Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 27 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги ­ПҚ-5094-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги ПҚ-5094-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузуридаги вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюролари Кунлик меҳнат марказлари (кейинги ўринларда – Марказлар) сифатида қайта ташкил этилганлиги ва асосий вазифалари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Кунлик меҳнат марказининг намунавий тузилмаси 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Марказлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ой муддатда ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, жойларда давлат-хусусий шериклик асосида белгиланган тартибда Марказларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

Бунда Марказларда иш берувчи ва иш изловчилар учун сall-марказ ташкил этиш, иш изловчиларни иш жойига транспортда олиб бориш ва олиб келиш хизматларини кўрсатиш, уларга ётоқхоналар, меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш ҳамда овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда:

а) икки ой муддатда:

Марказларни жойлаштириш учун мавжуд биноларни туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш;

иш изловчилар вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларга норасмий ёлланадиган (тўпланадиган) жойларни ҳисобга олган ҳолда, Марказларни жойлаштириш ва бино қуриш учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратиш;

б) Марказларда иш изловчилар учун зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратилишини, шу жумладан, овқатланиш шохобчалари ташкил этилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларни бажараётган шахсларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали амалга ошириш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 1 июль

410-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 102 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика