Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 27 / Биз яшайдиган уй

УМШдан ўзини ўзи бошқаришга қандай қилиб ўтиш бўйича 12 маслаҳат

 

ККУни юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда бевосита жойлар мулкдорлари томонидан бошқаришда юзага келадиган муаммолар хусусида биз «Норма маслаҳатчи»нинг 8.06.2021 йилдаги 23-сонида чиққан мавзувий сонимизда гапириб ўтган эдик. Бошқарувнинг мазкур усулига қизиқиш катта бўлаётгани маълум бўлмоқда. Таҳририятимизга бевосита бошқаришнинг турли жиҳатларини тушунтириб беришни сўраб савол бераётганлар кўпайиб қолди. Кўпроқ берилаётган саволларга ечим бўлиши мумкин бўлган 12 та маслаҳатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

1. Иккита ёнма-ён жойлашган уйларнинг УМШ аъзолари йирик ширкат таркибидан чиқишмоқчи, сабаби улар ширкат ишидан норози бўлиб, энди умумий уй мол-мулкини юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда бошқаришмоқчи. Лекин уларга ҳужжатларни беришни рад этишди. Айтишларича, қонун ҳужжатлари қоидалари бузилар эмиш – бошқарувнинг бундай усули фақатгина битта кўп квартирали уй аҳолиси учун мўлжалланган эмиш. Аслида ҳам шундайми?

– Ҳа, тўғри айтишибди. ККУни юридик шахс ташкил этмасдан бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш усулини биттадан кўп бўлмаган жойларнинг мулкдорлари танлаши мумкин («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 24-м.).

 

2. Мулкдорларнинг умумий йиғилишида ўзини ўзи бошқаришга ўтилаётгани ҳақида қарор қабул қилинди. Уй кенгаши аъзоларини сайлаётганда бир қанча киши маҳалла вакилининг номзодини кўрсатди. Модомики биз юридик шахс бўлмас эканмиз, демак, уй кенгашига кимларни киритиш-киритмасликни ўзимиз ҳал қилишимиз мумкин, дейишди. Бу қонун ҳужжатларига зид эмасми?

– Бу уй-жой қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳисобланади. Қонуннинг 24-моддасида кўп квартирали уйнинг кенгаши шу уйнинг мулкдорлари орасидан умумий йиғилишда сайланади.

 

3. Бевосита бошқаришда уй кенгаши қайси муддатга ва қанча киши таркибида сайланади?

– Уй кенгашининг аъзолари сони ушбу уйда мавжуд бўлган кириш йўлаклари, қаватлар, жойлар сони ҳисобга олинган ҳолда умумий йиғилишда камида 3 нафар шахсдан иборат таркибда белгиланади. Уй кенгаши, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, умумий йиғилишда ҳар йили қайтадан сайланиши лозим. Уй кенгаши белгиланган муддатда қабул қилинмаган тақдирда, унинг ваколатлари яна шу муддатга узайтирилади. Ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган тақдирда уй кенгаши муддатидан олдин қайта сайланиши мумкин (Қонуннинг 25-м.).

 

4. Илгари ўзини ўзи бошқаришга ўтиш тўғрисида қарор чиқариш учун жойлар мулкдорларининг 100% овози талаб қилинар эди. Бу бошқарув усулини танлаш имкониятини чеклар эди. Бундай қарорни қабул қилиш учун янги Қонунда қанча овоз назарда тутилган? Овозларни ёзма шаклда бериш ҳам мумкинми?

– Жойларнинг мулкдорлари томонидан ККУни бевосита бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг умумий йиғилишида ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар мулкдор умумий йиғилишда шахсан иштирок эта олмайдиган бўлса, у бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги масала юзасидан умумий йиғилиш ўтказилгунига қадар, йиғилиш ташаббускорига мулкдорнинг мазкур масала бўйича фикрини акс эттирувчи ёзма шаклдаги аризани топшириш йўли билан овоз беришга ҳақли (Қонуннинг 24-м.).

 

5. Ўзини ўзи бошқаришга ўтишда банкда ҳисобрақам очиш керакми?

– Йўқ, керак эмас. Ҳисобрақам юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга очилади. Уйни бевосита жойлар мулкдорлари томонидан бошқариш усулини танлашда юридик шахс ташкил этилмайди.

 

6. Умумий уй мол-мулкига хизмат кўрсатиш қандай амалга оширилади? Унга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ишлари учун шартномани ким тузади?

– Ўз уйига қандай хизмат кўрсатиш масаласини ўзини ўзи бошқарувчилар ўзлари ҳал қилишлари керак: ўз кучлари биланми ёки жисмоний ёки юридик шахсларни жалб этиш орқалими. Уй кенгашининг раиси умумий йиғилишнинг баённомаси асосида умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлашга доир шартномаларни тузади ҳамда жойлар мулкдорларининг номидан умумий мол-мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий муносабатларга киришади. У умумий мол-мулкни сақлаш ва жорий таъмирлаш бўйича кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаларини, умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажаришнинг сифат нормативлари ҳамда даврийлиги бузилганлиги тўғрисидаги далолатномаларни имзолайди (Қонуннинг 26-м.).

 

7. Мулкдорлар жамоаси юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда уйга хизмат кўрсатиш учун бошқарув компанияси билан шартнома туза оладими?

– Мулкдорлар умумий йиғилишининг баённомаси асосида уй кенгаши раиси умумий уй мол-мулкига тўлиқ ёки қисман хизмат кўрсатиш учун БК билан шартнома туза олади (Қонуннинг 26-м.).

 

8. Бевосита бошқарувда қарздорларга мажбурий бадаллар бўйича суд тартибида таъсир кўрсатиш мумкинми?

– Мумкин. Уй кенгаши раиси умумий йиғилишнинг баённомаси асосида умумий мол-мулк ва коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ ишлар бўйича жой мулкдорларининг вакили сифатида судда иштирок этади (Қонуннинг 26-м.).

 

9. Ўзини ўзи бошқарувчилар уйни таъмирлаш учун банкдан кредит олишлари мумкинми?

– Банк кредити юридик шахсга расмийлаштирилади. ККУ бевосита мулкдорлар жамоаси томонидан бошқарилганда юридик шахс ташкил этилмайди, шунинг учун улар банк кредитини ололмайдилар. Лекин ўзини ўзи бошқарувчилар кредит маблағларини БК орқали олишларига имконият яратилган вазиятлар учраган, унда уй кенгаши мулкдорлар номидан БК билан хизмат кўрсатишга шартнома тузган бўлади.

 

10. Бевосита бошқарувга ўтаётганда ширкатдан чиқиш тартиб-таомили қандай расмийлаштирилади?

– Жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишини ўтказиш керак. Йиғилиш баённомасида мулкдорлар кўпчилик овози билан ўзини ўзи бошқаришга ўтиш ҳақида қабул қилинган қарорни ҳар бир овоз берувчининг шахсий имзоси билан акс эттириш лозим.

 

11. УМШ томонидан уйни таъмирлаш учун олинган кредитларга доир масала, ширкат собиқ аъзоларининг мажбурий бадаллари бўйича қарздорликлар қандай ҳал қилинади? Ўзини ўзи бошқарувчиларда ҳисобрақам бўлмаган бир шароитда бу қарздорликларни сўндириш қай тарзда амалга оширилади?

– УМШдан ўзини ўзи бошқаришга ўтаётганда мулкдорлар ваколат берган шахс ва мулкдорлари чиқиб кетаётган ширкатнинг раиси уларнинг уйларини сақлаш учун сарфланган харажатларни келишиб олишлари лозим. Тарафлар УМШ кўрсатилган даврда сарфлаган харажатлар ва ўзининг собиқ аъзоларининг қарздорлиги акс эттирилган битимни тузишлари мумкин. Ана шу ҳисоб-китоблар (агар улар шубҳали эмас, балки ҳақиқий бўлса) ва мулкдорлар томонидан уй кенгаши раисига берилган ваколатлар асосида УМШ билан шартнома тузса бўлади. Шартномага мувофиқ уй кенгаши раиси ширкатнинг ҳисоб-китоб рақамига (банк картасидан) ёхуд нақд шаклда мулкдорлар маблағларини ўтказади, бу маблағлар ширкат томонидан қарздорликни сўндириш сифатида ҳисобга киритилади.

 

12. Уйни юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда бошқарганда коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан муносабатлар қай тартибда йўлга қўйилади?

– Уй-жой-коммунал соҳасидаги ташкилотлар билан хизматлар кўрсатишга доир шартнома жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан тузилади. Бунда учинчи шахслар билан муносабатларда кўп квартирали уйнинг мулкдорлари номидан жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ваколат берган бир ёки бир неча жой мулкдори иштирок этишга ҳақли (Қонуннинг 24-м.).

Кўп хонадонли уй-жойларни бевосита бошқарганда уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши билан вакил қилинган уй-жойларнинг эгалари уйнинг умумий эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар қилиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномаси тузиш ҳуқуқига эга.

Бунда уй-жой мулкдорлари умумий йиғилиши билан вакил қилинган бир ёки бир неча уй-жой мулкдори ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан муносабатларда уй-жой мулкдорлари номидан ҳаракат қилишга ҳақлидир (Қоидаларнинг 90-б., 12.01.2018 йилдаги 22-сон ВМҚга 1-илова).

Кўп квартирали уйда хоналар мулкдорларининг умумий мулки таркибига кирувчи уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг тайёрлигини таъминлаш Ижро этувчига ёки кўп квартирали уйда хоналарнинг мулкдорларига (ушбу уй бевосита бошқарилган тақдирда) юкланади.

Қоидаларда етказиб берувчи билан, шу жумладан ширкат тузилмаган ККУда жойлар мулкдорлари билан, уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари шикастланганлиги ҳолати аниқланганда ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрилигига шубҳа пайдо бўлганда ўзаро муносабатларнинг тартиби белгиланган (Қоидаларнинг 10, 45, 46-бандлари, 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорга 1-илова). 

Прочитано: 243 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика