандай ўрин тутади?

ЖБТ халқаро стандарт ва дастурларни ўрнатади, лекин муҳими, уларни қандай қилиб ҳаётга татбиқ этишда. Кимлар бу стандартларни жорий этади? Минтақавий ёндашув ана шу мақсадда қўлланилади.

ЖБТ унга аъзо далатларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор дастурлар мавжуд. Масалан, Ўзбекистонда минтақавий мақомга эга ҳисобланган Миллий кинология маркази мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистонда биз минтақавий божхона лабораториясини ташкил этмоқдамиз. Мазкур минтақавий марказлар божхона маъмуриятларида улар ахборот алмаша олиши учун кучли божхона минтақавий тармоғини ташкил этишга ёрдам берган бўлар эди. Ушбу минтақавий ташкилотлар етакчи халқаро амалиёт билан таништиради ва ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганади. Лекин ушбу стандартларни қўллашингиз учун сиз мамлакатингизга хос бўлган хусусиятларни, муҳитингизни ҳисобга олишингиз керак. Ислоҳотлар божхона хизматининг ўзи томонидан амалга оширилиши керак.

Минтақавий марказлар минтақа божхоналарининг бирлашиши ва тажриба орттиришига кўмак беради. Марказлар ёрдамида божхона органларининг ходимлари ўз билим ва кўникмаларини мукаммаллаштириб олишлари мумкин. Энг асосийси – халқаро ва илғор амалиётга асосланган тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.

Инсон салоҳиятини ошириш, бу ишни айниқса минтақавий тузилма орқали амалга ошириш ўта муҳимдир. Ўзбекистон божхонаси ҳам ўзининг илғор амалиёти ва тажрибаси юзасидан бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

 

– Ташкилотингиз Ўзбекистон божхона тизимининг инсон ресурслари салоҳиятини яхшилашга қай тарзда ёрдам бермоқда?

– ЖБТ инсон салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бир неча дастурларга эга. Масалан, Корея тараққиёт дастурини олайлик. У кореялик божхоначиларга чет элда ўқиш ва ўз билимларини оширишлари учун ёрдам беради.

Бундан ташқари, ЖБТ Японияда малака ошириш ва қисқа муддатли ўқув-курслар кўринишидаги дастурларни ҳам кенг жорий қилган. Божхона ходимлари, жумладан Ўзбекистон божхона ходимлари ҳам, ушбу дастурларда иштирок этиш учун мунтазам таклиф этилади.

 

– Божхона ислоҳотлари оддий инсон ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

– Божхона, шубҳасиз, мамлакатнинг иқтисодий самарадорлигини оширади, чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш, савдони енгиллаштириш орқали мамлакат иқтисодиётида самарадорликни оширади ҳамда мамлакатда иш ўринлари кенгайишини таъминлайди.

Божхона, шунингдек, хавфсизликни ҳам таъминлайди. Ноқонуний савдо ҳозирги кунда глобал муаммолардан бири саналади. Айнан божхона тизими портловчи моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг чегаралар бўйлаб ноқонуний айланишини бартараф этади.

Божхона фаолияти давлат бюджетига катта таъсир кўрсатади.

Ҳозирги вақтда божхона тартиб-таомилларидан ўтиш учун оддий фуқароларнинг божхоначилар билан муносабатга киришиши шарт эмас. Барча тартиб-таомиллар электрон усулга ўтмоқда.

Энг муҳими, ҳозир Ўзбекистонда сиёсий ирода намоён этилиб, ислоҳотлар қўллаб-қувватланмоқда. Юртингизда оқил одамлар мавжуд ва улар имкониятларини ривожлантиришга қаратилган мақбул сиёсат ҳукмрон. Қолаверса, мамлакатингиз қўшни давлатлар, халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЖБТ билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган.

Сиёсий ирода, инсонлар ва ҳамкорлик (three P’s – political will, people, partnership) – божхона салоҳиятини ошириб боришнинг асосий уч тамойили мана шулардир.

Прочитано: 383 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика